Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:36

Андижонда ҳайдовчилар пахта териш ва ҳашарчиларни ташишга мажбурланмоқда


Андижонлик ҳайдовчиларнинг Озодликка маълум қилишларича. айни вилоят автомобил йўлларида милиция ходимлари йўлдан ўтаётган машиналарни тўхтатиб, ҳайдовчиларни пахта теришга ёки ҳашарчиларни ташишга мажбур қилмоқда. Андижон Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси мулозими Озодлик билан суҳбатда Damas ҳайдовчиларидан ҳашарчиларни ташиш сўралаётган бўлиши мумкинлигини тасдиқлади, лекин ҳайдовчилар пахта теришга мажбурланаётганини рад қилди.

Андижоннинг Избоскан туманида истиқомат қилувчи ҳайдовчининг Озодликка айтишича, милиция ходимлари йўлларда шофëрларни тўхтатиб, пахта тердиряпти.

-Техпаспортини олиб пахта тердираяпти. “5 кило териб берасан ёки шунча кило пахта терадиган мардикорни пулини берасан, кейин кетасан” дейди. Йўл қоидасини бузганларга ҳозир шундай штраф экан бу, - деди избосканлик ҳайдовчи.

Андижонлик яна бир ҳайдовчи ҳам бу ҳолатни тасдиқлади.

-Ҳайдовчиларни йўлда тўхтатиб, мажбурий пахтага чиқараётган холатлар бўляпти, - деди у.

Ҳайдовчи ўз сўзларига исбот тарзида Озодликка фотосуратларни ҳам йўллади.

Кичик машина ҳайдовчилари пахта теришга, “Damas” ҳайдовчилари эса ҳашарчиларни ташишга мажбурланмоқда.
Кичик машина ҳайдовчилари пахта теришга, “Damas” ҳайдовчилари эса ҳашарчиларни ташишга мажбурланмоқда.

Андижонлик бошқа бир ҳайдовчи эса мини автобусларда киракашлик қилаётганлар ҳашарчиларни бепул ташишга мажбурланаётганини айтди.

- Буни мен гувоҳи бўлдим, катта машиналарни ҳам тўсяпти. Damas машиналарини тўхтатади, ГАИ техпаспортини олади, “мана бу ҳашарчиларни ташлаб кел”, дейди. Ташимайман, деса айб топади, машинасини олиб кириб қўяди. Барибир айб топади-да. Шуни ҳисобига қўрқиб, бир рейс қилиб келсак, қилибмиз-да дейди, - деб айтади ҳайдовчи.

Андижон Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси мулозими Озодлик билан суҳбатда киракашлардан ҳашарчиларни ташиш сўралаётган бўлиши мумкинлигини тасдиқлади, лекин ҳайдовчилар пахта теришга мажбурланаётганини рад қилди.

- Ҳайдовчиларни пахта тердиришга ҳеч қанақа буйруқ йўқ бизда. Бўлиши мумкин, Дамас-памас ҳайдовчиларидан ҳашарчиларни олиб бориб қўйинг, деган бўлиши мумкин. Лекин, ҳайдовчиларни ҳеч ким пахтага мажбурламайди, - деди Андижон Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси мулозими.

Ўзбекистон ҳукумати "пахта йиғим-теримида қатнашиш мажбурий эмас, ихтиёрий ҳисобланади", дея баёнот берган.

Аммо, пахта теримини кузатаётган фаоллар бу йил ҳам бюджет ходимларидан тортиб талабалар ва коллеж ўқувчилари пахтага олиб чиқилганини айтишади.

XS
SM
MD
LG