Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:13

Чироқчилик 150 одам сел оқибатида кўчада қолди


Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани Чиял жамоа хўжалигида 31 май куни ёққан селдан талафот кўрган 150 киши қариндош-уруғиникида яшашга мажбур бўлмоқда. Озодлик манбаларига кўра, Чироқчининг Тоқчи ва Қозоқ маҳаллаларида сел оқибатида жами 50 та уй қулаб тушган.


Қозоқ маҳалласида яшовчи исмини очиқламаётганимиз деҳқон йигитнинг айтишича, шанба куни ёққан селдан уйи қулаб тушган ва уч кундан буён оиласи билан укасининг уйида яшаяпти:

“Молхона, бостирма, сарой, тезакхона, омбор ҳаммаси йиқилиб тушди. Ҳовли-жойларим йиқилиб қолган. Ҳаммасини сел босиб қолган. Ҳозир укамнинг уйида яшаяпман. Қанча зарар кўрганимни ҳисоблаб кўрмадим, 200 та шифер кетган. Ҳамсояларимдан 4-5 тасининг ҳам уйи талафот кўрган. Биттасининг уйи бутунлай қулаб тушган. Ҳамма нарсаси уй тагида қолиб кетган. Бошқа бир ҳамсоямиз уйига киришга қўрқаяпти. Қулаб тушиш хавфи бор. Улар ҳам қариндош-уруғлариникида яшаб турибди. Туман ҳокими, фавқулодда вазиятлар бўлимидан келиб, “ёрдам берамиз”, деб кетишди. Лекин ҳозирча ёрдамдан дарак йўқ”, деди Қозоқ маҳалласида яшовчи йигит.

Тоқчи ва Қозоқ маҳаллаларида шанба кунининг ўзида 21 та уй ёққан кучли сел оқибатида қулаб тушган. Чироқчидаги Озодлик манбасига кўра, сўнгги уч кун ичида сел натижасида сув кирган уйлар бирин-кетин қулаб тушаяпти:

- 50 та турар-жой ер билан текис бўлган. 31 та ҳар турдаги иморатлар йўқ бўлган. 100дан ортиқ уйни сув босган. Уйнинг ичидаги сув кетмаган. Насослар билан чиқаришган. Шунақа бўлса ҳам деворлар йиқилган. Йиқилмаган уйлар ëрилиб кетган¸ киришга қўрқаяпмиз. Шундан бери одамлар кўчада яшаяптида. 150дан ортиқ одам кўчада қолди. Ҳозир кўчада яшашаяпти ҳаммаси. Қариндошbникига кетган кўпчилиги уйларини ташлаб, - деди исмини очиқламаётганимиз чироқчилик манба.

Тоқчи маҳалласида яшовчи ўзини таништирмаган ўқитувчининг айтишича, селдан сўнг уйининг қулаб тушиш хавфи бўлишига қарамасдан, уйда яшаяпти:

“Энди уйда пока яшаб турибмиз. Захлаб кетган. Йиқилиб тушиш хавфи бор. Шунақа бўлса ҳам яшаб турибмиз. Нима қиламиз, қаерга борамиз. Ҳокимлар келиб “Жабрланганларга ëрдам берамиз”, деб кетган. Шундан бери ҳеч қанақа хабар бўлгани йўқ”, деди тоқчилик ўқитувчи.

Чироқчидаги Озодлик манбасига кўра, сел оқибатида аҳолининг чорва моллари ҳам нобуд бўлган:

- Қорамол¸ чорва моллари томнинг тагида қолиб кетган. Ўлган моллар кўп. Уйларни 1 метрлаб сув босган. Ҳозир тиниб, тагида лойи қолган. Битта-иккита уйларда ҳали ҳам сув бор. Одамларга ҳеч нарса қилмаган кундузи бўлгани учун. Чироқчи туманида уйлар пишиқ ғиштдан қурилмайдида. Унга қурби етмайди одамларнинг. Лойдан қуришадида. Шунинг учун шунақа талафот бўлган, - деди чироқчилик манбамиз.

Чироқчи туман ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозимининг айтишича, ҳозирда селдан талафот кўрган аҳолига ёрдам бериш масаласи ўрганилаяпти.

“Туман ҳокими бу борада махсус қарор чиқарган. Шу селдан талафот кўрган ханадонлар бўйича махсус комиcсия тузилган. Улар ҳар бир уйнинг қанча зарар кўрганини аниқлаяпти. Албатта талафот кўрган хонадонларга ёрдам ташкил қилинади”, деган ҳокимлик мулозими селдан кўрилган талафотлар кўламини очиқламади.

30 ва 31 май кунлари Ўзбекистонда ёққан кучли ёмғир ва жала оқибатида Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё каби бир қатор вилоятнинг тоғли ҳудудларида сел келиб, аҳоли талафот кўрди.

Тошкент шаҳрида ҳам 30 май куни ёққан кучли ёмғир натижасида пойтахт кўчаларини сел босди. Тошкентдан олинган хабарларга кўра, автомобиль йўлларида тирбандлик юзага келиб, жамоат транспортининг юриши қийинлашган. Метро станцияларига сув оқиб киргани оқибатида айрим бекатлар ёпилган.
XS
SM
MD
LG