Линклар

Ўзбекистонда йилнинг энг яхши спорт сайти - UFF.uz ёпилди


uff.uz ўтган йил Ўзбекистонда энг яхши спорт сайти, дея эътироф этилганди

uff.uz ўтган йил Ўзбекистонда энг яхши спорт сайти, дея эътироф этилганди

Ўзбек футбол фанатлари сайти – UFF.uz сайти ўтган шанба куни тўсатдан беркитилди.

Озодликнинг футбол соҳасидаги бир-биридан мустақил манбаларига кўра, UFF.uz-нинг беркитилишига сайтнинг изоҳлар бўлимида Ўзбекистон Футбол федерацияси фаолиятининг кескин танқид қилиниши ҳамда федерация раҳбарияти шаънига битилган ҳақоратли сўзлар сабаб бўлган.

"Футбол мутасаддилари ҳақида кўп шарҳлар ёзиларди. Асосий сабаб шу. Ва яна сабаб шуки, сайтнинг номи Ўзбекистон Футбол Федерациясига ўхшаш бўлгани Мираброр Усмонов бошчилик қилаётган ташкилотнинг асабини ўйнаб келган," дейди Озодлик манбаларидан бири.

Футбол бўйича мустақил журналист Бобомурод Абдуллага кўра, UFF.uz сайтини ёпиш Ўзбекистон Футбол федерацияси ва мураббийлар ўртасида "келишиб" олинган қарор бўлиши мумкин.

"UFF.uz сайти федерацияни танқид қиларди, мураббийларни, терма жамоалар марказини... Бу танқидларга уларни охири тоқати чидамади шекилли, ёпишга қарор қилган шекилли келишиб," дейди Бобомурод Абдулла.

Аввал Қирғизистон сўнгра Экваториал Гвинея

2 июнь куни Ўзбекистон Футбол федерацияси Ўзбекистон ва Экваториал Гвинея миллий терма жамоалари ўртасида ўтказилиши режалаштирилган ўртоқлик учрашуви бекор қилинганини билдириши ортидан UFF.uz сайтининг шарҳлар бўлими футбол мухлисларининг танқидлари ва ҳақортларига тўлиб кетган.

Июнь ойи бошида Ўзбекистон ва Қирғизистон терма жамоалари ўртасида Тошкентнинг “Бунёдкор” стадионида ўртоқлик беллашуви ўтказилиши режалаштирилган эди.

Бироқ Ўзбекистон томони “Футбол федерациясининг режаси ўзгартирилгани “ ва Қирғизистон терма жамоаси билан ўйин бекор қилинганини билдирган.

Мазкур хабардан бир кун ўтгач, Ўзбекистон терма жамоаси Экваториал Гвинея билан ўйнаши ҳақида эълон қилинганди.

Ўзбекистон футбол федерацияси футбол ишқибозлари сотиб олинган чипталарни қайтаришлари мумкинлигини билдирган эса-да, UFF.uz сайтида фикр қолдирганларнинг аксари чипталарни қайта топшира олмасликларидан хавотир изҳор этган.

Футбол бўйича мутахассис Баҳодир Носиров бирин-кетин икки ўртоқлик учрашувининг бекор қилиниши Ўзбекистон Футбол федерацияси учун “умуман уят” бўлганини айтди.

Умуман уят бўлди. Ўша учрашувни келишган одамлар келишувни яхши ташкил қилиши керак эди. Ўша шартномага, мабодо келмаса, одамлардан йиғилган пулни нима қиламиз, ким қайтиб беради, деган гаплар ёзилиши керак эди. Стадион сотган бўлса ҳамки, ташкилот қилган ўша Футбол федерацияси барибир. Ўша стадионни раҳбарияти ҳам МВДдан чиққан одамлар, жа бўлмасам, кредит олиб, одамларнинг қарзини тўлашлари керак эди,” дейди Баҳодир Носиров.

Ҳақорат майдони

“Пахтакор” футбол клубининг ашаддий ишқибозларидан бири эса охирги пайтларда UFF.uz сайтида назорат қолмаганидан ёзғирди.

Унга кўра, рақиб клублар ишқибозларининг бир-бирини ҳақорат қилиш майдонига айланган.

Мен ўзи бор йўғи иккита спорт сайтини ўқийман. Бири мана шу uff.uz сайти. Яхши сайт эди, ўқиса бўларди. Лекин сайт контроль қилиши керак регистрациядан ўтган ҳар битта одам ёмон сўзлар ёзмаслиги учун. Битта одамни назорат қиламан деб, Ўзбекистон Футбол федерацияси сайтни беркитиб қўйган шекилли. “Чемпионат Азия” сайти тўғри қилади, битта ҳақоратли шарҳ ёздингми, тамом, даров блок қилади. Аммо uff.uz сайтида сўккан одамга ҳеч нарса қилишмайди, ҳақорат майдонига айланган,” дейди “Пахтакор” мухлиси.

"ТВдаги икки кўрсатув... энди сайт"

UFF.uz cайти ўтган йил Ўзбекистонда "Спорт" йўналиши бўйича "Йилнинг энг яхши сайти", деб тан олинган эди.

Спорт соҳасини яқиндан кузатиб борувчи яна бир журналист UFF.uz ни охирги ўн йилда энг кўп мақолалар ва хабарлар бериб келаётган сайт бўлганини айтади.

Бабаян бошчилик қилаётгандан бери ТВдаги икки кўрсатув, бир неча журналист ишдан кетди, энди сайт..” деди исмини ошкор этишни истамаган бу журналист.

Ўтган йил 1 декабрида "Спорт" телеканалидан "Соккер клуб" ва "Футбол шарҳи" кўрсатувлари эфирдан олиб ташланган, кўрсатув бошловчи ва муаллифлари ишдан бўшатилган эди.

Бунга кўрсатувда Ўзбекистондаги футбол жамоалари ўртасида "келишилган ўйинлар" ва тотализаторга пул тикишдаги қаллобликларнинг фош этилиши сабаб бўлгани айтилади.

UFF.uz сайти беркитилиши баробарида спорт йўналишидаги бир неча сайтдан шарҳ ва изоҳлар бўлими олиб ташланган.

Футболга ихтисослашган яна бир веб сайт - chempionat.asia фикрлар бўлимига янги иловаларни қўшган.

3 кунлик профилактика ишларидан сўнг, сайтимизнинг фикрлар бўлими яна ишга тушди. Сайтдаги айрим техник имкониятлар мукаммаллаштирилди. Фикр қолдириш хавфсизлик тизими устида иш олиб борилди," деб ёзади chempionat.asia.

Ушбу сайт ўз ўқувчиларини изоҳ қолдираркан тартибли бўлишга чақирган

"Энди сайтда ҳақорат қилган, футбол мавзусидан четга чиққан, икки жамоа мухлислари ўртасидаги "сен-мен"ларга чек қўйилади. Ҳеч қандай вазиятда "блок" бўлган ўқувчига "ники"ни тиклаш имконияти берилмайди. Шунинг учун, сизлардан тартибли бўлишингизни илтимос қиламиз," дея огоҳлантиради сhempionat.asia.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG