Линклар

Шекспир таржимаси учун қиролича таҳсинига сазовор бўлган мутаржим


Ўзбекистон Халқ шоири Жамол Камол

Ўзбекистон Халқ шоири Жамол Камол

Бу йил Уильям Шекспир ҳаётдан кўз юмганининг 400 йиллиги муносабати билан “Шекспир барҳаёт” кампаниясига старт берилди. Бу кампания доирасида Шекспир ижоди ва ҳаëтига оид турли тадбирлар уюштирилади. Озодлик радиоси Уильям Шекспир ижодининг ўзбек театр санъатига таъсири ҳақида туркум мақолалар тайëрлади. Ана шундай мақолалардан навбатдагисини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Бугунги суҳбатдошимиз Шекспир асарларини биринчи бўлиб инглиз тилидан ўзбекчага ўгирган 78 яшар Ўзбекистон Халқ шоири Жамол Камол.

Шекспир асарларини биринчи бўлиб инглиз тилидан ўзбекчага ўгирган мутаржим Жамол Камол қироличадан табрикнома олди.

Унинг таржимасидаги Шекспирнинг уч жилдли асарлар тўплами ўтган йили Тошкентда чоп этилган эди.

Таржимоннинг айтишича¸ бу уч жилдлик асар Британиянинг Тошкентдаги элчихонаси кўмагида Қиролича Елизаветага жўнатилган.

Озодлик билан суҳбатда Жамол Камол Шекспир боис бутун ҳаëти ўзгариб кетганлигини айтди:

- Ҳамза театри раҳбари Олим Хўжаев таклифи билан Шекспирнинг “Ҳамлет” асарини таржима қилиш бошлаганимда бир савол ўртага чиқди. Бу савол рус тили орқали қилинадиган таржима билан боғлиқ эди. Маълумки Ҳамлетни ўн еттита муаллиф русчага таржима қилган. Ўшалардан қайсига таянасиз дейишди. Мен Шекспирнинг ўзига таянаман дедим ва Оксфордда чиқарилган Шекспир асарларини таржима қилиш учун тўрт йил мукаммал инглиз тилини ўргандим, - дейди Жамол Камол.

Ўзбекчага ўгирилган сонетлар

Шекспирнинг адабий мероси драматургия асарларидан ташқари 1592—1600 йилларда ёзилган “Сонетлар” ни ҳам ўз ичига олади.

Шоир Жамол Камол Шекспирнинг сонетларини ҳам инглиз тилидан таржима қилган.

Ана шу таржималардан бирида ”Ўлим соя сололмас” қадриятлар поэтик шаклга солинади:

Бир ажиб гўзалсан, сокина, дилбар.

Шамол юлқиб отар чечакларни, бас,

Ёзимиз қисқадир, ҳадемай ўтар.

Гоҳо кўкда қуёш қамаштирар кўз,

Гоҳо булутлардан осмон ҳам хира,

Бир зумда хуфтондир, бир лаҳза кундуз,

Хулласки, табиат тинчимас сира.

Аммо сенинг ёзинг ўзгача, бўлак,

Қуёшинг чарақлаб сочади ёғду.

Ўлим соя сололмас, малак,

Шоирнинг шеърида ҳаётсан мангу.

То танда жон бўлур, то кўзларда нур,

Яшарсан тириклар ичра бир умр….

Жамол Камол ҳақида

Бухоронинг Шофирконида дунёга келган Жамол Камолнинг Озодликка айтишича¸ “уч ойлигида отасини "Акмал Икромов ва Файзулла Хўжаев халқ душманлари эмас" деган сўзлари учун отувга ҳукм қилишган”

Ўрта мактабдан сўнг, Бухоро педагогика институтининг тарих-филология бўлимини битирган Жамол Камол бир неча йил олийгоҳда чет эл адабиётидан дарс беради.

Ўзбекистон Фанлар Академияси ҳузуридаги Тил ва адабиёт институти аспирантурасини битириб, филология фанлари номзоди илмий даражасига эга бўлганидан сўнг, ўн йилдан кўпроқ институтда илмий ходим, кейинроқ Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётининг бош муҳаррири лавозимларида ишлади.

Жамол Камол 1991-1996 - йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига раҳбарлик қилди.

Жамол Камол Румийдан қилган таржималари учун Эрон ва Туркиянинг давлат унвонларига сазовор бўлган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG