Линклар

Мансур Тошматов: Боб Диланга Нобел мукофоти берилиши биз қўшиқчиларни илҳомлантирди


Ўзбекистонлик таниқли хонанда Мансур Тошматов Озодлик билан суҳбатда 2016 йилги адабиёт бўйича Нобел мукофоти америкалик машҳур қўшиқчи Боб Диланга берилганидан илҳомланганини айтди. Швециядаги Нобел академияси ушбу ҳафта америкалик 75 ёшли рок афсонасини “адабиётни қўшиқ орқали ифода қилгани учун” нуфузли мукофотга муносиб деб топди.

62 ёшли Мансур Тошматов - ўз фаолияти давомида Боб Дилан, Фрэнк Синатра, Рэй Чарлз каби америкалик хонандалар қўшиқларини айтган Ўзбекистондаги кам сонли ижодкорлардан бири.

– Боб Дилан Нобел мукофотини олган илк қўшиқчи бўлди ва бу мен қатори барча композитор ва хонандаларни илҳомлантирди, - деди Ўзбекистон халқ артисти Мансур Тошматов Озодлик билан суҳбатда.

Боб Дилан Нобел мукофотини олган илк қўшиқчи.

Боб Дилан Нобел мукофотини олган илк қўшиқчи.

Таниқли мақом қўшиқлари устаси ва бастакор Ғанижон Тошматовнинг 62 яшар ўғли Мансур Тошматов отасидан фарқли тарзда замонавий поп қўшиқчилиги соҳасида муваффақият қозонди.

1978 йили Болгарияда ўтказилган “Олтин орфей” халқаро қўшиқ фестивалида Мансур Тошматовнинг юлдузи чарақлади.

Мансур Тошматов Озодлик билан суҳбатда ўз ижодида Боб Дилан каби афсоналар ижодига мурожаат этганидан ғурурланишини айтди.

Мансур Тошматов Чехия пойтахти Праганинг қадимий Бетлем ( Байт Лаҳм) ибодатхонасидаги xайрия тадбирида ўтган йили чехиялик хонанда Миша Носкова билан бирга қўшиқ куйлаганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG