Линклар

O'zbeknavo “ўзбек миллати устидан кулган” хонанданинг лицензиясини бекор қилди


Хонанда ва актриса Ситора Фармонова ва “Беном” гуруҳи қўшиқчилари Сарвар Азимов билан Комил Фозиловларнинг лицензияси бекор қилинди. O'zbeknavo хонандалар берухсат хорижга чиққани учун жазоланганини билдирди.

Лицензиядан айрилган учовлон

19 июль куни O'zbeknavo уч хонанда - Ситора Фармонова, Сарвар Азимов ва Комил Фозиловлар “лицензия битимидаги талаб ва шартларни мунтазам бузиб келгани учун” уларнинг лицензиялари тугатилганини маълум қилди.

Бу ҳақдаги расмий билдиришдаЎзбекистон Республикаси қонунлари ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари талабини бажариш ҳар бир хонанда ва санъаткорнинг бурчидир”, дейилади.

O'zbeknavo мулозимларидан бири Озодлик билан суҳбатда уччала хонанда ҳам хорижга бир неча бор берухсат чиққани ҳамда Қозоғистон ва Россияда изнсиз концерт бергани боис, уларнинг лицензияси бекор қилинганини таъкидлади.

КВНчи актриса танқидга учради

Хонанда ва актриса Ситора Фармонова лицензиясидан айрилишидан аввал бир неча кун давомида ижтимоий тармоқлар орқали кескин танқидга учради.

Ситора Россияда ўтган “Голосяший КиВиН” мусобақасида Қирғизистоннинг "Азия MIX" гуруҳи иштирокчиси сифатидаги чиққани учун ўзбекистонликлар томонидан танқид қилинди.

“Даракчи” нашри ўзидаги маълумотларга асосланган ҳолда Ситора Фармонова КВНда ўзбек миллати устидан кулгани учун лицензиясидан айрилганига ишора қилди.

“Даракчи”га кўра, Ситоранинг чиқишида жамоа уни “ўзбекистонлик актриса Европага ўзига эр қидириб келган. Уни бунга ўзбек эри мажбур қилди”, қабилидаги ҳазиллар билан "ўзбек миллатининг устидан кулиш" кузатилган.

Россиянинг Светлогорск шаҳрида ўтказилган “Голосяший КиВиН” мусобақасида "Азия MIX" иштирокчиси айтган ҳазилда аслида бошқачароқ ифода қўлланилгани айтилаяпти. Хусусан, у команда аъзоларини бирма-бир таништирар экан, “Бу Ситора – ўзбек актрисаси. Европалик бадавлат эр топиш учун келди. Буни ундан камбағал осиёлик (таъкид Озодликники) илтимос қилган”, деганди.

Озодлик суҳбатлашган O'zbeknavo мулозими Ситора Фармонованинг лицензиясидан ажралганига ушбу КВН мусобақаларидаги чиқишлари сабаб бўлганми ёки йўқлигига ойдинлик киритмади. Бироқ мулозим бу борада билдирилаётган тахминларни инкор ҳам қилмади.

Озодлик мухбирининг Ситора Фармонова билан боғланишга қилган ҳаракатлари бесамар бўлди.

Sayyod.com сайтида эълон қилинган Фармонова билан суҳбатда хонанда ўзига билдирилаётган танқидларни асоссиз, деб ҳисоблайди:

“Ўзбекистон устидан кулинмаган. У ерда бир матн бор эди "Менга Калининград ёқди, айниқса, шаҳарнинг маркази, чунки менга Тошкентни эслатди, жудаям чиройлик Калининград" деб айтганман... Бу Ўзбекистоннинг устидан кулди деганимас, қайтанига ўша чиройлилигини менга эслатди дейилди”, дейди Ситора Фармонова Sayyod.com мухбири билан суҳбатда.

“Беном” ўзига қўйилган айбловни қисман инкор қилди

“Беном” гуруҳи аъзолари билан ҳам боғланиш имкони бўлмади. Shov-shuv.uz сайти ушбу гуруҳ аъзолари ҳозирда Москвада экани, улар концерт бергани эмас, балки саёҳат учун Россияга боришгани ҳақида ёзди.

Айни пайтда ушбу гуруҳ хонандаси Комил Sayyod.com сайтига берган интервьюсида Қозоғистонда ҳақиқатан ҳам берухсат концерт беришганини тан олган. Хонанда O'zbeknavo талабларини бажариш имконсиз бўлгани боис изнсиз концерт беришга мажбур бўлишгани ҳақида гапирган. Лекин хонанда Москвада концерт беришганини инкор қилган.

"Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси лицензия бўлими бошлиғи Одил Абдуқаҳҳоров журналист Сардор Комилов билан суҳбатда "Беном" гурухи Москвада “концерт бергани ва бу хақида фотофактлар мавжудлиги”ни айтиб ижтимоий тармоқдан олинган скриншотни илова қилган. “Беном” саҳифасидан олинган ушбу скриншотда “Москвадаги концерт ташкилотчилари” сарлавҳаси остида бир неча сурат эълон қилинганини кўриш мумкин.

2012 йил баҳоридан бошлаб чет элга гастролга борадиган ашулачига “Ўзбекнаво” билан махсус шартнома имзолаш мажбурияти юкланган.

Махсус изнсиз хорижга чиққан хонанда тақиқдаги санъаткорлар сафига қўшилиши мумкин.

Шу пайтгача рухсатсиз хорижга чиққан хонандалардан бири Ботир Қодиров Бирлашган Араб Амирликларига берухсат боргани учун лицензиядан маҳрум қилган эди.

"Ниҳол" мукофоти совриндори Феруза Жуманиёзова ҳам яқин хорижга чиққани учун лицензиядан маҳрум қилинган эди.

P.S. 21 июль куни Озодликка етиб келган хабарга кўра, қирғизистонликлар ижтимоий тармоқлар орқали Ситора Фармонова ҳимоясига акция бошлаб, унга Қирғизистон ватандошлигини бериш таклифини кўтаришган.

"Ҳурматли юртдошлар, келинг, Азия MIX гуруҳининг ёрқин иштирокчиси Ситора Фармоновани биргаликда қўллаймиз. Бизнинг гуруҳ яқинда “Голосящий КиВиН" фестивалида ғалаба қозонди. Ситора Фармоновага Қирғизистон ватандошлигини бериш лозим деб ҳисоблайман. Ҳурматли Алмазбек Шаршенович, унга ҚР ватандошлигини беришингизни сўраймиз", дея ёзда қирғиз фаолларидан бири Темирлан Аскеров.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG