Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:07

Обид Асомов: 10 йилдан бери Ўзбекистондаги катта саҳнага чиқмаганим алам қилади


Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, рассом, қизиқчи Обид Асомов
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, рассом, қизиқчи Обид Асомов

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист¸ машҳур кулги устаси 54 яшар Обид Асомовга нисбатан ўн йилдан кўпроқ давом этган норасмий тақиқ олиб ташлангани ортидан қизиқчи Озодликка эксклюзив суҳбат берди. Суҳбатдош 10 йил давом этган норасмий тақиқ ва унинг бекор қилингани сабаблари номаълумлигини таъкидлади.

- Ҳеч нарсадан беҳабарман¸шунақа бўлган бўлса ҳурсандман¸ раҳмат дейман. Аслида нима алам қилади биласизми. Топиш-тутишим яхши. Уй жойим тўкис. Лекин чопиб юрган отни чоптирмай битта уйга обкириб боғлаб қўйсангиз қийналади. У югуриши керак¸ у чопадиган от. У мусобақаларда қатнашиши керак¸ тушуняпсизми. Мен дунëнинг ҳамма саҳналарида чиқяпман ҳудога шукур. Лекин барибир мана бу ерда ўзимизни катта саҳна туриб¸ ўшанга чиқа олмасангиз албатта алам қилади. Алам қиладиган жойи бор мен уни бекитмайман¸ дея гапирган қизиқчи “миллат ўз камчиликлари устидан кула олиши” кераклигини ҳам алоҳида таъкидлади:

-Мана биздан олдин қизиқчилик қилган раҳматли Эргаш Каримовга ҳам осон бўлмаган. Сабаби у даврдаям цензура жуда кучли эди. Аммо одамлар назарида Эргаш Каримов улкан куч тимсоли эди. Одамлар “Ман сани Эргаш акага айтаман у сани миниатюра қилади” деб қўрқитишар эди. Шунга Эргаш ака икки ўтни орасида ëнарди. Биринчидан камчиликлар устидан кулиш керак¸ иккинчидан раҳбарият уни кўрсатма¸ буни кўрсатма деб туради. Ўзимни мисолимда айтсам. Милисаларни порахўрлигини ҳажв қилганимда мени машинада юритмай қўйишди. Бир амаллаб узр сўраб қутулдим. Нима қилайлик¸кимни гапирайлик¸ қаерга ўтайлик биз? Уни гапирма¸ буни гапирма. Фақат ўзимяи кичкиналигимни гапирайми. Ўзи шундан бошлаганман. Бўйим паст деб ўзимни устимдан ўзим кулардим. Аммо қачонгача? Ҳадеб ўзингизни устингиздан кулавермайсизку. Бошқа темага ўтсангиз. Масқара қилди¸ бизни камситди¸ бизни миллатни ерга урди деган таъналар ëғилади. Йўқ¸ йўқ. Ҳазил орқали камчиликларни ҳажв қилиш қизиқчини вазифаси. Битта китобда ўқиганман. Ўзини устидан кулишни билган миллатгина кучли миллат дейилган. Мен шу гапга қўшиламан¸ дейди Обид Асомов.

Обид Асомов билан суҳбат
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 1:10:03 0:00
Бевосита линк

Шу кунларда ўзбек телеканаллари Асомов роль ўйнаган фильмларни қайчиламасдан намойиш қилмоқда.

"Ëшлар" телеканалидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ 25 сентябрдан бошлаб эфирга бериладиган филъмлардан Обид Асомов тасвири ë овозини кесмаслик ва кўрсатувлардан Асомов иштирокидаги лавҳаларни олиб ташламаслик ҳақида кўрсатма бўлган:

- Сеткага эшиттириш жойлаш бўйича хавфсизлик бўлимидан кўрсатма бўлади одатда. Шу кўрсатмага кўра¸ бундан буëғига Асомов бемалол эфирга берилиши мумкин. Шу асосда у киши овоз берган “Фантамас” фильми эфирга кетди. “Дев ва пакана”¸ “Пўшт ароба “ каби Асомов бош роль ўйнаган фильмлар ҳам эфирга қайчиланмасдан узатилишга тайëр турибди. Билсангиз¸ илгари ҳатто фильмда Асомов овоз берган жойи бўлса кесиб ташлаганмиз¸ деди "Ëшлар" телеканали таҳририятидаги Озодлик манбаси.

