Линклар

Шу йилнинг 27 июль куни соат 18.00 да Миллий Хавфсизлик Хизматининг Самарқанд вилояти бошқармаси тезкор вакиллари томонидан ўтказилган операция чоғида Самарқанд Давлат Тиббиёт институтининг Ахборот технологиялари бўлими бошлиғи Шуҳрат Жўраев порахўрлик айби билан ҳибсга олинди.

Бу ҳақда “Озодлик”ка маълум қилган институт ходимига кўра, 30 яшар Шуҳрат Жўраев олийгоҳнинг даволаш ва педиатрия бўлимига кириш учун ҳужжат топширган абитурентлардан бирининг ота-онасидан 27 000 АҚШ доллари миқдорида пора олаётганида қўлга тушган.

“Бутун мединститут ағдар-тўнтар бўлиб кетди. Шуҳрат Боймуродович домланинг “кассир”ларидан бири эди. Уни қўлига кишан солиб олиб кетишди, ҳозирда СНБнинг подвалида ўтирипти экан. Кеча прокуратура органи уни жиноят жойида воқеа ҳолатини тиклаш учун институтга олиб келган, институт маъмурияти эса “мана ҳаммаси ёлғон, уни қўйиб юборишди” деган гап қилишганди. Оказивается ҳалиям ўтирибди, ректор Шамсиев чопа-чоп қилиб юрипти” дейди “Озодлик” манбаси.

Ҳодиса юзасидан Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 210-моддаси (Пора олиш) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчини ҳибсда сақлаш бўйича Боғишамол тумани судининг санкцияси олинган.

Институт кадрлар бўлимининг исмини очиқламасликни сўраган ходими Шуҳрат Жўраевнинг ёш, малакали кадр экани, институт ректори Азамат Шамсиевнинг яқин шогирдларидан бири бўлганини таъкидлайди:

“Шуҳрат жуда ишбилармон, келажаги бор ёшлардан эди. Азамат Муҳиддинович унга ишонч билдирганди, мажлисларда мақтарди. Хато қилиб қўйди, ота-оналар билан мулоқотда домланинг номини ҳам аралаштирган. Лекин пора миқдорининг катталигини инобатга олганда унинг бундай суммани ҳазм қилолмаслиги, ким биландир шериклигини тахмин қилиш мумкин ” дейди кадрлар бўлими ходими.

Самарқанд вилояти прокуратураси Самарқанд Давлат Тиббиёт институти содир бўлган воқеани тасдиқлади, аммо ҳодиса тафсилотига изоҳ бермади.

Шуҳрат Жўраевга қўйилаётган айблов тергов ва суд маҳкамаларида ўз исботини топса, у 15 йил муддатгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

XS
SM
MD
LG