Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:12

"Краснодар" Одил Аҳмедовнинг ёши ўзгартирилганини рад этди


Одил Ахмедов (фото "Краснодар" ФК расмий сайтидан олинди)
Одил Ахмедов (фото "Краснодар" ФК расмий сайтидан олинди)

Россия Допингга қарши агентлиги (РУСАДА)нинг “Матч ТВ” телеканалига берган тушунтириш хатидаги ўзбекистонлик таниқли футболчи Одил Аҳмедовнинг допинг намунасида тақиқланган препарат топилгани тўғрисидаги маълумотлар ҳақиқатдан йироқ.Одил Аҳмедов тўп сураётган “Краснодар” футбол клубининг Озодликка берган расмий жавобида футболчининг туғилган йили ҳам нотўғри кўрсатилгани тасдиқлаб берилди.

Ўтган ой ўрталарида Россиянинг “Матч ТВ” телеканали Россия Допингга қарши агентлиги (РУСАДА) томонидан Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Россиянинг «Краснодар» футбол клуби ярим ҳимоячиси Одил Аҳмедовнинг допинг-тестлари тўғрисидаги ҳужжатларни эълон қилган эди.

“Матч ТВ” телеканали келтирган расмий ҳужжатда “Аҳмедов Одил Алимжанович”нинг туғилган санаси 25.11.1980 йил қилиб кўрсатгани нафақат Россиядаги мутахассислар эътиборини ўзига қаратди.

Бундан бирмунча вақт олдин Озодлик яна бир таниқли ўзбек футболчиси Илёс Зейтуллаевнинг ёши ўзгартирилгани борасидаги иқрорини эълон қилганди.

Кузатувчилар Ўзбекистон ва собиқ Иттифоқнинг кўплаб мамлакатлари футбол жамоаларида ҳанузгача “ёшартирилган” спортчилар тўп сураётганини тахмин қилганди.

Википедия, Sports.ru, footballtop.ru ва бошқа барча расмий спорт сайтларида Аҳмедовнинг ёши 28-да экани ва у 1987 йилнинг 25 ноябрида туғилгани кўрсатилган.

Озодлик Ўзбекистон терма жамоаси капитани Одил Аҳмедовнинг допинг назоратга тортилгани тўғрисидаги саволлар билан “Краснодар” терма жамоаси маъмуриятига мурожаат қилди.

Одил Аҳмедов 2011 йилдан буён Россияда тўп суради
Одил Аҳмедов 2011 йилдан буён Россияда тўп суради

“Краснодар”чилар маъмурияти вакили Денис Данильченко ўзбекистонлик легионер Одил Аҳмедовнинг “Матч ТВ”да эълон қилинган допинг маркази ҳужжатларида ёши ўзгартирилгани борасида биринчи маротаба эшитаётганини айтди.

- Буни биринчи маротаба сиздан эшитаяпман! Бўлмаган гап. Буни ҳатто изоҳлашга ҳожат йўқ, деди“Краснодар” клуби матбуот котиби Денис Данильченко.

“Матч ТВ” эълон қилган Допингга қарши агентлик ҳужжатларидан олиб борилган скрининг-таҳлил Аҳмедовда “гексарелин” борлиги тахмин қилинган. Бироқ, иккинчи маротаба ўтказилган тест тақиқланган препаратнинг йўқлигини кўрсатгани маълум бўлди.

“2014 йилнинг 27 августида 2946501 рақамли намунада Гексарелин бор-йўқлигини аниқлашга қаратилган қайта текширувлар натижасида спортсменларнинг сийдик намунасида тақиқланган Гексарелин препарати аниқланмади”, дейилади эълон қилинган агентлик ҳужжатида.

РУСАДА ваколатхонасининг Россия Футбол иттифоқи президенти Владимир Мутко номига юборган билдиришномасида ҳам “Краснодар” футбол клубининг ўзбекистонлик легионери Одил Аҳмедов ва исландиялик Рагнар Сигурдссонларда допинг-назорат хулосасида “намуналар тақиқланган моддаларга эга эмаслиги” тасдиқланган.

Озодлик саволларига жавоб берган клубнинг матбуот котиби Денис Данильченко бундай текширувлар доимий ўтказиб турилиши, аммо Аҳмедовга тегишли деб айтилаётган допинг-тестлар ҳужжатлари мавжудлиги борасида клуб маъмурияти хабардор эмаслигини билдирди.

- Клубимиз на Одил Аҳмедов, на бошқа ўйинчиларимиз борасида допинг агентлигидан ҳеч қандай маълумот олгани йўқ. У ерда келтирилаётган ҳужжатларни аслида биз кўрганимиз ҳам йўқ. Гап шундаки, футбол клубимиз одатан ўйин давомида допинг назоратидан ўтади. Ўйинчиларимиз келган РУСАДА мутахассисларига анализларни топширади ва шундан кейин биз уларни ёддан чиқариб юборамиз. Анализларда тақиқланган препаратлар аниқлангандагина у ердан бизга хабар тезда етиб келади. Агарда Одил Аҳмедовнинг қонида Гексарелин ё бошқа модда топилганида у аллақачон футболчиларимиз сафидан чиқарилган бўларди, бу катта шов-шувга сабаб бўларди, деди “Краснодар” клуби расмийси.

Айни пайтда, Россия спортчиларининг допинг билан боғлиқ можароси ўз якунига етганича йўқ.

Ҳозирга қадар Россия терма жамоасига кирган 387 спортчи ичида 100 дан зиёди Олимпия ўйинларидан четлатилган.

Бу сон янада ошиши мумкин, чунки яқин кунларда бошқа апелляциялар бўйича ҳам қарорлар эълон қилинади. Ўйиндан четлатилганларнинг аксарияти, аниқроғи, 67 нафари енгил атлетикачилардир.

ҲОҚ Риодаги ўйинлардан кейин допинг истеъмол қилган спортчилар “қора рўйхати” янада кенгайиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

XS
SM
MD
LG