Ўзбекистонда таниқли хонанда ва қизиқчилар концертини уюштириш билан шуғулланувчи Равшанбек Омоновнинг Озодликка билдиришича¸ Асомов 26 сентябрь куни Исроилдаги гастролдан қайтиб келган куни норасмий тақиқ бекор қилинганидан воқиф бўлган:

- Телефон қилиб айтишди¸ бундан олдин Асомовнинг турмуш ўртоғи бундан воқиф қилинди. Шу пайтгача Асомов тўйларда ва мамлакат ташқарисидаги саҳналарда фаолият кўрсатиб келди. Бундан буëн Ўзбекистондаги катта саҳна ва телеканаллар "кулги қироли"га эшик очади деб ўйлайман¸ деди Омонов Озодлик билан суҳбатда.

26 сентябрь куни Ўзбекистон шоу дунëсига яқин шоир Муҳаммад Исмойил ўзининг Facebookдаги саҳифасида уч нафар таниқли санъаткор зиммасидан тақиқ олиб ташланганини ëзди.

“КЕЙИНГИ СОАТЛАРДА ЯХШИ ЯХШИ ХУШХАБАРЛАР ҚУЛОҒИМГА ЧАЛИНАЯПТИ : НАВОИЙ МУКОФОТИ СОВРИНДОРИ, ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ, САНЪАТИМИЗ ҚИРОЛИ ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ, ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ ЮЛДУЗХОНИМ УСМОНОВА, ЎЗБЕКИСТОНДА ХИЗМАТ КЎРСАТГАН АРТИСТ, ДЎСТИМИЗ ОБИДЖОН АСОМОВЛАР ЯНА КАТТА САҲНАЛАРИМИЗГА ҚАЙТИШАЁТГАН ЭКАНЛАР"¸ деб ëзди Шерали Жўраев билан яқин алоқада экани айтиладиган Муҳаммад Исмойил.

Бу гаплар ортидан Юлдуз Усмонова ўз муҳлисларига қарата “Сизларни Истиқлол саройида кутаман” дея сасланди.

Шерали Жўраев эса сўнгги чорак асрда илк бора Ўзбекистон телеканалидаги “Етти мўжиза” эшиттиришида жюри ҳаками сифатида иштирок этди.

“Запрет”даги машшоқлар

Кейинги ўн йил давомида Ўзбекистонда ўнга яқин ашулачи лицензиядан мосуво қилиниб¸ шоу бизнесдаги исталмаган шахслар рўйхатига қўшилган.

Фаррух Зокиров¸ Шерали Жўраев¸ Юлдуз Усмонова ¸ Обид Асомов¸ Севара Назархон¸ Шаҳзода Матчонова¸ Шоҳруҳ рэп¸ Феруза Жуманиёзова¸ Отабек Мадраҳимов¸ Озода Нурсаидова¸Фаррух Соипов каби санъаткорларга қўйилган норасмий тақиқ сабаблари жамоатчиликка очиқланмаган.

Озодлик манбаларига кўра¸ аксар ҳолларда ашулачиларнинг давлат тадбирлари ва мулозимлар тўйларига бормагани муаммога сабаб бўлган.

Тошкентдаги энг катта “Истиқлол” концерт залида ишлайдиган маъмурнинг Озодликка айтишича¸ Шерали Жўраев, Юлдуз Усмонова ҳамда Абдулазиз Каримов каби қўшиқчилар билан шартнома тузмаслик борасида юқоридан берилган оғзаки буйруқ асосида бу санъаткорлар катта концерт саҳналарига қўйилмай келинди.

Бу суҳбатдош бундай буйруқнинг айнан қайси ташкилотдан тушганини очиқлашни истамади.

XS
SM
MD
LG