Линклар

Ўзбекистонда президент сайлови олдидан баъзи хонадонларга "Огоҳлантириш хати" ёпиштирилмоқда


Тошкентнинг Чилонзор туманидаги Қатортол кўчасидаги бир нейчта уй "притон" қилинди, дея тортиб олинган.

Тошкентнинг Чилонзор туманидаги Қатортол кўчасидаги бир нейчта уй "притон" қилинди, дея тортиб олинган.

Тошкент шаҳрида президент сайлови арафасида участка нозирлари ва маҳалла фаоллари уйма-уй юриб, хонадон эгалари ва ижарада турган шахсларни рўйхатга олмоқда. Озодлик боғланган хонадон эгаларининг айтишича, рўйхатга олиш учун келганлар уйда қайддан ўтганлар сони, қанча одам яшаши, ижарачилар бўлса улар ҳақидаги маълумотларга қизиқмоқда, оиланинг чет давлатларда юрган аъзолари сайловгача қайтиб келишини таъминласин учун қариндошларига босим қилинмоқда.

Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги хонадон эгаларидан бири Озодлик билан суҳбатда рўйхатга олувчилар 16 октябрь куни уни уйига ҳам келганини айтди:

- Уйда нечта хона, қанча одам яшайди, чет элга кетганлар, уйда ижарага турганлар бўлса уларнинг ҳам ҳужжатини сўради. Дейлик, ропискада бору, лекин ўзи яшамайди. Бундайлар ҳақида ҳам маълумот сўради. Ижарага одам қўйган бўлса, "шартнома қани", дейди. "Нимага бу", деб сўрасам, “сайлов олдидан одамларни рўйхати тузиляпти”, деб, қўшниларникига кириб кетишди, - дейди исми сир қолишини истаган тошкентлик.

Одам яшамайдиган, бўш турган хонадонлар эшикларига эса уй эгаларидан зудликда паспорт ва уй ҳужжатлари билан маҳалла фуқаролар йиғини ёки милиция таянч пунктига келиши ҳақидаги огоҳлантирув хатлари ёпиштириб кетилмоқда.

Хатда хонадон эгалари белгиланган муддатда келмаса уйлари тегишли идора вакиллари иштирокида муҳрланиши ҳақида огоҳлантирилган.

Бўш турган уй эгалари белгиланган муддатда милиция бўлимига келмаса уйлари муҳрланиши ҳақида огоҳлантирилган.

Бўш турган уй эгалари белгиланган муддатда милиция бўлимига келмаса уйлари муҳрланиши ҳақида огоҳлантирилган.

Тошкентнинг Олмазор туманидаги “Қичқириқ” маҳалласи фаоли Озодлик билан суҳбатда бу тадбир 4 декабрга белгиланган президент сайлови олдидан аҳолини рўйхатга олиш мақсадида ўтказилаётганини айтди.

- Президент сайловига паспортизация бўляпти. Бу бутун республика бўйлаб ўтказиляпти. Бир ойдан бери юришяпти уйма-уй участкавойлар, ГУВДдан одамлар, юриб текширяпти. Бизда ҳозир аҳоли сони чиқмаяпти. Кимдир чет элда, кимдир рўйхатда уйида бор, лекин яшамайди. Айримларнинг уйида ижарачи бор, лекин вақтинча рўйхатга олинмаган. Шунинг учун, ҳозир бизга тепадан топшириқ бўляпти, уй эгалари ва ижрада турган одамларнинг паспортларини копиялари - ҳаммасини йиғиб, ИИБга берилиши ҳақида, - деди Олмазор туманидаги “Қичқириқ” маҳалласининг исми ошкор этилмаслигини истаган фаоли.

Милиция ва маҳалла фаоллари уйма-уй юриб текширувлар ўтказаётган бир пайтда пойтахт аҳолиси орасида одамларни бўш турган уйлари ноқонуний тарзда “притон”- иславатхонага айлантирилди, деган важ билан тортиб олинаётгани ҳақида ҳам гап-сўзлар тарқалди.

- Яқинда қўшнимизнинг уйини печатлаб кетишди. Ҳеч ким яшамайдиган уйларни шунақа печатлашаяпти. Айрим гап-сўзларга қараганда, ноқонуний ижарага берилган уйлар “притон” қилинди, деб ҳужжатлаштирилиб тортиб олиняпти ва милиция ходимларига берилаётган экан, - дейди Тошкентнинг Юнусобод туманида яшовчи Саодат опа.

Тошкентнинг Юнусобод туманидаги исми сир қолишини истаган маҳалла фаоли Озодлик билан суҳбатда одамларни уйлари тортиб олинаётгани ҳақидаги гап-сўзларни инкор этди.

Лекин, суҳбатдош агар уй эгаси Ўзбекистон қонунчилигига хилоф тарзда хонадонни ноқонуний “притон”- исловатхона учун ижарага берган бўлса уйи тортиб олинишини тасдиқлади.

- Агар уй притонга айлантирилган бўлса тортиб олинади, шунақа холатлар бўляпти, - деди маҳалла фаоли.

Айни пайтда уйма-уй кираётган маҳалла фаоллари мамлакатдан ташқарига чиқиб кетганлар бўлса "сайловгача қайтиб келсин", дея уларни қариндошларига босим ўтказмоқда.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси расмийларига кўра, мамлакатда 21,4 млн дан кўпроқ сайловчи қайд этилган.

Бу Ўзбекистон аҳолисининг учдан икки қисмидир. 2015 йилги президент сайловида ҳукумат расмийлари 20,798 млндан кўпроқ сайловчи қатнашгани ҳақида маълум қилган.

Мустақил кузатувчиларга кўра, мамлакатда яшаш ва ишлаб чиқариш кучларининг ривожланиши учун етарлича шароитлар яратилмагани боис, беш миллиондан ортиқ одам ҳозир хорижда ишламоқда.

XS
SM
MD
LG