Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:46

Ўзбекистон Россияга пахта сотувчи уч йирик экспортчининг бирига айланди


Россия Саноат ва савдо вазири муовини Виктор Евтухов ва ЎзбекистонТашқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев. (Россия Саноат ва савдо вазирлиги расмий фотоси)
Россия Саноат ва савдо вазири муовини Виктор Евтухов ва ЎзбекистонТашқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев. (Россия Саноат ва савдо вазирлиги расмий фотоси)

Ўзбекистон Россия бозорига пахта етказиб берувчи мамлакатлар учлигидан ўрин олди. Бу маълумотни келтирган Россия Саноат ва савдо вазири муовини Виктор Евтухов Ўзбекистондан Россияга пахта хом-ашёси билан бирга импорт қилинаётган газлама, трикотаж, тайёр тикув маҳсулотлари ҳажми ҳам ошганини билдирди. Шунингдек, икки давлат ҳукуматлари ўртасида Ўзбекистонда рус автомобиллари, комбайнларини йиғиш, дори-дармон ишлаб чиқаришни ташкил этиш борасида музокаралар олиб борилаётгани маълум бўлди.

Россия Ўзбекистоннинг энг йирик пахта импортёрларидан бири

Тошкентда шу йилнинг феврал ўрталарида бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Россия-Ўзбекистон комиссияси йиғилишида иштирок этиб қайтган мамлакат Саноат ва савдо вазири муовини Виктор Евтухов икки давлат ўртасидаги савдо-сотиқ ва иқтисодий ҳамкорлик масалаларида ўсиш кузатилаётганини алоҳида таъкидлади.

У, жумладан, 2016 йилда Россияга Ўзбекистондан етказиб берилаётган пахта, трикотаж ва озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажми кескин ошганини эътироф этди.

- 2016 йилда Ўзбекистондан пахта толасини етказиб бериш 3 минг тоннадан 9,7 минг тоннага етказилди ва умумий ҳисобда 14,8 миллион долларни ташкил этди. Ўзбекистон Россияга пахта толасини етказиб бераётган мамлакатлар қаторида бешинчи ўриндан учинчига кўчди, деди вазир муовини.

Виктор Евтухов 2016 йилнинг 11 ойида Россияга импорт қилинаётган ўзбек ип-калаваси 3 фоизга, ип-газлама – 55 фоизга, трикотаж газлама – 69 фоизга, тайёр тикув ва трикотаж маҳсулотлари 11 фоизга кўпайганини билдирди.

Вазирлик расмийси буни Россия ҳукуматининг бевосита Ўзбекистондаги ишлаб чиқарувчилар билан алоқа тузгани ҳамда бу соҳадаги ўзаро ҳамкорлик кучайгани билан изоҳлади.

Ҳозиргача Россияга пахта етказиб берувчи мамлакатлардан энг йириклари Хитой ва Ҳиндистон бўлиб қолмоқда. Бу икки давлатдан кейинги учинчи ўринни Ўзбекистон эгаллади.

Ўзбекистонда Россия автомобиллари, комбайнлари ва дори-дармонлари ишлаб чиқарилиши мумкин

Виктор Евтухов Тошкентдаги учрашувда Россия-Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлигидаги йўналишларидан бири сифатида автомобил ишлаб чиқариши танланганини билдириб, деди:

- Россиянинг энг йирик енгил автомобил, микроавтобус ишлаб чиқарувчи – “ГАЗ” Гуруҳи ўз автомобилларини, хусусан микроавтобусларни Самарқанд автомобил заводида ёки Ўзбекистон Республикаси ҳукумати таклиф этган бошқа майдонда йиғишни ташкил этишга қизиқиш билдирмоқда. Ўзбекистон ҳукумати томонидан бу лойиҳани амалга оширишга ҳеч қандай тўсқинлик кўрилмаётгани айтилди, дея қўшимча қилди Виктор Евтухов.

Шунингдек, икки ҳукумат ўртасида “Вектор-410” ем-хашак ва бошоқ йиғувчи комбайнлар ишлаб чиқиш ташкил этилиши борасида музокаралар ҳам олиб борилаётганини маълум бўлди.

- Айни пайтда, “Ростсельмаш” Ўзбекистонга “Вектор-410” бошоқ йиғувчи комбайнларнинг Покистон, Туркманистон, Афғонистонга экспорти ҳуқуқини беришга тайёр, деди Россия Савдо-саноат вазирлиги мутассадиси.

Тошкентда бўлиб ўтган 18- Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Россия-Ўзбекистон комиссияси йиғилишида фармацевтика соҳасида ҳам кенг қамровли ва ўзаро фойдали ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди.

Россия фармакология саноати тарафидан дори-дармон тайёрлаш технологиялар ва субстанциялар етказиб бериш бўйича Ўзбекистонга таклифлар берилгани маълум қилинди.

Виктор Евтухов бу таклифлар натижасида Ўзбекистон кимматбаҳо импорт препаратларини сотиб олишга муҳтожлик сезмаслиги, кўплаб зарурий дори-дармонлар мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилиши имкони очилишини қўшимча қилди.

- Ўзбекистон томони ишлаб чиқариш линиясига сармоя ётқизиб, препаратларни қайддан ўтказса, кифоя, деди Россия Саноат ва савдо вазири муовини Виктор Евтухов.

Россия Саноат ва савдо вазирлигибу ва бошқа масалалар бўйича тайёрланаётган қатор ҳужжатлар жорий 2017 йилнинг апрел бошларидаги Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Москвага уюштирилажак расмий ташрифи давомида имзоланиши кутилаётгани айтилган эди.

Икки давлат ўртасида миграция соҳасига оид қатор ҳужжатлар имзоланиши мумкинлиги ҳам айтилмоқда.

XS
SM
MD
LG