Линклар

Иркутск вилоятининг Усолье-Сибирское туманида қуллик шароитида қолган 17 нафар ўзбекистонлик меҳнат муҳожири ёрдам сўраб, Озодликка мурожаат қилди. Муҳожирларга кўра иш берувчи томони ўзбекистонликлар паспортларини тортиб олган, отиб ташлаш таҳдиди билан муҳожирларнинг бошқа жойга чиқиб кетишларига ижозат бермаган.

21 ёшдан 51 ёшгача бўлган ўзбекистонликлар автобусда Фарғонадан Иркутск вилоятининг Усолье- Сибирское туманига шу йилнинг июн ойида келишган.

Фарғоналик Зокиржоннинг айтишича, ўзбекистонликлар 2 ойдан ортиқ қуллик шароитида ишлашган, бироқ улар маошларидан воз кечишганига қарамасдан иш берувчи томони муҳожирларни чиқиб кетишларига ижозат бермаётир.

- Жуда хароб аҳволга қолдик. Иш берувчи, Имран деган кавказлик киши бизни эрталаб 8 дан то 8 кечқурунгача ишлатади. Умуман тиним бермайди. Машинасида тўппонча, пичоқ олиб юради, бизга бақириб-чақириб, отаман деб ҳаммани қўрқитиб олган. Кеганимиздан буён бир тийин пул бериш деган нарса йўқ. Ҳозир яшириниб, ташқарига чиқиб телефон қилаяпмиз. Июнь ойида келганмизда, ҳар ойида камида 200 доллардан пул берамиз, харажат фирма ҳисобида деб ваъда қилганди. Биринчи кунларданоқ алданганимизни сездик. Ярим оч ишлашга мажбурмиз. Одамни хўрлаб ташлади. Ишимиз қурулиш ишлари, бошимизга туриб қаттиқ ишлатади. Турадиган жойимиз учун ҳам ўз ёнимиздан пул тўлаймиз. Паспортларимизни умуман бермаяпти, бизни озод қилишсин, шуни ўтиниб сўраймиз, ишлаган ҳаққимиз ҳам керак эмас, Булар пул ҳам бермайди-ю аслида, уйга етиб борсак бўлгани. Биз билан ишлаётан ўзбекистонликлар ҳам бор, улар 8 ойдан буён ишлаяпти, уларга ҳам пул бергани йўқ, уйга кетгани ҳам қўймаяпти,деди Фарғоналик Зокиржон.

30 ёшли Бахтиёр ўзбекистонлик қурувчилар учун овқат пиширади. Унинг айтишича ўзбекистонликлар ярим оч ҳолда меҳнат қилишади.

- Еганимиз фақат макарон билан нўхат, қуйиқ овқат қилинмайди, 17 одамга , 5 литрли ёғ 1 ойга берилади, 200 гр чой 15 кунга етказиш керак. Картошка, пиёз, карамни даладан бориб ўзимиз териб келаяпмиз. “Керак бўлса бориб даладан ўғирлаб келасан”- деб айтаяпти иш берувчи Имран. Умуман сабзавот бермаяпти, олдин нонвойчилик қўлимдан келгани боис, болаларга ун олиб ўзбекча нон пишириб бераяпман, болалар шу нон билан тирик.Паспортларимизни тортиб олган, кетгани қўймайди. Бизни Сирдарёлик Вали деган воситачи одам келтирди. У телефонимизни ҳам тортиб олмоқчи, қўлида тўппончасини кўрсатиб, бизни қўрқитади, нима қилишимизни ҳам билмаяпмиз,- дейди Бахтиёр.

Ўта мушкул аҳволда қолган муҳожирлар Фарғона вилояти ички ишлар вазирлиги вилоят бошқармаси ишонч телефони билан боғланиб, автоотвечикка ўз муаммоларини айтиб беришган, лекин бирор натижа бўлмаган.

Озодлик Иркутск вилояти ўзбеклар миллий-маданий маркази раҳбари Юсуп Қулматов билан боғланди.

Қулматов жаноблари Усолье-Сибирское туманида қуллик шароитига тушган ўзбеклар муаммосидан хабардор бўлгани ва шу кунларда ерга жўнашини билдирди.

- Ўзбекистондан болалар иш берувчи фирма таклифи бўйича келишган. Баъзилари учун вақтинча ишнинг йўқлиги сабаб, квартирада сақлаб туришган. Иш топилгандан кейин, фирма ўзбекистонлик болаларга ишлаш рухсатномаси (патент), имтиҳон топшириш ва тиббий кўрикдан ўтиш каби ҳужжатларни ўз ҳисобидан тайёрлаган. Фирма эгалари ўзбекистонликлар ҳужжатларини таёрлаш учун бир ойлик маошлари, яъни 30 минг рубл сарфланишини айтган. Менимча фирма эгаси ана шу сабабли ўзбекистонлик муҳожирлар паспортларини олиб қолган. Бироқ бир ой мўҳлат ўтгандан кейин, уларга сарфланган маблағни қоплангандан сўнг ҳам ўзбекистонликларга жавоб беришмаган. Бу албатта, қонунга хилоф иш. Лекин фирма ва ўзбек муҳожирлари орасида меҳнат шартномасининг имзоланмагани, иш берувчининг жиноий жавобгарликка тортилишини қийинлаштиради. Мен шу кунларда Усолье-Сибирское туманида қийин аҳволга тушган ўзбекистонликлар олдига бориб, улар муаммоларини ечишга ҳаракат қиламан, деди Юсуп Кулматов.

Иркутск вилояти ўзбеклар миллий-маданий маркази раҳбари маслиҳатига кўра иш берувчи томонидан алданмаслиг учун меҳнат муҳожирлари, ишлаётган объектларида ўз меҳнат жараёнларини босқима-боқич бошдан охир видео ё суратга олишлари керак.

Суд жараёнида олинган суратлар исбот сифатида қўлланиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG