Линклар

logo-print

Сентябрнинг сўнгги ҳафтасидан бошлаб Тошкент шаҳрида ички ишлар бўлимлари, корхона, ташкилот ва муассасалар вакилларидан иборат 10-15 кишилик махсус гуруҳлар уйма-уй юриб паспорт режимини текшириш, бўш турган уйларни аниқлаш, уй-жойни ижарага бериш тартибига риоя қилиниши каби масалалар юзасидан кенг қамровли текширувлар ўтказмоқда.

Текширувлар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилишга оид қонунга ўзгартишлар киритилган, яъни пропискадан ўтиш янада кучайтирилган пайтга тўғри келди.

Шубҳали ногирон

- Ўтган куни кўчада бир ногирон одам кетаётган эди, уни маҳалла участковойи тўхтатиб, ҳужжатларини сўради. Ҳужжатлари йўқ экан, ўзи бомжларга ўхшаб кийиниб олган экану лекин қўлида - қиммат телефон. Шунинг учун участковой шубҳаланиб, ногиронни машинага ўтқазди-да, РОВДга олиб бориб топширди. Бу воқеа Аэропорт ҳудуди, Олтин водий маҳалласи Венгрия кўчасида бўлди, деб ҳикоя қилди Тошкентнинг Сирғали туманида тузилган текширув гуруҳларидан бирининг аъзоси.

Сирғалида текширув

Бу тманда тузилган текширув гуруҳларидан бири аъзосининг овози эшиттирилмаслиги шарти билан Озодликка айтишича, текширув гуруҳида “ички ишлар бўлими вакили, жиноят қидирув бўлими ходими, маҳалла участковойи, санэпидемстанция ва коммунал хизмат кўрсатувчи корхоналар, маҳалла поликлиникаси вакиллари ва бошқалар – тахминан 14 киши бор”.

Гуруҳ вакилига кўра, текширувчилар ўрганадиган масаласига қараб 3 га бўлинган.

“Жиноят қидирув вакили қатнашадиган биринчи гуруҳ, асосан, паспорт текширади. Уйда биров яшаяптими-йўқми, ижарачи борми-йўқми, бўлса шартномаси борми, соқоллилар борми, хуллас, шунга ўхшаш ишларни ўрганади. Иккинчиси коммунал хизматлардан қарздорликни ўрганди, учинчи гуруҳ сайловчилар рўйхатини тузади”, деди Текширув гуруҳи вакили.

Унинг айтишича, Текширув гуруҳининг устидан ҳам текширув бор.

“Ҳар куни эрталаб прокуратура вакили келиб, ким бор, ким йўқлигини кўриб, отчётларни текшириб кетади”, деди Текширув гуруҳи аъзоси.

Себзорда ҳам, Олмазорда ҳам текширув

Ҳуқуқшунос Гулнора Оқилова яшайдиган Себзор маҳалласидаги кўпқаватли уйларда ҳам текширувлар давом этмоқда. Унинг айтишича, текширувлар бошланганига бир ҳафта бўлди.

Текширувчилар нималарга эътибор бераётгани, қоидабузарларга қандай чоралар кўрилаётганини Озодликнинг Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги маҳаллалардан биридаги манбасидан олинган қуйидаги ҳисоботдан яққол кўриш мумкин.

Бу маҳаллада “тадбир”, яъни текширув 24 сентябрда бошланган.

Демак, ўшандан буён:

1. Ўрганилган турар-жойлар – 3 сентябрда 34 та, тадбир бошидан буён 397 та;

2. Ўрганилган шахслар сони -3 сентябрда 199 киши, тадбир бошидан буён 2892 киши;

3. Пропискаси бўйича яшамаётган шахслар сони - 3 сентябрда 6 киши, тадбир бошидан буён 73 киши;

4. Эгаси бор, лекин бўш турган хонадонлар сони - 3 сентябрда 2 та, тадбир бошидан буён 5 та;

5. Ижарага берилган хонадонлар сони - тадбир бошидан буён 1 та.

6. Ижара шартномаси тузилмасдан ижарага берилган хонадонлар сони - тадбир бошидан буён 1 та.

7. Ижара шартномаси тузилмасдан ижарага берилган хонадонларда яшаётган шахслар сони - тадбир бошидан буён 2 нафар.

8. Ўрганиш жараёнида турар-жойни бериш тартибини бузган хонадон эгаларига нисбатан 1 маъмурий баённома тузилди;

9. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 159-моддасини (Турар жойлардан фойдаланиш қоидаларини, уй-жой фондидан техник фойдаланиш қоидалари ва нормаларини бузиш) бузганларга нисбатан қўлланилган маъмурий жазо –жарималар миқдори – тадбир бошидан буён 748 880 сўм;

10. Прописка ёки вақтинча рўйхатдан ўтмасдан яшаётган шахслар сони - тадбир бошидан буён 2 киши;

11. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223- (Паспорт тизими қоидаларини бузиш) ҳамда 225- (Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузиш) моддаларини бузганларга 898 656 сўм жарима солинди.

Назоратнинг бу қадар кучайтирилиши сабабларини сўраш учун Тошкент шаҳар ҳокимлиги мулозимлари билан боғланишга уринишларимиздан иш чиқмади.

Ўқув юртларида ҳам текширув

Озодликка келаётган хабарлардан пойтахтдаги ўқув юртларида ҳам назорат кучайтирилганини тушуниш мумкин.

“Хавфсизлик режими кучайтирилди. Паспорт режими. Ҳаммани текширишаяпти, қаерда яшайсан, ким билан яшайсан ва ҳоказо. Вилоятлардан келган талабалар қаерда ва ким билан яшаши тўғрисида тўлиқ ҳисобот бериши лозим. Агар талаба ижарага уй олса, унинг уйини участковой, талабанинг декани, декани ўринбосари, куратори келиб унинг қандай шароитда яшаётганини кўриши, талаба билан бирга суратга тушиши керак”, дейилган Озодликка келган рус тилидаги хатда.

Текширувлар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилишга оид қонунга ўзгартишлар киритилган - пропискадан ўтиш янада кучайтирилган пайтга тўғри келди.

Эндиликда, тилга олинган ҳудудларда доимий пропискадан ўтган фуқароларнинг хотини (эри), уларнинг вояга етган, лекин ўз оиласига эга бўлмаган фарзандлари, вояга етмаган фарзандлари ёки хотиннинг (эрнинг) олдинги никоҳидан фарзандлари ёхуд никоҳсиз туғилган фарзандлари, шунингдек, асраб олинган фарзандларидан ташқари қариндош-уруғлари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида домий прописка қилинмайди.

Шу пайтгача тилга олинган ҳудудларда доимий пропискадан ўтган фуқароларнинг биринчи ва иккинчи даражали қариндошларининг барчаси доимий пропискадан ўтказилиши мумкин эди.

28- модда

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Совет давридан қолган прописка тизими Ўзбекистон мустақилликка эришгач, нафақат бекор қилинмагани, балки фавқулодда кучайтирилганини, мамлакат Конституциясининг 28- моддасида белгилаб қўйилган бир жойдан иккинчи жойга кўчиш ҳуқуқи бузилаётгани тўғрисида бонг уриб келадилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG