Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:09

Москвада "Доцент" ҳайкалини ўғирлаб кетган 5 ўзбек ушланди


"Доцент" ҳайкалини ўғирлашда гумон қилинган беш ўзбекистонлик
"Доцент" ҳайкалини ўғирлашда гумон қилинган беш ўзбекистонлик

Москвада таниқли рус актёри Евгений Леонов яратган образ учун ўрнатилган бронза ҳайкал ўғрилари ушланди.

Россия Ички ишлар вазирлигининг Москва бошқармасига кўра, “Омадли жентлменлар” филмидаги "Доцент" образи учун ўрнатилган ҳайкални беш нафар ўзбекистонлик ўмариб кетган.

Бешовлонга нисбатан ҳозирда Россия жиноят кодексининг "ўғирлик" банди бўйича жиноий иш очилган.

Россия Ички ишлар вазирлигининг Москва бошқармаси расмийларига кўра, дастлабки тергов чоғида беш Ўзбекистон фуқароси Евгений Леонов шарафига ўрнатилган ҳайкалнинг меъморий қийматини билмаганликларини айтган.

Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек, "Омадли жентлменлар" фильмида "Доцент" образини яратган таниқли Совет актёри ҳақида ҳам маълумотга эга эмасликларини маълум қилганлар.

16 октябрга ўтар кечаси Москвада "Доцент" ҳайкалининг ўғирлаб кетилгани ҳақидаги хабар Россия матбуоти ва ижтимоий медиада шов-шувларни уйғотди.

Аммо кўп ўтмай интернетда ҳайкални юк машинасига ортиб кетилаётгани тасвирланган видео тасвир пайдо бўлди.

​Ички ишлар идорасига кўра, милиция ходимлари тезкор қидирув натижасида ҳайкал ўғриларини ушлашга муваффақ бўлганлар.

Ҳайкал ўғрилари бу орада ҳайкални арралаб, 39 минг рублга пуллашга улгурганликлари айтилади.

Аввалроқ Россия Ички ишлар вазирлиги, кўрилган зарар миқдори 160 минг рублни ташкил қилиши ҳақида маълумот берганди.

Москва Ички Ишлар идораси рангли метални сотиб олганлар ҳам ушланганини билдирди.

Уларга нисбатан алоҳида жиноий иш очилиши хабар қилинган.

Россия театри ва киносининг афсонавий актёри Евгений Леонов шарафига яратилган ҳайкал 2001 йилда Москвадаги кино юлдузлари хиёбонида ўрнатилган эди.

"Омадли жентлменлар" Совет даврида суратга олинган энг оммабоб комедия фильмлари сирасига киради.

1971 йилда суратга олинган ушбу фильмни бир йил ичида 65 миллиондан кўпроқ одам томоша қилган.

XS
SM
MD
LG