Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:10

АҚШ киноқомусига кирган илк ўзбек рассоми 80 ëшга кирди


Шавкат Абдусаломов
Шавкат Абдусаломов

Андрей Тарковский, Элем Климов, Лариса Шепитко каби афсонавий киночилар суратга олган асарларда рассом ва актер сифатида ижод қилган рассом Шавкат Абдусаломов 80 ëшини Москвада нишонламоқда.

1974 йилда Элем Климов суратга олган “Аго́ния” филъмида саҳналаштирувчи рассом сифатида қатнашганидан кейин Шавкат Абдусаломовга “москвалик эстет” деган норасмий мақом берилган бўлса-да, у ўзи туғилган юртида эъзоз кўрмаганидан нолийди.

Охирги марта 1990 йилда Ўзбекистонга борган Шавкат Абдусаломовнинг Озодликка таажжуб билан айтишича¸ у расмий Тошкент учун исталмаган киши сифатида қолмоқда.

Москвадаги бир нечта тасвирий санъат галереясида пайшанба куни рассом Шавкат Абдусаломовнинг 80 йиллигига аталган кўргазмалар очилди.

28 апрель куни 80 ëшга кирган ўзбек рассоми тиғиз график орасида Озодлик мухбири саволларига жавоб беришни устивор деб билдим, деб гап бошлади:

- Мен Ўзбекистонда туғилиб, рассом бўлиб етишдим. Отам Фозил Абдусаломов Ўзбекистон тузилган илк йилларда Самарқандда катта лавозимда ишлаган. Кейин отамни репрессия қилишди. Барча қариндошларим Сталин даврида қатағон қилинган. Онам мактаб директори эди.Уни ҳам қатағон қилишган. Бобом Таласбой, Чимкентдаги бадавлат савдогарлардан бўлган. Онам Фин гимназияси директорининг қизи бўлган. Мени эса етимхонага топширишган. Шу-шу қаерда бўлсам ҳам¸ иккита ëрлиқ мени таъқиб қилади. "Детдомовский" деган ëрлиқ биттаси бўлса¸ иккинчиси ўзбек деган ëрлиқ.

Эсимда¸ Тожикфильмда олинган “Сиëвуш ҳақида афсона” деган фильмда бош рассом эдим. Фильм мукофотга тақдим қилинганида мени “ўзбек” дея мукофотдан маҳрум қилишди. Айнан мана шу ëрлиқлардан қутулиш учун Андрей Тарковский¸ Элем Климов каби юксак санъат фидойилари сафида бўлдим. Мен учун юксаклик лозим эди ва Совет Иттифоқи пойтахтида ўзимни реализация қилишга имкон бўлди. Мен отамни репрессия қилаëтганлар бошқарган Ўзбекистонда яшай олмас эдим. Отамни қаматган одамнинг исми Усмон Юсупов эди¸ деб қисқача тасвирлайди ўз ҳаëт йўлини таниқли рассом.

Ўзбек Ван Гоги

- Биласизми¸ мен ўсган Қўқондаги етимхонада бир машҳур рассом аëл бир коса шўрва эвазига бизга расмдан дарс берган эди. Ўшанда мен илк бор рассомликка ҳавасландим. Кейин Беньков номли рассомлик билим юртида ўқидим. Ўшанда мен Ван Гог асарларини севиб қолгандим. Ўзим ҳам пахталик гуппи¸ телпак ва йиртиқ ботинка кийиб юрардим Ван Гог каби. Билим юртида болалар ва ўқитувчилар менга ўзбек Ван Гоги деб лақаб қўйишган эди. Кейинчалик рассом Марк Шагал асарларига қизиқдим. Диплом иши сифатида чизган ишимга ҳамма қизиққан. Эшикни ëпиб қўйсам¸ ойнадан қараб туришар эди. “Бухорода Амир келаëтганида йўлнинг тозаланиши” деган расм. Ҳозир ҳам президент келишидан олдин шунақа манзара бўлса керак Ўзбекистонда¸ дейди рассом.

Итальянлар пилигини кўтарган диссидент рассом

Шавкат Абдусаломовнинг илк кўргазмаси 1972 йил Москвада очилди. Очилишидан икки соат ўтиб ëпиш ҳақида буйруқ келди. Абдусаломов асарларидаги фалсафий мотивлар расмийлар тарафидан нотўғри талқин қилингани боис¸ рассомнинг кўргазмаси тақиқлаб қўйилди.

Итальян кинодраматурги Тонино Гуэрра (1920—2012) Москвага келганида кўп вақтини Шавкат Абдусаломов устахонасида ўтказар эди.

Шу тарзда Тонино Гуэррани ўраган Москва бомонти кўз ўнгида ўзбек рассомининг обрўйи ортиб борди.

Ҳамза ҳақидаги "Оловли йўллар" кўп серияли фильмида қора кийимдаги исёнкор ва жадидчи шоир образи бор.

Айримлар Чўлпон образи деб билувчи жадид Умид ролини айнан Шавкат Абдусаломов ўйнаган.

Аммо Шавкат ака кўпроқ рассом сифатида танилди.

Пировардида¸ рассом асарларини Третьяков галереяси сотиб олди. АҚШдаги Нэнси и Нортона Доджей галереясида ҳам Абдусаломовнинг ўнлаб асарлари бор.

“Ўзбек музейларида эса асарларим йўқ”¸ дейди рассом:

- Мен ҳануз нима учун Ўзбекистонга боришим тақиқланганини тушуна олмайман. Борсам¸ аэропортдан қайтариб юборишади. Тўғри¸ мен аччиқ гапираман¸ лекин ўзбек режимини танқид қилган жойим йўқ. Мен Москвада кунора минглаб ўзбекни кўча-кўйларда кўраман.

Олдин биз Москвага ўқиш учун келардик¸ улар эса кун кўриш учун келишган. Фарқимиз шу. Мен ўзим мансуб миллат бўлган ўзбекларда саховат¸ бировга ëрдам қўлини узатиш каби сифатларнинг йўқолганидан афсусдаман. Мен рассом ва киночи сифатида саховатли спонсор кутиб яшадим. АҚШ ëки Франциядан келиб асарларимга харидор бўлишади. Мен эса ўзбеклар келмасмикан¸ дея эшикка қарайман. Ҳеч бўлмаса¸ бир кило ëнғоқ¸ кишмиш олиб¸ шу ерда бир ўзбек рассоми бор экан ҳолидан хабар олай¸ дейдиган бир элдошга муҳтожман¸ дейди 1974 йили машҳур кино рассоми сифатида АҚШ киноэнциклопедиясига кирган асли ўзбекистонлик мусаввир, ёзувчи, актёр ва режиссёр.

Санъат ва адабиёт аҳли орасида Шавкат Абдусаломовни бугунги куннинг буюк ўзбеклари қаторида кўрадиганлар оз эмас.

"Мен биринчи эмасман. Сиз охирги эмассиз. Бу сўқмоқдан кўплар юрган. Биз фақатгина бир-биримизнинг изимизни босиб юрамиз, холос"¸ дейди ўз ижоди ҳақида гапирган ўзбек рассоми.

XS
SM
MD
LG