Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:16

Мирзиёев Ашхободда туркманистонлик ўзбеклар муаммосини ҳам кўтарди


Шавкат Мирзиëев президент сифатидаги илк давлат ташрифини Туркманистондан бошлади.
Шавкат Мирзиëев президент сифатидаги илк давлат ташрифини Туркманистондан бошлади.

Туркманистонда яшаётган ўзбеклар ва Ўзбекистонда яшаётган туркманларнинг миллий ўзига хослигини сақлаб қолиш масаласи ҳам бошқа масалалар қаторида Ашхободда ўтказилган сўзлашувларда кўтарилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистонга қилган икки кунлик сафари якунларига бағишланган матбуот анжуманида билдирди.

Туркман адиби Омонмурод Бугаевнинг Озодликка айтишича, Шавкат Мирзиёев тилга олган бу масала Туркманистонда яшаётган ўзбеклар учун долзарб бўлиб қолганига бир неча йил бўлган.

Шавкат Мирзиёев Ашхободда ўтказилган матбуот анжуманида Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашувни назарда тутиб, бундай деди:

- Учрашувда биз икки мамлакат ҳудудида яшайдиган ўзбек ва туркман диаспораларининг она тили, миллий маданияти, анъаналари ва урф-одатларини сақлаб қолиш ва ривожлантириш учун қулай шароитларни яратиш йўлидаги ишларни бундан кейин ҳам давом эттириш ниятида эканлигимизни яна бир бор тасдиқладик.

Бу масала икки президент имзолаган Қўшма баёнотда ҳам акс этгани тўғрисида Туркманистон давлат ТВси кўрсатувида айтилди.

Озодлик билан суҳбатда туркман адиби Омонмурод Бугаев Ўзбекистон Президенти баёнотини шарҳлар экан, ҳаяжонини яширмади.

- Тўғриси, Мирзиёевнинг ташрифидан кўп нарса кутган эмасдим. Авваллари ҳам Ўзбекистон президенти Ашхободга келган, бизники Тошкентга борган. Яхши гапларни айтишар эди. Лекин уларнинг гапларида оддий халқнинг – Ўзбекистонда яшаётган туркманларнинг, Туркманистонда яшаётган ўзбекларнинг хоҳиш-истаги акс этмас эди, дер экан, туркман адиби Шавкат Мирзиёевнинг ҳар бир миллат вакиллари ўз она тилини ўрганиши учун шароит яратиш лозимлиги тўғрисидаги гапларини юқори баҳолади.

- Бу ўзбек-туркман муносабатларига янги импульс беради, деди адиб.

Ёши 60 дан ошган Омонмурод Бугаев Совет даврини эсларкан, у вақтларда Ўзбекистонда туркман ва Туркманистонда ўзбек мактаблари бўлганини, уларни дарсликлар ва ўқитувчи кадрлар билан таъминлашда муаммо бўлмаганини эслади.

- Ҳозир эса, - деди туркманистонлик адиб, - Туркманистонда ўқиш ўзбек тилида олиб бориладиган битта ҳам мактаб қолмаган. Бундан ташқари Совет даврида Чоржўй вилоятида чиқиб турган ўзбек тилидаги газета ҳам ёпилиб кетган.

Туркман адиби айтаётган бу гап, аслида, янгилик эмас. Туркманистонда ўзбек мактаблари ёпилиб кетгани тўғрисидаги дастлабки хабарлар пайдо бўлганига ҳам бир неча йил бўлиб қолди. Масалан, Регнум агентлиги 2011 йилги хабарида Туркманистондаги ўзбек мактаблари 2000-йиллар бошидаёқ ёпилиб кетгани тўғрисида ёзган эди.

Туркман адиби Омонмурод Бугаевнинг айтишича, мактаблари ва газеталари ёпилиб кетганига қарамай, туркманистонлик ўзбеклар ўз она юртини тарк этгани йўқ:

- Мустақиллик йилларида туркманистонлик қозоқларнинг кўпчилиги Қозоғистонга кўчиб кетди. Маҳаллий ўзбеклар эса, ҳеч қаерга кўчгани йўқ. Улар ҳозир ҳам Дашовуз, Лебап вилоятларида яшамоқда, Ашхободда ҳам ўзбеклар бор, деди Бугаев.

Баъзи норасмий манбаларга кўра, Туркманистон аҳолиси шу кунда 5,5 миллион нафарни ташкил қилади. Ўзбеклар ўз нуфусига кўра, мамлакатда туркманлардан кейинги иккинчи йирик этнос бўлиб, аҳолининг 9 фоизини ташкил қилади.

Ўзбекистондаги расмий идоралар маълумотларига таяниб, Википедия келтирган маълумотларга кўра, 2013 йили Ўзбекистонда 152 минг этник туркман яшаган. Туркман диаспораси асосан, Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистонда истиқомат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг расмий сайтида келтирилган маълумотларда мамлакатдаги мактабларнинг 45 тасида ўқиш туркман тилида олиб борилади.

OZOD-VIDEO: Ўзбекистондаги туркман элига саëҳат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:25 0:00

Озодлик 2015 йил октябрь ойида Хоразм вилояти Урганч туманидаги 275 нафар ўқувчи таълим олувчи туркман мактабидаги таҳсил ҳақида махсус видеолавҳа ҳозирлаган эди.

XS
SM
MD
LG