Линклар

Истанбулда $9,5 млн. билан ушланган ўзбекистонлик "гуланчи"ликда гумон қилинмоқда


Сурат Туркияда чиқадиган Milliyet газетаси вебсаҳифасидан олинди

Сурат Туркияда чиқадиган Milliyet газетаси вебсаҳифасидан олинди

Туркия расмийларининг Озодликка айтишича, Истанбулдаги Отатурк аэропортида 9,5 млн доллар билан ушланганлар “гуланчи”лар фойдасига валюта контрабандасида гумон қилинмоқда". Қўлга олинган 7 кишининг бири Ўзбекистон ватандоши, яна бири Қирғизистон ватандоши, қолганлари туркияликлардир. Улар террорчиларга молиявий кўмак кўрсатишга уринганликда гумон қилиниб, Истанбулнинг Бақиркўй мавзеидаги тергов ҳибсхонасида сақланмоқда.

Бу ҳақда Озодлик мухбирига Истанбулнинг Бақиркўй тумани прокуратураси матбуот хизмати вакили маълумот бераркан, қўлга олинган 7 кишининг исмлари бош ҳарфларини айтиш билан кифояланди.

Унга кўра¸ гумондорлар А.У¸ Ҳ.Ў¸ Ҳ.А.К¸ З. К¸ Б.С¸ ДТ ва Т. К.лардир. Тўлиқ исмлар икки кун ичида турк матбуотида эълон қилиши кутилмоқда.

Бақиркўй тумани прокуратураси матбуот хизмати вакилининг айтишича, қўлга олинганлар “гуланчи”лар фойдасига валюта контрабандасида гумон қилинмоқда".

Турк матбуотининг ëзишича қўлга олинган гумондорлар Истанбул Бош прокуратурасида сўроқ қилинган ва вақтинча ҳибсга олинган.

Туркиядаги нуфузли "Миллият" газетаси 10 миллион АҚШ долларига яқин пулни Туркияга изнсиз киритмоқчи бўлганлар мақсади “террорчиларни пул билан таъминлаш бўлган”, дея иддаоли ҳабарни тарқатди.

“Қўлга олинганларнинг сири юзага чиқди. 9 миллион 500 минг АҚШ доллари солинган сумкалар қамоқда қолаëтган ФЕТО (Фатхуллох Гулан тарафдорларининг расмий Анқара наздидаги номи - таҳр.) аъзоларини молиявий таъминлашга аталган”, дея ëзилади "Миллият" газетасидаги мақолада.

Озодликнинг Истанбулдаги мухбири Элвира Буғдойчиеванинг айтишича¸ Отатурк аэропортида жуда катта миқдордаги декларация қилинмаган валютани чегарадан олиб ўтишга уринган 7 киши 18 ноябрь жума куни кечқурун қўлга олинган:

- Қўлга олинганлар орасида бир нафар Қирғизистон ватандоши борлигини Туркиядаги Қирғизистон расмийлари тасдиқлади¸ аммо улар ҳозирча бошқа тафсилотлардан тийилишмоқда¸ дейди мухбиримиз.

Истанбулдаги Ўзбекистон консуллиги эса валюта контрабандасида айбланиб қўлга олинган Ўзбекистон ватандоши борасида Озодликка изоҳ бермади.

Озодликнинг бир-биридан мустақил икки манбасининг айтишича¸ 9 миллион 500 минг АҚШ доллари солинган сумкаларни кўтарган йўловчилар Тошкент-Истанбул авиарейсида учиб келишган.

Манбаларнинг айтишича, улар “пул ташувчи курьер” бўлган.

Турк матбуотининг ëзишича бу курьерлар "ФЕТО террорчилари" учун пул ташbган. Гап таниқли диний уламо Фатҳуллоҳ Гуланнинг диний жамоати ҳақида кетмоқда.

2016 йил июлидаги давлат тўнтаришига уринишда Туркия ҳукумати Фатҳуллоҳ Гуланнинг жамоатини айблаши ортидан бу жамоатни террор ташкилоти, дея эълон қилди.

Бутун дунёдаги Туркия элчихоналари кўп йиллардан буён нуфузли деб кўриб келинадиган Гулан диний ҳаракати мактабларини ёпишга ҳаракат қилмоқда.

Айни пайтда Гулан диний ташкилоти Туркиядан бошқа аксар давлатларда террорчи ташкилотлар рўйхатига тиркалмаган.

Истанбул нақд пул ўтказиш йўлагими?

Отатурк аэропортида ишлашини айтган асли ўзбекистонлик йигит Озодлик билан суҳбатда “юз килодан кўп юзталик долларни сумкасида ташиган ўзбеклар” воқеаси жума куни бутун аэропортда сенсация бўлди дея гапирди:

- Одатда Истанбул аэропортида учоқдан чиққанлар юкларини олиб ташқарига чиққанда Тошкентдаги каби жиддий божхона назорати бўлмайди. Бемалол юкингизни олиб чиқаверасиз. Аммо чиқиш эшиги олдида гумрикчи (божгир) ўтиради ва шубҳали кўринган йўловчини текширади. Бу етти нафар йўловчининг ҳатта-ҳаракати шубҳа туғдирган. Кейин уларнинг қўлларидаги сумкалар текширилганида юз кило оғирликдаги ўн миллион доллар пул чиқибди, деган гап тарқалди.

Суҳбатдошга кўра¸ Ўзбекистон ва Қирғизистондан Туркияга “Қора нақд пул” йўлаги мавжуд:

- Ўзбекистон ва Қирғизистондаги бизнесменлар пулларини чет элга ўтказиш учун бу йўлакдан фойдаланиб келишади. Маълум бир фоиз эвазига пул ўтказадиган группалар бор. Лекин жума куни қўлга тушганлар бу группадан эмас¸ дейди Истанбул аэропортида ишлайдиган ўзбек ватандош.

Истанбулда истиқомат қилаëтган ўзбек журналисти Шоҳруҳ Соипов ўз манбаларига таяниб “қўлга олинганларнинг пул трансфери билан шуғулланадиган ўзбек тадбиркорлари эмаслигини” таъкидлайди.

- Ҳар куни Бишкек-Истанбул ва Тошкент-Истанбул учоқлари орқали майда тадбиркорларга тегишли нақд пулларни келтирувчи тадбиркорлар билан гаплашсам¸ қўлга олинганлар бизданмас дея ҳотиржам туришибди, дейди суҳбатдош.

Тошкент-Истанбул ҳаво қатнови орқали божхонада қайд қилинмаган валюта ташиш билан боғлиқ бошқа бир воқеа шу йилнинг 23 июнида содир бўлган эди.

Истанбул полицияси матбуот марказига асосланиб матбуотда ëзилишича Ўзбекистон ватандоши О. Е. Тошкент-Истанбул учоғи воситасида Ўзбекистондан келтирилган бир миллион тўққиз юз минг нақд долларни Отатурк аэропортидан олиб ўз машинасида шаҳар томонга юрган пайтда талончилар тажовузига учраган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG