Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:12

Кетмонов яна президентликка номзод қилиб кўрсатилди


Тошкентда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг 17 сентябр куни бўлиб ўтган йиғинида партия раҳбари Ҳотамжон Кетмоновни Ўзбекистон президентлигига номзод сифатида кўрсатди. Унинг номзоди партиянинг келаси ойда бўладиган съездида тасдиқланиб, Марказий сайлов комиссияси тарафидан қабул қилинса, Кетмонов иккинчи бор президентликка номзод бўлади.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўз лидери Ҳотамжон Кетмоновнинг номзодини президентликка илгари сурди.

14 октябрда бўладиган партия съездида бу таклиф тасдиқдан ўтиши лозим.

Шундан сўнг, унинг президент сайловига расман номзод эканига оид ҳужжатлар Ўзбекистон Марказий Сайлов Комиссиясига топширилади.

Ўзбекистон Коммунист партяси ўрнига тузилган партиядан номзод сифатида илгари сурилган 47 ёшли Кетмонов асли Андижондан.

Халқ демократик партияси расмий сайтида келтирлишича, маълумоти бўйича рус тили ва адабиёти ўқитувчиси бўлган Кетмонов 2013 йилнинг апрелида партия Марказий кенгаши раиси этиб сайланган.

Ундан аввал президентликка номзод Андижон вилоятида диний ва жамоатчилик ташкилотлар билан алоқа қилиш масалалари бўйича ҳоким муовини вазифасида ишлаган.

Ўзбекистонда 2015 йилда бўлиб ўтган сайловларда ҳам Кетмонов номзоди президентликка илгари сурилганди.

Ўшанда у Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримов билан беллашганди.

Президент Каримов тўсатдан вафот этгани сабаб, мамлакат конституциясига мувофиқ мамлакатда сайловлар 4 декабрда ўтказиладиган бўлди.

Президентликка барча номзодлар маълум бўлди

16 сентябрь куни Ўзбекистондаги ЎзЛиДеп партияси мамлакат муваққат президенти Шавкат Мирзиёевнинг номзодини илгари сурганди.

"Миллий Тикланиш" партияси президент сайловига ўз лидери Сарвар Отамуродовни номзод ўлароқ эълон қилган.

"Адолат" социал демократик партияси 17 сентябрда бўлиб ўз йиғинида партия раҳбари Наримон Умаровни президентликка номзод қилиб кўрсатишга қарор қилди.

Наримон Умаров ҳам 2015 йилда Ўзбекистонда бўлиб ўтган президентлик сайловида номзод сифатида қатнашганди.

Ўзбекистонда расман рўйхатдан ўтган тўртта партия бор ва бу партияларнинг барчаси мамлакатдаги жорий ҳукумат сиёсатини дастакловчи партиялар саналади.

XS
SM
MD
LG