Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:13

Туркия Ўзбекистон билан муносабатларда "янги бир саҳифа очишни" истайди


T
T

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон мамлакатининг Ўзбекистон билан алоқаларда “янги саҳифа очиш”ни истаётганини билдирди.

Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг бу сўзлари 16 ноябрда Покистон ва сўнгра Ўзбекистонга сафари олдидан Эсенбўға аэропортида ўтказган матбуот йиғини пайтида янгради.

Озодлик суҳбатлашган турк-ўзбек алоқалари бўйича мутахассисларнинг ишонишича, президент Каримов вафоти ортидан Туркия раҳбариятида "дўст бўлмаган" мамлакат билан муносабатларни яхшилаш имкони пайдо бўлмоқда.

Ражаб Тоййиб Эрдўғон Ўзбекистон янги раҳбари билан илк бор учрашади.

2014 йил январида Сочидаги қишки олимпиада ўйинларининг очилиши чоғида Ражаб Тоййиб Эрдўғон Президент Каримов билан қисқа учрашув ўтказган эди.

Туркия Ўзбекистон мустақиллигини эътироф этган илк мамлакат бўлса-да, икки мамлакат муносабатлари охирги 20 йилда ўта афтода ҳолда эди.

"Кучли ирода ва қатъият"

Покистонга ташрифи ортидан марҳум президент Ислом Каримов қабрини зиёрат қилиш учун Самарқандга ўтишини маълум қилган Туркия президенти у ерда Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев билан мулоқот ўтказишини айтди.

"Ўзбекистон билан алақоларимизни икки қардош ўлкага ярашадиган бир савияга чиқаришни истаймиз. Бу нуқтада ўзбек қардошларимизда ҳам кучли бир ирода ва қатъият борлигини кўраяпмиз. Бу зиёратим чоғида Ўзбекистон билан муносабатларимизда янги бир саҳифа очишни истайман," – деди Ражаб Тоййиб Эрдўғон.

Ислом Каримов вафотидан кейин илк бор Ўзбекистонга бораётган Туркия президенти Шавкат Мирзиёев билан бўлажак мулоқотида икки мамлакат ўртасдаги алоқалар билан бир қаторда “минтақавий ва халқаро” соҳаларда ҳам фикр алмашишини билдирди.

Туркиянинг туркий давлатлар бўйича собиқ вазири Аҳад Андижонийнинг ишонишича, Ражаб Тоййиб Эрдўғон Ўзбекистон бўлажак раҳбарининг Туркияга муносабатини билиш учун Самарқандга бормоқда.

"Бу Каримовнинг ўрнига келадиган президент ва янги ҳукуматга боғлиқ бир иш. Агар улар масалага тўғри ёндошиб, алоқаларни мустаҳкамлашни яхши, деб ҳисобласа, демакки, алоқалар яхшиланиши мумкин. Чунки, Туркия томонидан қандайдир бир қийинчилик йўқ. Туркия Ислом Каримов замонидаям бутун Ўрта Осиё давлатлари билан муносабатларни яхшилашга қаратилган сиёсат юритган. Аммо, Ислом Каримовнинг Туркияга қараши бу сиёсатни имконсиз қилиб турганди," - деди Аҳад Андижоний.

Кастамона университети профессори профессори Ўрхон Қовунчи фикрига кўра, ҳозирга келиб, икки мамлакат алоқаларини яхшилаш йўлида тўсиқ қолмади.

"Ҳозир Ўзбекистон томонида ҳам Эрдўғон жаноблари билдирган ниятлар бор деб ўйлайман. Ҳозир президенти вазифасини бажарувчи Мирзиёев ҳам Ўзбекистон экономикасини ўйлаб, ҳам халқаро ҳамжамиятда жойини кўтариш мақсадларини ўйласа, Туркия билан алоқаларини яхшилаштириши керак," дейди Ўрхон Қовунчи.

"Абадий дўстлик"дан "Дўст бўлмаган мамлакат"га...

Ўзбекистон билан Туркия ўртасида 90-йилларнинг бошларида абадий дўстлик битими имзоланган, бироқ кейинчалик - Туркия ҳукумати ўзбек мухолифати фаолларига ўз тупроғида бошпана бериши ортидан - икки мамлакат алоқалари бирмунча совуқлашди.

Икки давлат ўртасида ўрнатилган визасиз қатновни Ўзбекистон бир томонлама бекор қилди.

Ўзбекистондан Туркияга олий таълим олиш учун талабаларни гуруҳ-гуруҳ қилиб юбориш дастурлари ҳам тўхтатилди.

Мамлакатдаги ўзбек-турк лицейлари фаолиятига 2000-йилга келиб чек қўйилди.

Ўзбекистон расмийлари Туркия билан маданий ва таълим соҳаларидаги алоқаларнинг совуқлашиб кетганига бирор расмий изоҳ бермайди.

Турк лицейларида таълим олган айрим шахслар Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан мамлакатда ноқонуний деб топилган "Нурчилар" оқимига алоқадорликда айбланиб, турли йилга қамоқ жазоларига ҳукм қилинган.

2011 йилда Ўзбекистонда фаолият юритаётган йирик турк ширкати вакиллари ва раҳбарларига нисбатан ҳам айни мазмундаги айбловлар янграган эди.

Сўнгги йилларда икки мамлакат орасидаги алоқалар шунчалар ёмонлашдики, 2011 йилда Туркия парламенти Ўзбекистонни "дўст бўлмаган" 5 давлат қаторига киритди.

Бироқ кузатувчилар Туркия юқори президентининг Ўзбекистонга сафарини расмий Анқаранинг икки мамлакат ўртасидаги совуқликни аритишга қаратилган навбатдаги қадами сифатида баҳолашмоқда.

XS
SM
MD
LG