Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:19

Қирғизистонда ҳибсхона нозирларини ўлдириб қочганлар қидирилмоқда


Чуйдаги 50-тергов изоляторидан қочган маҳбуслар.
Чуйдаги 50-тергов изоляторидан қочган маҳбуслар.

12 октябрга ўтар кечаси Чуй вилоятининг Қуйи Наврўз қишлоғида жойлашган 50-тергов ҳибсхонасидан 9 киши қочиб кетган. Қочаётганларни тўхтатиб қолмоқчи бўлган Жазони ўташ давлат хизматининг уч ходими ўлдирилган, яна бири оғир яраланган.

Бу ҳақда маълумот тарқатган Жазони ўташ давлат хизмати матбуот хизматига кўра, қочиш чоғида маҳбуслардан бири соқчи томонидан ярадор қилинган.

ЖЎДХ матбуот котиби Александр Никсдорф ҳодиса пайтида 50-тергов ҳибсхонасида ишлайдиган майор (Таалайбек Ўмурзақов), старшина (Фархат Ўрўзбек ўғли) ва прапоршчик (Туратбек Садибақасов) ҳалок бўлгани, яраланган подполковник Тилек Абулғазиевнинг эса аҳволи оғирлигини билдирди.

Ҳибсхонадан қочганларни тутиш учун тезкор режа амалга оширилмоқда

Қирғизистон Ички ишлар вазирлигидан хабар қилишларича, ЖЎДХ ходими ҳибсхонадан қочганлар ва улар томонидан ўғирлаб кетилган автомашина русуми ҳақида маълумот берган.

ИИВ маълумотларига кўра, тунги соат 1 ларда Ленинск қишлоғида Йўл-патрул хизмати ходимлари жиноятчилар томонидан олиб қочилганга ўхшаш “Тойота-Эстима” русумли автомашинани тўхтатишга уринганлар. Бироқ ҳайдовчи милиция ходимлари талабига бўйсунмай, кўздан ғойиб бўлишга уринган.

Қирғизистонда ҳибсхона нозирларини ўлдириб қочганлар қидирилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:56 0:00
Бевосита линк

ЙПХ ходимлари огоҳлантириш мақсадида икки марта ҳавога ўқ узганлар, бироқ ҳайдовчи йўлида давом этган. Сўнгра милиция ходимлари машина ғилдиракларига қарата ўқ узганлар. Шундан сўнг машина тўхтаган. Автомашина тўхтаганидан кейин салонда бўлган 8-9 киши ҳар томонга тирқираб қочган. Милиция ходимлари уларнинг беш нафарини тутишга муваффақ бўлганлар.

Қўлга олинганлар тинтилганида уларнинг ёнидан тиғли матоҳлар чиққан.

Қочиш ҳодисаси бўйича жиноят иши очилди

Ҳибсхонадан қочиш ҳодисаси бўйича ҳозирда жиноят иши очилган, комиссия тузилган, хизмат текшируви бошланган, маҳбусларни қўлга олиш бўйича барча зарур чоралар кўрилмоқда.

Қирғизистон бош вазири Темир Сариев ЖЎДХ раҳбаридан тортиб оддий соқчигача маҳбусларнинг қочишига йўл қўйган барча ходимларнинг жавобгарлигини ўрганиб чиқишни топширган. Бундан ташқари, Бишкекдаги барча стратегик объектларни алоҳида назорат остига олиш топширилган.

ЖЎДХ маълумотига кўра, ҳибсхонадан қочганларнинг икки нафари умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганлардир, яна иккисининг иши терговда бўлган. Уларнинг ҳаммаси диний экстремизм ва террорчиликка алоқадор моддаларга биноан жавобгарликка тортилган шахслар бўлган.

Жазони ўташ давлат хизмати матбуот котиби Александр Никсдорф 50-тергов ҳибсхонасидан қочганлар “Жайшул Маҳдий” террор ташкилоти аъзолари бўлганини маълум қилди.

- Улар бир неча йил олдин қатор террорчилик хуружларини уюштирганликда айбланиб, қўлга олинганди. Қочганлардан уч нафарининг “Жайшул Маҳдий” террор ташкилотига алоқадорлиги исботланган, - деган Никсдорф қочиш қай ҳолатда амалга оширилганини тергов манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ҳозирча очиқлаёлмаслигини қўшимча қилди.

Маълумотларга кўра, тунда ҳибсхонадан қочган Алтинбек Итибаев (1977 йилда туғилган), Эдил Абдрахманов (1986 й.т.),Азамат Мусуралиев (1987 й.т.) ва Данияр Қадиралиев (1976 й.т.) ҳозир милиция томонидан қидирилмоқда.

Бу орада Қирғизистондаги zanoza.kg сайтида тунда 50-тергов ҳибсхонасидан қочган маҳбуслар камераларни ўзлари очиб, шерикларини озод қилганига оид хабар пайдо бўлди. Уларга ҳибсхона ходимларидан бири кўмаклашгани тахмин этилаяпти. Шунингдек, ҳодиса содир бўлган пайтда ҳибсхонадаги кузатув камералари ишламагани ҳам хабар қилинмоқда.

Қозоғистон нашрларининг мамлакат Миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара хизмати маълумотларига таянган ҳолда ёзишича, Қирғизистондаги ҳибсхонадан маҳбуслар қочганидан сўнг Қозоғистон чегарасини қўриқлаш кучайтирилган.

XS
SM
MD
LG