Линклар

Самарқандлик Терговчи Аёл: Паспортимни бекор қилишганига 5 йил бўлди!


Ўзбекистон ватандошлигидан маҳрум қилинган милиция капитани, собиқ терговчи Хуршида Жалилованинг хизмат гувоҳномаси.

Ўзбекистон ватандошлигидан маҳрум қилинган милиция капитани, собиқ терговчи Хуршида Жалилованинг хизмат гувоҳномаси.

Курашишга кучим қолмади. Илтимос, оиламга ёрдам беринг!” Бу хитоб билан тугайдиган хат куни кеча Озодликка Самарқанд шаҳар ички ишлар бошқармаси Тергов бўлимида катта терговчи бўлиб ишлаган милиция капитани Хуршида Жалиловадан келди.

5 йил муқаддам Ўзбекистон ватандошлигидан маҳрум қилинган, ҳатто “фуқаролиги йўқ шахс” мақомини ҳам ололмаётган олий маълумотли юрист аёл Озодликка қилган шикояти мамлакат президентига етишига умид қилмоқда.

Пенсияга чиқишига 1 йил қолганида ватандошликдан маҳрум қилинган Хуршида Жалилованинг айтишича, мана 5 йилдан буён у на пенсия олади, на бирон жойда ишлай олади. "Ўғилларимни ҳам паспорти йўқлиги учун ҳеч қаерга ишга олишмайди, уларни ҳатто уйлантира олмаяпман", деди у.

Қуйида самарқандлик собиқ терговчи аёл билан ўтказилган суҳбатни тинглашингиз мумкин. Унгача эса, унинг Озодлик айтиб берганларининг мухтасар мазмуни:

Хуршида Жалилова 52 ёшда. Самарқандда туғилган. Самарқандда икки марта олий маълумот олган: 1987 да Тарих факультетини, 2000 да Ҳуқуқшунослик факультетини тугатган.

Турмушни Самарқандда қурган. Эри билан никоҳи 1986 да Самарқанд шаҳрида қайд этилган.

Шу кунда бири 29, иккинчиси 28 га кирган ўғиллари Самарқандда туғилган.

Марҳум эри ҳам Ўзбекистонда Наманганда туғилиб ўсган; мактабни, олий ўқув юртини Ўзбекистонда тугатган. Ўлимидан олдин Наманганга қайтиб, вилоят ички ишларида ишлаган.

Шундай қилиб, Хуршида Жалилованинг ўзи, унинг марҳум эри, ўғиллари, шубҳасиз, ўзбекистонлик.

2011 йилгача бу тан олинди ҳам: Жалилованинг ўзида ҳам, ўғилларида ҳам муқовасига “Ўзбекистон фуқароси”, деб ёзилган паспорт бор эди.

Ўша паспорт мана 5 йилдан бери йўқ

Милиция капитани, Самарқанд шаҳар ички ишлар бошқармаси Тергов бўлими катта терговчиси Хуршида Жалилованинг кўргиликлари 2011 йили, у аттестациядан ўтиб, унга навбатдаги унвон – майор унвонини бериш учун ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнида бошланди.

Ҳужжатларни расмийлаштириш билан шуғулланган Ички ишлар вазирлиги мулозимлари негадир Хуршида Жалилованинг хизмат йўлини ўрганишни бошлайди ва “Ўзбекистон фуқаролиги тўғрисида”ги қонун қабул қилинган вақт – 1992 йилнинг ёзида Жалилова Ўзбекистонда бўлмаганини аниқлайди.

Қаерда эди Хуршида Жалилова?

Қирғизистонда эди. Хуршиданинг турмуш ўртоғи Ҳабибилло Маматқулов Ўзбекистон мустақилликка эришгунича ўзи ўқиган Олий милиция мактаби йўлланмаси билан Қирғизистонга кетади. Табиийки, эр қаерда бўлса, хотин ҳам ўша ерда. 1990 йилги миллатлараро можародан сўнг унинг эри вазият ўта оғир бўлган Ўзган шаҳрига терговчиликка юборилади.

Орадан бир неча йилгина ўтгач - 1994 йили оила Ўзбекистонга қайтади.

Шу ўринда Хуршида Жалилованинг Қирғизистон паспортини олган-олмаганлигини суриштириш йўлида мулозимлар намойиш қилган тиришқоқлик “алоҳида эътиборга сазовор”. Улар қирғизистонлик ҳамкасбларига бу масалада 3 марта хат ёзади. Дастлабки 2 та хатга “Хуршида Жалилова Қирғизистон фуқароси эмас”, деган мазмундаги жавоб келганига қарамай, учинчи хат ёзилади ва бу гал мулозимлар кутган жавоб келади.

Кейинчалик қирғизистонлик мулозимларнинг “хато қилган эканмиз, Жалилова Қирғизистон фуқаролигига ўтмаган экан”, деган мазмундаги хати тан олинмайди ва Жалилова ўғилларига қўшиб Ўзбекистон ватандошлигидан маҳрум қилинади.

Хуршида Жалилова ва унинг ўғилларини ватандошликдан маҳрум қилиш тўғрисидаги хат

Хуршида Жалилова ва унинг ўғилларини ватандошликдан маҳрум қилиш тўғрисидаги хат

Хуршида Жалилова олган яна бир расмий хат

Хуршида Жалилова олган яна бир расмий хат

Мана қарийб 5 йилдирки Хуршида Жалилованинг бормаган жойи, кирмаган эшиги, ёзмаган адреси қолмади.

Жалилова билан 9 август куни суҳбатлашдик. 10 август куни эса, у яна Ўзбекистон Президенти девонига арз қилиб бормоқчи.

Хуршида Жалилованинг Озодликка берган суҳбатини қуйида тинглашингиз мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG