Линклар

Ҳиндистонлик олимлар генетик модификацияланган, яъни ген хужайралари ўзгартирилган пахтанинг янги навини кашф этишди. Бу кашфиёт ғўзанинг гул, шона ва кўсакларини ғажувчи ва шу билан пахта хосилдорлигига зиён етказувчи оқ қанотли зараркунандаларга қарши курашда муҳим ютуқ сифатида кўрилмоқда.

Nature Biotechnology нашрига кўра, ҳиндистонлик олимларни ген хужайралари ўзгартирилган пахтанинг кўсак қуртига чидамли бўлган навини яратишга папоротниклар илҳомлантирган.

Йирик патсимон папоротниклар зараркунанда ҳашоратларга анча чидамли ўсимлик ҳисобланади.

Папоротниклар таркибидаги оқсил уни ҳашоратлардан ҳимоялайди.

Ҳиндистондаги бир қанча илмий муассасаларнинг олимлари яратган пахта нави ўзида папоротникникига ўхшаш оқсил ишлаб чиқаради.

Кўсак қурти эса таркибида бундай оқсил бўлган пахта навига тушмайди.

Ген хужайралари ўзгартирилган пахта навининг яна бир жиҳати у бошқа ҳашоратлар учун зарарли эмаслигидир. Олимлар бундай пахта нави табиатга зиён етказмайди, демоқда.

Генетик модификацияланган ўсимликлар хавфсизлиги аксарият давлатларда биохавфсизлик учун масъул бўлган идоралар томонидан назорат қилинади.

Айрим мутахассислар, генетик модификацияланган ўсимликлардан тайёрланган маҳсулотлар инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга зарарли эканини таъкидлаб келадилар.

Кўсак қуртлари Ўзбекистонда ҳам кўп тарқалган зараркунандадир.

Мамлакатда пахта ҳосилининг 20—30 фоизи, айрим хўжаликларда эса 70 фоизи айнан кўсак қурти туфайли нобуд бўлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG