Линклар

Мирзиëев ҳукуматга қайтариб, вазир қилиб тайинлаган Рустам Қосимов ким?


Рустам Қосимовнинг сурати ҳатто Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги расмий сайтида ҳам йўқ.

Рустам Қосимовнинг сурати ҳатто Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги расмий сайтида ҳам йўқ.

Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиëевнинг фармонига мувофиқ, Алишер Ваҳобов олий ва ўрта махсус таълим вазири лавозимидан озод этилиб, ўрнига илгари айни вазирлик устидан қаровчи Бош вазир ўринбосари бўлган ва “ишда йўл қўйган камчиликлари” учун бўшатилган Рустам Собирович Қосимовнинг тайинланиши маориф соҳасини билган мутахассисларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Хўш, Рустам Қосимов ким? Бу кишининг тайинланиши ортидан мамлакат олий ва ўрта махсус таълим муассалаларини қандай истиқбол кутади?

Бу саволлар жавобини Рустам Қосимовни таниган ва олий таълим тизими муаммоларидан ҳабардор кишилар кўмагида топишга ҳаракат қиламиз.

Рустам Қосимов билан биргаликда Ўзбекистон Олий таълим ва ўрта таълим вазирлигида ишлаган ва хавфсизлик нуқтаи назаридан ўз исмини айтишни истамаган мулозимнинг айтишича¸ “Қосимовнинг вазирликка қайтиши соҳа учун "катастрофани англатади”:

- Бу одамни исми Ўзбекистонда олий таълим соҳасини инқирозга бошлаган асосий омил, десак ҳам бўлади. У киши Ўзбекистон Бош вазирининг таълим соҳаси бўйича ўринбосари бўлган даврни таҳлика билан эслайман. Ўшанда Ўзбекистонда кетма-кет иккита шу соҳага оид вазир ишда йўл қўйган қўпол ҳатолари учун ишдан бўшатилганди. Халқ таълим вазири Ғайрат Шоумаров ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазири Азимжон Парпиев бўшатилган эди. Бундан олдин президент Ислом Каримовнинг қарори билан Рустам Қосимов ишдан бўшатилган эди¸ дея эслайди суҳбатдош.

Тошкент давлат иқтисодиёт университетидаги яна бир Озодлик манбасига кўра, вазирларнинг ишдан бўшатилиши таълим соҳаси куратори ҳисобланган Рустам Қосимовнинг 2010 йилда ҳукумат таркибидан четлаштирилиши билан бевосита боғлиқдир:

- Қосимов ишдан олинганидан кейин таълим соҳасида у киши йўл қўйган муаммоларга барҳам бериш учун марҳум президент Ислом Каримов 2011 йилда “Олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва юқори малакали мутахассислар тайëрлаш сифатини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди. Бу қарорнинг ижроси Қосимовнинг ўрнига тайинланган Рустам Азимов зиммасига юкланди. Бу қарор университетда муҳокама қилинганида таълим тизимида Қосимов даврида шаклланган икки муаммога барҳам бериш ваъда қилинган эди. Бу муаммолардан бири коррупция, иккинчиси эса коррупцияга элтувчи йўл, яъни ўқитувчи-профессорлар ойлигининг камлигига эътибор қаратилди ва шу йўналишда кичик бўлса ҳам қадамлар қўйилди. Энди эса, яна ишлар эски форматга қайтадиганга ўхшайди, дейди суҳбатдош.

Рустам Қосимов билан биргаликда Ўзбекистон Олий таълим ва ўрта таълим вазирлигида ишлаган мулозим ўз соҳасининг биринчи раҳбар ҳарҳашасига боғланиб қолишини истамайди.

- Системани ўзгартириш керак¸ раҳбарни эмас. Мамлакат, жамият ривожланган сари таълимнинг дунëда тан олинган самарали услубларига интилиш, қизиқиш кучайиши, барибир, муқаррар. Эртами-кечми, соҳани ислоҳ қилиш керак. Лекин бу ислоҳот битта раҳбарни ўзгартириш билан бўлмайди. Бу йилнинг ўзида Самарқандда иккита, Навоийда битта, Тошкентда тўртта ўқитувчи пора олаëтганида ушланиб қамалди. Бу коррупция ўтган йили ëки бурноғи йили бошланмади. Бунинг илдизи анча чуқур. 2002 йилда Қосимов Ўзбекистон Олий ва махсус таълим вазирлигида олий таълим бўйича вазир ўринбосари эди. Ўшанда бу система авж ола бошлаган эди¸ дейди суҳбатдош.

Озодлик тасарруфидаги маълумотларга кўра¸ 2010 йилда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари вазифасидан бўшатилган Рустам Қосимов бир муддат ишсиз юрган.

Кейинроқ Тошкент вилояти касаба уюшмалари федерациясида ишга кириб, жорий йилнинг 13 сентябри, яъни Ўрта ва махсус таълим вазири қилиб тайинланган кунга қадар етакчи мутахассис бўлиб ишлаган.

Қосимовни яқиндан таниган мулозимнинг Озодликка айтишича, иқтисодиёт фанлари доктори, 62 яшар Рустам Қосимов жорий йилнинг 30 августида оила ва дўстлари даврасида туғилган кунини нишонлаганида Бош вазир Шавкат Мирзиëев телефон қилиб, уни табриклаган:

- Менинг исмимни айтманг, чунки ўша куни мен ҳам туғилган кунда бор эдим. Шавкат Миромонович телефон қилганида Қосимов телефон тугмасини босиб ҳаммага эшиттириб турди. Рус тилида табриклади. Кела олмагани учун узр сўраб, совғага қарздорлиги айтди¸ дея иддао қилди мулозим.

Бу табрикдан 13 кун ўтиб Қосимовнинг янги лавозимга тайинлангани ҳақида Мирзиëев фармони эълон қилинди.

Озодлик Ўзбекистон Олий таълим ва ўрта таълим вазирлигига телефон қилиб Рустам Қосимовнинг бу соҳа ривожи учун қандай янги дастури борлигига қизиқди.

Ўзини вазир ëрдамчиси, дея таништирган мулозим Қосимовнинг муҳим масалада мажлисга чақирилганлигини айтиш билан кифояланди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG