Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:11

Ўзбекистон фойдаланиб келган 12 объект Қирғизистон ихтиёрига ўтказилди


Ўзбекистоннинг Қирғизистон ҳудудидаги объектларидан бири.
Ўзбекистоннинг Қирғизистон ҳудудидаги объектларидан бири.

Бу ҳақда 3 май куни Қирғизистон ҳукуматининг чегараларни аниқлаш бўйича мутасаддиси Курбанбай Искандаров маълум қилди. Унинг билдиришича, мазкур объектлар орасида Ўзбекистон фойдаланиб келган нефть қудуқлари, газ омборлари ва сув заҳиралари бор.

Қирғизистон ҳукуматининг чегараларни аниқлаш бўйича мутасаддаси Курбанбай Искандаров 3 май куни Ўзбекистон фойдаланиб келган 20 объектадан 12 таси тўлиғича Қирғизистон ихтиёрига ўтказилганини маълум қилди.

Қирғиз расмийсининг билдиришича, бугунги кунда Иссиқкўлдаги Ўзбекистонга қарашли тўрт пансионатни Қирғизистон ихтиёрига ўтказиш бўйича ишлар олиб борилаяпти.

Март ойининг охирларида Курбанбай Искандаров “Ўртатўқай” (Ўзбекистонда Косонсой, деб аталади) ва Каркидон сув омборлари, Катта Наманган, Чуст, Норин, Сўх-Шохимардон, Лаган, Савай каналларини Ўзбекистон ихтиёридан Қирғизистонга қайтариш бўйича ишлар бошланганини билдирган эди.

Расмийнинг билдиришича, бу каналлардан Шўролар даврида ҳам, мустақилликдан кейин ҳам Ўзбекистон фойдаланиб келган, лекин бу объектлар жойлашган ҳудудлар Қирғизистон ерлари ҳисобланади.

-Ўзбекистон бу ерларнинг барчасини Шўролар даврида вақтинча фойдаланиш учун сўраб олган эди. Бу борадаги барча ҳужжатлар бизда мавжуд. Ўзбекистон Бурганди массивидаги газ омбори ва тўртта нефть чиқадиган қудуқни ўтказиб берди, - деди Курбанбай Искандаров.

Қирғиз расмийсидан Ўзбекистон фойдаланиб келган сув заҳираларидан қайсилари бугунги кунга келиб Қирғизистон ихтиёрига ўтказилгани ҳақида аниқ маълумотларни олиш имконияти бўлмади.

Айни пайтда Ўзбекистон сув билан боғлиқ объектларнинг ўзига тегишли экани тўғрисидаги ҳужжатлар мавжуд эканини билдирган. Тошкент, айниқса, “Косонсой” ва “Кампиробод” сув омборлари Ўзбекистонга тегишли эканини, бу объектлар тўлиғича Тошкент ихтиёрига ўтказилиши шартлигини талаб қилиб келади. “Косонсой” ва “Кампиробод” сув омборлари Фарғона водийсидаги экин майдонларини сув билан таъминловчи асосий заҳира ҳисобланади.

Курбанбай Искандаров қирғиз томони Ўзбекистоннинг бундай талабини асоссиз, деб ҳисоблашини билдирди.

-1992 йилги шартнома асосида бу объектлар аллақачон бизга ўтиши шарт эди. Ўзбекистон президенти 1992 йилги шартномада бу объектлар Қирғизистонники эканини тан олган ва имзолаган, Ўзбекистон парламенти эса бу шартномани ратификация қилиб берган, -деди Курбанбай Искандаров.

Қирғизистон Ўзбекистон томонидан фойдаланиб келинган 16 объектни Бишкек ихтиёрига ўтказиш учун 2001 йилдан бери ҳаракат қилиб келади. Фақат жорий йилда Бишкек расмийлари 16 объектдан 12 тасини Қирғизистон номига ҳужжатлаштиришга муваффақ бўлган. Қолган объектлар, айниқса, “Косонсой” ва “Кампиробод” сув омборлари ҳалигача икки давлат ўртасида баҳсли бўлиб қолмоқда.

Жорий йилнинг 4 апрелида эса Қирғизистон Бош вазири Иссиқкўлдаги Ўзбекистонга тегишли 4 пансионатни Бишкек ихтиёрига ўтказиш тўғрисидаги қарорни имзолаган. Бугунги кунда пансионатларни Қирғизистон номига ҳужжатлаштириш ишлари давом этмоқда.

Қирғизистон ҳукумати Тошкент томонидан қурилган ва Ўзбекистон фойдаланиб келган объектларга товон пули тўланмаслиги ҳақида баёнот берган.

XS
SM
MD
LG