Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:41

Тошкент саммити олдидан ўзбек-қозоқ чегарасидан деярли ўтиб бўлмай қолди


Ўзбекистон ўз ҳудудидан ўтадиган транзит автомобиллари текширувини кучайтиргани сабабли ўзбек-қозоқ чегарасида ўнлаб юк машиналари тўпланиб қолган. Айни пайтда оддий одамлар ҳам Қозоғистондан Ўзбекистонга ўтишга қийналаётганликларини айтишмоқда. Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасидаги бу холат Тошкентда ўтказиладиган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммити олдидан хавфсизлик чораларининг кескин кучайтирилиши доирасидаги амалларнинг бири ўлароқ кўрилмоқда.

Қозоғистон Молия вазирлигига қарашли Давлат киримлари қўмитасининг билдиришича, 21 майдан буён Ўзбекистоннинг Тошкент вилоятидаги "Яллама", Қозоғистоннинг "Бауржан Кўнисбаев" чегара текшириш нуқтасида юздан зиёд оғир юк машинаси тиқинга тушиб қолган.

Қўмита матбут хизмати раҳбари Рейхан Шерипова Озодлик билан суҳбатда ўзбек божхоначилари Ўзбекистон ҳудудига ўтувчи транзит автомобиллари ва юк машиналарини текширишни қаттиқлаштиргани сабаб чегарада тиқилинч юзага келганини айтади:

– Ҳозир ўнлаб машина Ўзбекистонга ўтиш учун навбат кутиб турибди. Ўзбекистонда хавфсизлик чораларининг кучайтирилгани айтилаяпти. Нима сабабдан эканини билмаймиз. Ўзбекистондан Қозоғистонга ўтаётган юк машина ҳайдовчиларининг айтишича, ўзбек томони текширувларни кучайтирган. Шунинг учун чегарада юк машиналари тўпланиб қолаяпти. Биз томонга ўтиш бемалол, Ўзбекистонга қийин бўлаяпти, - деди Қозоғистон Молия вазирлигига қарашли Давлат киримлари қўмитаси матбуот вакили Шерипова.

Озодлик билан суҳбатда қозоғистон юк машинаси ҳайдовчиларидан бири Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасидаги тиқилинчни тасвирлашга уринди:

- Ҳозир жуда кўп машина йиғилиб қолган. "Яллама" чегара постидаги ўзбек божхоначилари ҳар бир машинани синчиклаб текширaяпти. У тарафга ўтган танишларим айтди. Бир кунда бешта-олтита машина ўтади, қолганлар кунлаб туриб қолaяпти, - дейди чегара пости яқинида Ўзбекистонга ўтиш учун навбат кутиб турган қозоғистонлик юк машинаси ҳайдовчиси.

Айни пайтда оддий одамлар ҳам Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасидан ўтиб-қайтиш ниҳоятда қийинлашганини айтмоқда.

Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасидаги Ғишткўприк ўтиш маскани.
Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасидаги Ғишткўприк ўтиш маскани.

Озодликка боғланган ўзбекистонликлардан бири ўзбек божхоначиларининг чегарадан ўтаëтган ҳар бир шахс¸ товар ва автомобилни ниҳоятда узоқ текшириши сабаб иссиқ ва тиқилинчда ҳушдан кетаëтганлар ҳам борлигини айтади:

- Тошкент вилоятининг бир нечта чегара постларига бордик. “Навоий”, “Ғишткўприк”, “Майский”, “Яллама” постларида одам тиқилинч. Ўзбекистон томони ҳар бир одамни синчиклаб ўтказаяпти. Аёллар орасида тиқилинчда ўзларини йўқотиб қўйганлар ҳам бўлди, - дейди Озодлик муштарийларидан бири.

Ўзбекистон Божхона қўмитаси текширув кучайтирилгани сабаби ҳақида тушунтириш бергани йўқ.

Қозоқ божхоначилари Қозоғистон ҳудудида бир неча кунлаб кутиб қолаётган автомобиль ҳайдовчиларига қўлларидан келганча ёрдам бераётганларини айтмоқдалар.

- Биз тарафдан муаммо йўқ. Биз бу ерда туриб қолган одамларга лозим ёрдамни беришга ҳаракат қилаяпмиз. Ўзбекистондан ўтадиган машиналар махсус жиҳозлар ёрдамида тез-тез текширилиб, вақтида ўтказилаяпти, - деди Қозоғистон Молия вазирлигига қарашли Давлат киримлари қўмитаси матбуот вакили Рейхан Шерипова.

Норасмий манбалар¸ Ўзбекистоннинг Қозоғистон билан чегарадаги кириб-чиқишни чеклаши келаси ой Тошкентда ўтказиладиган ШҲТ саммити олдидан хавфсизлик чораларининг кескин кучайтирилиши доирасидаги ҳаракат эканини таъкидламоқда.

- Саммит ўз йўлига, лекин божхоначилар профессионал ишлаши керак, юк машиналарининг чегарада туриб қолишига йўл қўймаслиги лозим. Биз ҳам истамаймиз мамлакатимиз тинчлигини бузувчилар кириб қолишини. Чегарада назорат керак, лекин бу чегарани ёпиш ёки текширувларни чўзиш эвазига бўлмаслиги лозим, - дейди қозоғистонлик ҳайдовчи.

Ўзбекистон ва Қозоғистон чегара постларида тиқилинч биринчи марта бўлаётгани йўқ.

Ўзбекистон чегара постларида хавфсизлик ва қонун ижроси важидан йўловчилар соатлаб текширилиши оқибатида юзага келадиган бундай тиқилинчлар ва узоққа чўзилган навбатларда ёш болали аёллар ва қариялар азият чекади.

2013 йил ноябрь ойида Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасининг Ғишткўприк чегара-назорат ўтказиш постида 40 ёшли ўзбекистонлик аёл ўтиш учун навбат кутиб турган пайт юрак хуружидан ўлган эди.

XS
SM
MD
LG