Линклар

Қурултой: Реал муаммоларни виртуал ҳал қилиш мумкинми?


Eltuz.com рассоми назарида муаммолар ечими имконсиз.

Eltuz.com рассоми назарида муаммолар ечими имконсиз.

Озодликка мурожаат қилган тингловчилар Ўзбекистон президенти вазифасини ижро этувчи ва Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига юборилган шикоятлардан натижа бўлмаганидан шикоят қилмоқда.

Уларнинг айтишларича, аризаларнинг аксарияти шикоятда танқид қилинган субъектнинг ўзига қайтариб юборилмоқда.

Айни пайтда виртуал қабулхонага ариза ëзиб иши ҳал бўлганлар ҳам бор. Улар бу тадбирни ижобий баҳолашмоқда.

Озодликнинг Қурултой дастурида виртуал қабулхона билан боғлиқ реал вазиятни муҳокама қилдик.

Ўзбекистондаги расмий нашрларнинг хабар беришича, Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига бир ойда эллик мингдан зиёд ариза тушган.

Аризалар асосан ижтимоий муаммолар ва суд-ҳуқуқ тизимидаги адолатсизликлар ҳақида эканлиги айтилади.

Виртуал қабулхонага ёзилган аризалардан баъзилари ижобий ҳал этилгани ва шикоятчилар натижадан қониқиш ҳосил қилганликлари ҳақида ижтимоий тармоқларда хабарлар ҳам пайдо бўлди.

Ўзбек матбуотига кўра, “Тошиссиққувват” ишлаб чиқариш бирлашмасининг Миробод тумани бўлими раҳбари "аҳоли мурожаатларини кўриб чиқишда камчиликка йўл қўйгани учун" вазифасидан четлатилган.

Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг Facebook’даги саҳифасида таъкидланишича, аҳолидан келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқишда йўл қўйган камчиликлари учун Миробод тумани ҳокимига ҳам ҳайфсан эълон қилинган.

Хабарда айтилишича, “бош вазирининг электрон қабулхонасига аҳоли ва тадбиркорлардан энг кўп ариза ва шикоятлар тушганлиги, мурожаатларни кўриб чиқиш ва ҳал этиш муддатларини асоссиз бузилишига йўл қўйганлиги кўрсатиб ўтилди ҳамда мурожаатларни вақтида ва қонуний ҳал этилиши бўйича аниқ чоралар кўриш топширилган”.

Бундан олдин Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Маданият ва спорт вазири муовини, Пенсия жамғармаси ижро этувчи директори, шунингдек, Наманганнинг Поп тумани ҳокимига Бош вазир виртуал қабулхонасига келган мурожаатларни ҳал этишда сохталикка йўл қўйгани учун ҳайфсан эълон қилган эди.

Аммо, Озодликка мурожаат қилган баъзи тингловчилар Бош вазир қабулхонасига ёзилган аризаларига жавоб ололмаётгани, шикоятлар эътиборсиз қолаётганидан арз қилмоқдалар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG