Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:51

Пастдарғомда газ портлашидан бир оила куйиб кетди


Хитой ва Эронда ишлаб чиқарилган газ баллонлари фалокатлар сабаби бўлмоқда.
Хитой ва Эронда ишлаб чиқарилган газ баллонлари фалокатлар сабаби бўлмоқда.

Самарқанд вилояти Пастдарғом туманининг Чандир қишлоғида истиқомат қилган Ҳазратовлар оиласининг уч аъзоси – ота ва унинг икки қизи газ портлашидан нобуд бўлди. Фожиа, Озодлик манбаларига кўра, Хитойда ишлаб чиқарилган маиший газ баллонининг портлаши оқибатида содир бўлган.

Пастдарғом туманининг Чандир қишлоғида истиқомат қилган 51 ёшли Мусурмон Ҳазратов ва унинг қизлари 16 ёшли Лайло ва 22 ёшли Муниса 11 март куни газ баллонининг портлаши оқибатида нобуд бўлди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган пастдарғомлик манбанинг айтишича, овқат пишириш учун уйнинг ичига ўрнатилган газ баллони портлаб кетган:

"Бу воқеа, 11 март куни кечқурун соат етти яримларда содир бўлди. Мусурмон ака оиласи билан уйда бўлган. Хотини Хитойда ишлаб чиқарилган газ баллонида овқат пишираётган экан. Аёл қандайдир бир юмуш билан ташқарига чиққан пайтда уйда портлаш содир бўлган. Уйнинг ичини бир зумда шунақа катта аланга қоплаб олганки, портлаш тўлқини деразаларни уриб синдириб юборган", дейди манба.

Унинг айтишича, қўни-қўшнилар югуриб чиқиб оловни ўчирмоқчи бўлишган, лекин уддалай олмаган:

"Ёнғин жуда катта бўлган. Аёл ҳам болам деб ўзини ичкарига урганда қўлларини куйдириб олган. Уни бир амаллаб ушлаб қолишган. Бугун қизлари ва отасининг жанозаси бўлди. Кўмирдай бўлиб куйиб кетишган экан", деди чандирлик манба.

Пастдарғом тумани ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими шундай воқеа бўлганини тасдиқлади.

Исми сир қолиш шарти билан Озодликка гапирган Самарқанд вилояти газ таъминоти идораси мулозимларидан бири, Хитой ва Эронда ишлаб чиқарилган маиший газ баллонларининг махсус стандарт текширувлардан ўтказилмай аҳолига сотилаётгани боис бундай ҳодисалар Ўзбекистонда кўп содир бўлаëтганини таъкидлади:

"Табиий газ тақчиллиги боис, аҳоли Хитой ва Эронда ишлаб чиқарилган сифатсиз газ баллонларини сотиб олишга мажбур бўлаяпти. Бу қанақа баллон, хавфсизлиги қай даражада, ҳеч ким текшириб кўргани йўқ. Яна бу баллонларнинг шундоқ тепасида овқат пиширилади. Бизнинг содда одамларимиз эса ҳаётини хавф остига қўяётганини билмайди. Бу баллонларни олиб келиб сотаётганлар учун эса одамлар жонининг бир чақачалик қиммати йўқ. Мана шу қиш фаслида бизнинг вилоятда ана шундай баллонларнинг портлаши ва газ сизиб чиқиши натижасида бир неча одам нобуд бўлди. Менимча, махсус текширувдан ўтказилмаган бундай баллонларнинг сотувини бутунлай тақиқлаш керак", деди газ идораси мулозими.

Биргина февраль ойида Самарқанд вилоятида Хитой ва Эронда ишлаб чиқарилган газ баллонларидан сизиб чиққан газдан ва ис газидан заҳарланиб нобуд бўлишнинг икки ҳолати қайд этилди.

13 февраль куни булунғурлик Шарофат Бегимқулова Россияда ишлаб, уйига қайтган куни кечаси ис газидан заҳарланиб, нобуд бўлди. У билан бирга яқинда унаштирилган 19 ёшли қизи ҳам ҳаётдан кўз юмди. Расмийларга кўра, она ва бола уй ичига ўрнатилган Эронда ишлаб чиқарилган "хатанча" деб аталадиган печкадан сизган ис газидан заҳарланган.

Бундан ўн кун аввал эса Самарқанд вилояти Иштихон туманининг Файзобод қишлоғида истиқомат қилган ёш келин-куёв никоҳ тўйидан икки кун ўтганидан сўнг ис газидан заҳарланиб вафот этган эди. Маҳалла фаолининг айтишича, ёшлар уй ичига ўрнатилган Хитойда ишлаб чиқарилган газ печкасидан чиққан исдан заҳарланган.

Ўзбекистон бозорларида сотилаëтган асосий импорт маҳсулотларини Абу Сахий ширкатига қарашли карго хизматлари олиб келмоқда ва Озодликка мурожаат қилган тадбиркорлар бу молларнинг Ўзбекистон ҳудудига кирар экан¸ қонунда кўзда тутилган божхона ва бошқа тегишли текширувлардан ўтмаëтганини билдирдилар.

Ўзбек бозорининг асосий таъминотчисига айланган Абу Сахий эса¸ президент Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова ва унинг эри Тимур Тилалевга қарашли экани айтилади.

XS
SM
MD
LG