Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:42

Чинозда пахтага кам одам чиқарган поликлиника мудири ишдан олинди


Тошкент вилоятининг Чиноз туманидаги Кўп тармоқли поликлиника бош врачи пахта теримига кам шифокор чиқаргани учун ишдан олинган. Гувоҳларнинг Озодликка айтишича, туман ҳокими Маҳмуд Эшонов пахта теримига оид йиғилишда поликлиника бош врачи Бахтиёр Довурбоевни "пахта режасини бажармаётгани учун" ҳақоратлаб, ишдан ўз ихтиёри билан бўшаш ҳақида ариза ёздириб олган.

Чиноз туманидаги Кўп тармоқли поликлиника бош врачи Бохтиёр Довурбоев пахта теримига оид йиғилишда ҳоким томонидан ишдан бўшатилгани ҳақида шу поликлиниканинг исми сир қолишини истаган ходимларидан бири Озодликка хабар берди:

“Маҳмуд Эшонов жаноби олийлари 29 сентябрь куни ҳокимиятда бўлган кечки штаб мажлисида туман кўп тармоқли марказий поликлиника бош врачи Бахтиёр Довурбоевни пахта режасини бажармаётгани учун қақшатгич ҳақоратли сўзлар билан сўкиб, ишдан бўшаш ҳақидаги аризасини олди. Шўрлик яхши врач эди”, - деб ёзди чинозлик шифокор.

Чиноздаги Кўп тармоқли поликлиника ходимаси Озодлик билан бўлган телефон суҳбатида Бахтиёр Довурбоевнинг айнан пахтага етарли одам чиқармагани учун бўшатилганини тасдиқлади.

- Бугун тўсатдан келди, столини устини йиғиштиряпти. “Нима бўлди”, десак, кеча пахта бўйича ҳокимдан гап эшитган экан, “кетяпман” деди. Қўйинг кетманг, икки ой қолди (пахта терими тугашига), оғирроқ бўлинг, десам, “опа кўпчиликни ичида шунчалар ҳақорат қилди, мен чидай олмайман бунга,” деди. Ҳокимни ҳақоратидан кўнгли оғриган экан. Лекин, гапни очиғи, юз килолаб пахта терамиз. Ҳозир бутун коллективимиз шокдамиз. Жуда малакали врач пахта сабаб лавозимидан бўшатиляпти, ҳақсизлик бўляпти, - деди Озодлик билан суҳбатда Чиноз туманидаги Кўп тармоқли поликлиниканинг ходими.

Озодлик Бахтиёр Довурбоевнинг ўзига ҳам телефон қилди. Лекин Довурбоев ўз лавозимидан нима сабаб бўшатилгани ҳақида гапиришни истамади.

Чиноз тумани Соғлиқни сақлаш бўлими мудираси Бўстоной Бабанова эса Озодлик билан суҳбатда Бахтиёр Довурбоевнинг Кўп тармоқли поликлиника бош врачи лавозимидан “ўз аризасига кўра” бўшаганини айтди.

Бабанованинг айтишича, бош врачнинг лавозимидан кетишига биргина пахта терими сабаб бўлгани йўқ.

- Фақат пахта учун олинмади. Ишни қотириб қўйган одамни пахта билан бўшатиб бўлмайди. Селекторда одамларингиз қани, деб сўралади-да. Ишда йўқ, пахтада йўқ, одамларингиз қаерда? Одамларингизни топинг, деган савол бўлган. Жавоб беролмаган. Шунинг учун ҳокимдан гап эшитган. Бизда ҳеч кимни пахта теришга мажбурламайди. Пахта терсак, ўзимизники-ку. Пахта сабаб ҳам ҳеч ким бўшатилмайди, - деди Бўстоной Бабанова.

Чиноз Соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғи Бўстоной Бабанова билан суҳбат.
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:29 0:00
Бевосита линк

Озодликка исми сир қолиши шарти билан ёзма шикоят қилган чинозликлардан бирининг иддао қилишича, пахта режасини бажармаган отряд ва ташкилот раҳбарлари ҳокимни буйруғи билан Чиноз тумани ИИБсига қарашли итхонада эрталабгача қамаб қўйилмоқда.

“Чиноз ҳокими Эшонов, ИИБси бошлиғи ва прокурори билан бирга 1937 йилги қатағон давридагидек ҳеч бир қонунда пахта терим мажбурийлиги бўлмаса-да, мана уч кундирки, берилган режани бажармаган отряд раҳбарлари ва ташкилот раҳбарларини Чиноз тумани ИИБсига қарашли итхонада эрталабгача қамаб қўймоқда. Бу нима дегани? Мирзиёевни қатағони бошланди деганими? Каримов тириклигида бундан юмшоқроқ эди”, - деб ёзди чинозликлардан бири Озодликка.

Лекин, Чиноз Ички ишлар бошқармасидагилар ҳам, Чиноз тумани ҳокимиятидагилар ҳам, бу иддаони кескин рад этишди.

Озодлик Чиноз тумани ҳокими Маҳмуд Эшоновни ўзи билан боғланишга ҳаракат қилди.

Унинг ёрдамчиси ҳоким далага чиқиб кетганини айтди.

Ўзбекистонда пахтага етарли сонда одам чиқармагани учун бюджет ташкилотлари раҳбарларининг ишдан олиниши ҳоллари авваллари ҳам кузатилган.

Икки йил бурун Қашқадарё вилоятининг Қамаши тумани халқ таълими бўлими мудири пахтага кам одам чиқаргани учун лавозимидан олингани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Ўзбекистон касаба уюшмаси федерациясининг "Пахта йиғим-теримида қатнашиш мажбурий эмас, ихтиёрий ҳисобланади", деган баёноти оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган.

Пахта йиғим-теримига боғлиқ барча саволлар бўйича +998 71 200−06−01 рақамли ишонч телефонларига қўнғироқ қилиш мумкинлиги ҳам қўшимча қилинган.

Ҳюман Райтс Уотч халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ўзбекистон ҳукумати ўтган йилги пахта мавсумида бир миллиондан ортиқ фуқаросини, жумладан ўқитувчи, шифокор ва ҳамшираларни оғир шароитда пахта теришга мажбур қилгани ҳақда ўз ҳисоботида таъкидлаган эди.

XS
SM
MD
LG