Линклар

Ўғирликда гумонланиб ҳибсга олинган аёл Жиззах қамоғида осилган ҳолда топилди


19 ёшли Севара Алматова ҳибсга олинганидан бир кун ўтиб, 4 август куни Жиззах шаҳри Ички ишлар бошқармаси қамоғи ҳужрасида осилган ҳолда топилган. Марҳуманинг яқинлари унинг қамоқдаги қийноқлар ва зўрлашлар сабаб ўз жонига қасд қилган бўлишини даъво қилмоқдалар. Бу ҳолат юзасидан ҳозир шаҳар прокуратураси суриштирув олиб бормоқда.​

Севара Алматованинг исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган яқинларидан бири унинг қамоқда ўз ҳаётига қасд қилишига гуруҳ бўлиб зўрлангани сабаб бўлган бўлишини айтди.

Марҳуманинг қамоқдан юборилган жасадида улар кўкарган изларни кўришган.

Жиззах ҳуқуқ-тартибот идоралари мулозимлари эса бу иддаони қатъиян рад этишади.

Уларга кўра, Алматова 3 август куни бозорда кийим-бош ўғирлаганликда гумонланиб ушланган.

4 август куни кечқурун эса у Жиззах тергов изоляторининг саккизинчи ҳужрасида осилган ҳолда топилган.

– Эгнида бўлган жинси шим билан камерада ўрнатилган темир каравот асосига бўйин қисмини осиб жонига қасд қилган. Уни ўлик деб эълон қилишдан аввал, барча тезкор тиббий чоралар кўрилди. Нима учун жонига қасд қилгани номаълум бўлиб қоляпти, - деди Жиззах ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбаси.

Севара Алматова Эркин қизи турмушга чиқмаган. Яқинлари унинг ишсизликдан бозорда тирикчилик кўриб келгани ва руҳий муаммоси бўлмаганини айтишмоқда.

БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитасига кўра, Ўзбекистон ҳибсхоналарида қўлга олинганлардан иқрорлик кўрсатмаларини олиш мақсадида уларни калтаклаш ва зўрлаш систематик тус олган.

Қўмитага келиб тушган аризаларга мувофиқ, баъзи ҳолларда ҳибсга олинганлар қийноқлардан вафот этмоқда.

Ўтган йилнинг кузида Ўзбекистоннинг Бухоро шаҳрида қамоққа олинган тадбиркор Илҳом Ибодовнинг ўлиги чиққан эди.

Ўзбекистон ҳукумати қамоқхоналарда қийноқлар систематик эканини рад этиб келади.

XS
SM
MD
LG