Линклар

Ўзбекистондаги уяли телефон ширкатлари ўз абонентларини SIM-карталарини бегона қўлларга бермаслик, улардан ғайриқонуний мақсадларда фойдаланганлик учун жавобгарлик эса рақам эгасининг зиммасида эканлиги ҳақида огоҳлантирмоқда.

Мамлакатдаги йирик уяли телефон операторларидан бири Ucell ўз мижозларига қуйидаги мазмундаги огоҳлантирув SMS мактубларини жўнатди.

Ucell тарафидан юборилган SMS матни.

Ucell тарафидан юборилган SMS матни.

“Ҳурматли Абонент, эслатиб ўтамиз, Сиз ўз номингизга олинган абонент рақамлари ва улардан ғайриҳуқуқий мақсадларда фойдаланганлик учун масъулсиз”, - дейилади Ucell абонентларига жўнатилган мактубда.

Абонент рақамларидан ғайриҳуқуқий фойдаланиш деганда нима назарда тутиляпти?

Озодликнинг бу саволига Ucell ширкатининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича вакили Камола Икромова шундай жавоб берди:

- Ҳозир кўряпсиз, ҳар хил диний оқимлар кўпайиб кетяпти, бировдан пул сўраш кўпайиб кетяпти ёки кимгадир телефон орқали керак бўлмаган гапларни ёзишлар бўляпти. Бу нарсалар ҳаммаси кузатилади. Шунинг учун агар номингизда қанақадир рақам бўлса бировга, яъни бегона қўлларга бу рақам тушмаслиги керак, фақат сиз томондан ишлатилиши керак шу SIM-карта. Агар бегона шахс сизнинг рақамингиздан қанақадир ноқонуний равишда қанақадир хатти –ҳаракатларни амалга оширса бунга сиз жавобгар бўлишингиз мумкин. Агар SIM-картани йўқотиб қўйсангиз дарров бу ҳақда ширкатимизга мурожаат қилиб, янгисини олишингиз мумкин, - деди Ucell ширкатининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича вакили Камола Икромова.

Ўзбекистонда уяли телефони хотирасида Қуръон оятларини сақлаб, уларни бошқаларга тарқатган шахслар диний экстремизм ва ақидапарастликни тарғиб қилганликда айбланиб қамалиши холлари сўнгги пайтда кўпайди.

Шу йил апрелида Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 244-бандига киритилган ўзгартишларга мувофиқ диний-экстремистик материалларни сақлаш жиноят даражасига кўтарилди.

Қуръон оятлари ва тиловатларини уяли телефонга сақлаш, азонни уяли телефонлар қўнғироқ товуши сифатида ишлатиш эса Ўзбекистонда урф бўлган.

- Ширкатимиз SIM-карталардан тўғри, кераклича фойдаланишингиз тарафдори. Қанақадир ортиқча ҳаракатлар бизнинг ширкатимиз SIM-карталари воситасида амалга оширилиши керак эмас. Телефон рақами яхши ниятларда, яхши хабарларни айтиш учун қўлланилиши лозим, ортиқча, давлатга зарар келтирадиган сабаблар учун қўлланилиши керак эмас, - дейди Камола Икромова.

Шунингдек, уяли телефон орқали бировларнинг шахсий ҳаётига дахлдор видеоларни уларнинг изнисиз тарқатиш, шантаж қилишлар Ўзбекистонда оммалашгани айтилади.

Тошкентлик Ucell мижози Жамшид уяли телефонларни суиистеъмол қилишлар кўпайганини тасдиқлайди.

- Кескир пичоқдан яхшилик учун ҳам, ёмонлик учун ҳам фойдаланиш мумкин, дейишадику. Уяли телефон ҳам шундай. Ҳозир кимнидир эри ўйнаши билан юрганини телефонга олиб, тарқативоришлар кўп бўляпти, оқибатда оилалар бузилиб кетяпти. Телефон орқали таҳдидлар қилиняпти, тухмат гаплар ёзиляпти, телефонлардан шантаж қилиш мақсадларида фойдаланиляпти. Ҳозир уяли телефон ширкатлари ҳам буни тушуняпти ва булар учун жавобгарликни ўзидан соқит қиляпти, - дейди Жамшид.

Ўзбекистон SIM-карталардан ғайриқонуний фойдаланишнинг яна бир тури GSM терминация деб аталади.

SIM карталардан VoIP телефонияни мобил телефонларга боғлаб, чет эл билан гаплашиш хизматини йўлга қўйган бир нечта гуруҳ Ўзбекистонда жиноий жавобгарликка тортилгани ҳақида Озодлик аввал хабар берган эди.

Тошкентлик Интернет телефония соҳаси мутахассиси Умид Солиевга кўра, Ўзбекистонда кимдир чет элдаги танишлари билан телефонда арзонроқ гаплашиш¸ кимдир эса тижорий мақсадларда SIM карталарни суистеъмол қилиш билан шуғулланади.

- Бунақа одамлар ўнта, ўн бешта одам номига олинган SIM-карталардан пул қиляпти. VoIP телефонияни мобил телефонларга боғлаб, чет эл билан гаплашиш хизматини йўлга қўйишган. Бу эса уяли телефон ширкатлари учун зарар. Шунинг учун ширкатлар ўз мижозларига SIM-карталарни бегоналарга берманглар, деб каттиқ огоҳлантиряпти, - дейди Умид Солиев.

Ўзбекистонда абонентлар SIM-карталарни паспортини кўрсатиб олади.

Бундан ташқари мижоз уяли телефон ширкати билан шартнома ҳам имзолайди.

Ucell ширкатининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича вакили Камола Икромова ўз мижозларини ширкат билан имзолаган шартномага амал қилишга чақиради.

- Ширкатдан рақам олаётганда абонент билан шартнома имзоланади. Шу шартномада рақам орқали амалга ошириладиган барча ҳаракатларга айнан абонент масъул, бошқа учинчи шахс эмас. Ширкатни сизнинг SIM қартангиз бошқани қўлига тушиб қолгани қизиқтирмайди. Чунки рақам сизни номингизга олинган. Сиз ва ширкат, ўртада эса шартнома бор. Биз мижозлардан шартнома шартларини батафсил ўқиб чиқишни тавсия этамиз, - дейди Ucell ширкатининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича вакили Камола Икромова.

Ўзбекистон мобил телефонлардан фойдаланиш шиддат билан ортиб бораётган давлатлар сирасига киради.

Ўзбекистонда мобил алоқаларидан фойдаланувчиларнинг сони 22 миллиондан ошиб кетган.

Мамлакатда бешта мобил алоқа оператори фаолият юритмоқда. Булар Россияга қарашли Beeline ва UMS (МТС ширкати), Ucell, миллий Uzmobile оператори ва Perfectum Mobile ўзбек компанияларидир.

XS
SM
MD
LG