Линклар

logo-print

Россияни танқид қилган муҳожир депортация қилиниши мумкин


Сардорбек Сиддиқов "Ёрдам" масжидида

Сардорбек Сиддиқов "Ёрдам" масжидида

Россия ҳукуматининг мусулмонларга нисбатан ҳатти-ҳаракатларини танқид қилгани учун мамлакат қамоқхоналарида 2,5 йил ўтирган андижонлик Сардорбек Сиддиқов 2016 йилнинг 19 май куни озодликка чиқди. Ва дарҳол ФМС ходимлари томонидан ушланиб, “номақбул шахс” сифатида депортация қилиш учун Киров вилояти Хориж фуқароларини сақлаш марказига жўнатилди. Ҳимоячилар Сардорбек Ўзбекистонда қийноқларга солиниши мумкинлигини гапирмоқда.

Бундан 3 йил олдин – 2013 йилнинг сентябрида – Москванинг Отрадное туманидаги “Ёрдам” масжидида ўқилган жума намозидан кейин тарқалиб кетаётган мусулмонлар эътиборини эшик олдига туриб олган озғинроқ йигит ўзига тортди.

Кўпчилик олдига чиққан бу йигит ўз нутқини охирги йилларда Россияда мусулмонларга қарши босим кучайиб бораётганидан сўз бошлади.

- 15 сентябрь куни Доғистонда Исломга даъват қилган бир биродаримиз ўлдирилди. Мен шунингдек айтмоқчиманки, Россия бугунги кунда Ислом ва мусулмонларга қарши кураш олиб бормоқда. Мана 17 сентябрь куни Новороссийск суди томонидан Кулиев таржимасидаги “Қуръон” экстремистик деб топилди. Россия бугунги кунда сингилларимизга ҳижоб кийишни ҳам тақиқлаяпти. Бундан хулоса қилиш мумкинки, Россия Исломга қарши дўстона бўлмаган сиёсат олиб бормоқда, деди бу йигит.

Ютуб тармоғида ўша куниёқ пайдо бўлган бу чиқиш бир неча кунда 160 мингдан зиёд маротаба кўрилди ва бошқа тармоқларда кенг тарқалиб кетди.

2013 йилнинг 1 ноябрида Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари “Ёрдам” масжидида даъват қилган шахсни ҳибс этишди.

- У “Ҳизб-ут Таҳрир” экстремистик ташкилотига аъзоликда гумонланаётган Ўзбекистон фуқароси бўлган Сардорбек Сиддиқов экани аниқланди, дея хабар қилди Москва полицияси.

2014 йилнинг 4 февралида Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 282 моддаси асосида Москва шаҳар Бутирка туман суди 1981 йилда туғилган ўзбекистонлик Сардорбек Сиддиқовни 2 йилу 6 ойга қамоққа маҳкум этди. Суд уни Россияда тақиқланган экстремистик ташкилот, яъни “Ҳизб-ут Таҳрир”га аъзоликда айбдор деб топди.

Сардорбек қамоқ жазосини 3-сонли Киров туман ахлоқни тузатиш колониясида ўтказди.

Жорий йилнинг 19 майида Сиддиқов қамоқ муддати ўз якунига етди. Бироқ, у аллақачон Россияда “номақбул шахс”лар қаторига киритилиб, депортация қилиниши тўғрисида қарор чиқарилиб бўлгани тўғрисида Озодликка унинг ҳимоячиси Александр Ряпин сўзлаб берди.

- Озод этилиши биланоқ у Миграция хизмати ходимлари томонидан ушланди ва суд қарори билан Киров вилоят Хориж фуқароларини вақтинчалик сақлаш марказига юборилди. Унга нисбатан депортация қарори чиқарилган экан. У Россия Адлия вазирлиги қарори билан “номақбул шахс”деб эълон қилинган экан. Бу қарор устидан биз туман судига шикоят ёздик. Хориж фуқароларини сақлаш марказларида сақланаётган барча шахсларга нисбатан одатда худди шундай суд қарорлари чиқарилган. Улар сони юз минглаб, деди адвокат Ряпин.

Ҳимоячи Сардорбекни депортация қилиш қарори мавжудлигини ҳам тасдиқлади. Озодликка тақдим этилган ҳужжатлардан Сиддиқов 2015 йилнинг январида “қора рўйхат”га киритилгани ва унга Россияга кириш 2024 йилнинг май ойигача ман этилгани маълум бўлди.

Ўзбек муҳожири ҳимоясини таъминлаётган “Ёрдам” ташкилоти раиси Баҳром Ҳамроев Сардорбек Сиддиқовни шунчаки мусулмонлар ҳақларини талаб қилиб чиққани учун “ҳизбчиликда” ноҳақ айбланиб қамалган, дейди.

- Адлия вазирлиги қарорини бу умуман қўлига олмаган, кўрмаган. У Андижонга борса аҳволи чатоқ бўлиши турган гап! У Россия тарафидан мусулмонларга қарши қилинаётган зулмларга жавобан мусулмонларни уйғоқликка чақирди. Бу йигит 11 йилдан буён Москвада яшайди. Олдин ҳам уни экстремистик ташкилот аъзоси деб судлашган, 1,5 йил ўтириб чиққан. Лекин бола жуда юмшоқ, жиноят қиладиган йигит эмас. Отрадноедаги масжидда қилган чиқишига унга қарши сохталаштирилган бўлиши керак айблов. У Ўзбекистонга берилса, мясорубкага ташлаётгандек! Киров колониясидаги оғир шароитда асосан мусулмонлар сақланади, совет даврида эса у ерда диссидентлар ушланган, деди Баҳром Ҳамроев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG