Линклар

Аёлининг хушторини ўлдиришга қотил ёллагани гумонланаётган ўзбекистонлик ушланди


Петербургда ўз аёлининг хушторини 45 000 еврога “заказ” қилган ўзбекистонлик йирик бизнесмен ҳибсга олинди. Терговчилар Самарқанддан қочиб кетган аёлни таъзирини бериш мақсадида у Санкт-Петербургга махсус келгани ва қотилликни содир этишга “розилик” берган оператив ходимга пул бераётганида қўлга олинганини таъкидламоқда.

2016 йилнинг 6 июлида Россия шимолий пойтахтининг Красногвардейский туманидаги ресторанлардан бирида қотил ёлламоқчи бўлган шахс ҳибс этилди.

Бу хабарни Озодликка тасдиқлаб берган Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград вилояти Бош тергов қўмитаси ахборот бўлими бошлиғи Сергей Капитонов пулнинг бир қисмини оператив ходимга бераётганида қўлга туширилган одам йирик ўзбекистонлик тадбиркор экани аниқланганини билдирди.

- Унинг иши тергови билан биз – Бош тергов қўмитаси шуғулланамиз. У кеча кечки пайт қўлга туширилди. Ўзбекистондан махсус шу жиноятни амалга ошириш учун келгани маълум. Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 30 моддаси 1 қисми (жиноятга тайёргарлик кўриш) ва 105 моддаси 2 қисми “з” банди (ёлланма қотилликка тайёргарлик кўриш)да белгиланган жиноят аломатлари асосида Ўзбекистон ватандошига нисбатан жиноий иш қўзғатилди, деди Сергей Капитонов.

Терговчи келтирган маълумотларга кўра, ҳозирда хориж фуқаросини суд қарори билан ҳибсга олиш учун зарурий ҳужжатлар тайёрланмоқда.

Бу иш терговига жалб қилинган Петербург шаҳри Ички ишлар бошқармаси терговчилари Озодлик билан суҳбатда ҳодиса тафсилотларини сўзлаб бердилар.

Исмини ошкор қилмасликни сўраган тергов ходими 58 ёшли гумонланувчининг севган аёли 2016 йил бошларида Ўзбекистондан Санкт-Петербургга - ўзининг хуштори олдига қочиб келганини гапириб берди.

- Жиноят сабаби – гумонланувчи билан никоҳсиз яшаб келган 34 яшар аёл унинг доимий даволарию талабларидан қочиб,жорий йилнинг июнь бошларида 1983 йилда туғилган ўзбекистонлик бошқа эркакбилан Россия Федерациясига қочиб келади ва Петербургда ижарага олинган квартирада яшашни бошлайди. Рашкчи эр аёлнинг ортидан қидириб, топиб келади ва унинг жазманини ўлдиришга қарор қилади, дея ҳодиса тафсилотларини очиқлади полиция ходими.

Озодлик ўз манбаларидан қотилликни ташкиллаштиришда айбланаётган ўзбекистонлик тадбиркор 1956 йилда туғилган Владимир Моисеевич Кармазин эканини аниқлади. Кармазин сантехника махсулотлари олди-сотдиси билан шуғуллангани, Россияга 16 июнь куни Самарқанд - Санкт-Петербург рейси билан учиб келгани маълум бўлди.

Петербургнинг Виборг туманидаги меҳмонхонада жойлашиб олган Владимир ўз ниятини амалга ошириш мақсадида маҳаллий хусусий детективлик агентлигига мурожаат қилиб, қотиллик учун 45 минг евро миқдорида пул ваъда қилади. Аммо, детектив айбланувчининг жиноий амаллари борасида ҳуқуқ мухофазаси идораларига хабар қилди.

Жиноят-қидирув бўлими ходимлари махсус амалиёт ишлаб чиқиб, унга 2 ҳафта вақт сарфлади.

Ўз ниятлари жиддийлигини намойиш қилиш мақсадида Кармазин “қотил” ролини бажараётган полиция ходимининг банк карточкасига ҳатто 24 минг 120 евро миқдорида пул ўтказиб беради.Шунингдек, у рақибини “албатта кўкрагига пичоқ санчиб ўлдириш”ни ҳам тайинлаб қўяди.

Оператив эксперимент давомида изқуварлар ўлдирилиши керак бўлган 34 яшар йигитнинг “пичоқ билан кўкрагига уриб ўлдирилгани” фотосуратини тайёрлади.

Ниҳоят, 2016 йилнинг 6 июлида соат кундузги 4:00ларда Косигина кўчасидаги “Антоновка” ресторанида “қотиллик ижрочиси” ролини бажараётган ходим жабрланувчининг “йўқ қилингани”ни тасдиқловчи фотосуратлар ва унинг паспортини Владимир Кармазинга топширди.

Ўзбекистондан келган қотиллик буюртмачиси Санкт-Петербург шаҳрининг 2-чи Жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан қолган 20 минг евро миқдорида нақд пулни ўзатганида қўлга олинди.

Озодлик билан суҳбатлашган полиция ходими ўзбекистонлик тадбиркор қўлга туширилганидан кейин уни “ҳеч ким ўлмагани боис қўйиб юборишни” қайта ва қайта илтимос қилганини гапириб, кулди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG