Линклар

"Мен 2-гуруҳ ногирони Йўлчиев Муроджон. Ўғлим Мухторов Нурмуҳаммад 2016 йил январь ойида мактабда жисмоний тарбия дарсида назоратсиз қолиб, тан жароҳати олган эди. Мактаб директори жавобгарликдан қочиб, чақирилган тез ёрдам шифокорини алдаб, нон тиқилиб қолди, деб алдаган", деб бошланади Озодликка Фарғона вилояти, Риштон туманидан келган мактуб.

Хат муаллифи билан боғландик ва у оиласи бошига тушган кўргиликларни бир четдан айтиб берди.

Қуйидаги Муроджон Йўлчиевнинг айтганларини эшитишингиз мумкин. Ҳозирча у ёзган хатнинг давомини ўқинг.

Нафас олишдан тўхтаган болани туман шифохонаси жонлантириш бўлимига олиб борилган. У ерда бола ўзига келгач, нон тиқилмаганлиги, рақиб ўйинчиси уни тўхтатиш мақсадида жигар қисмига зарба берганлигини айтган.

Жисмоний тарбия дарси вақтида эса дарсни олиб борувчи ўқитувчи бўлмаган.

Сабаби, 14 январь куни байрам қилиш учун директор пул бериб харажат қилиб келиш учун ўқитувчини бозорга юборган. Мактаб директорининг масъулиятсизлиги туфайли жонлантириш бўлимида 2 кун ўғлимнинг оғзидан, орқасидан ҳам тўхтовсиз қон кетди.

Бу ҳолатни туман шифокорлари аниқлай олмагач, вилоятдан мутахассис шифокорларни чакиртирдик. Улар келиб ўғлимни текшириб кўришди ва туман шифокорлари билан биргаликда мактаб директори хоҳишига кўра, жигари лат еб гематома бўлган болага ёлғон ташхис қўйиб, сигмасимон ичакда яра бор деб айтишди.

Муолажа гематомага эмас¸ ичакдаги ярага олиб борилди. Ўғлим аҳволи ёмонлашгач, вилоятга юборишди. У ерда ҳам пора эвазига ёлғон ташхис қўйган шифокорлар назоратида номига даволаган бўлишиб, тез кунда жавоб бериб юборишди.

Уйда 3-4 кун турган ўғлимнинг аҳволи жиддий ёмонлашиб кетди. Туман болалар шифохонасига олиб борсам, зудлик билан вилоят болалар кўп тармоқли марказлашган шифохонасига юборишди. У ерда текшириб кўриб, жигарига қон тўпланганини айтиб, жигар гематомаси ташхисини қўйишди.

Операция қилиб даволашди. Шу еда ҳам айбдор мансабдор шахслар ўз ҳукмронликларини қилишди. Шифокорлар "ҳеч кандай парҳез ва дори- дармон керак эмас" дейишди. Чунки боланинг жароҳати енгил бўлиши керак эди.

Ўғлим 6 ойга Д назоратига олинди. Қўйилган муддат ўтиб кетди, лекин гематома турибди, ўзгариш йўқ. Ўғлимни текшириб кўриб, дори-дармон ёзган шифокорни "Нега дори ёзасан?" деб сиқувга олишибди.

Мен ўзим 2-гуруҳ ногирониман. Соғлом она ва соғлом бола йилида ўғлим ногирон бўлиб қолди. Биринчи ўринда нима туради: бола соғлигими ёки мансабдор шахсларнинг лавозимими?

Ўғлимнинг келажагини кўриш эвазига унинг дардига шерик бўлиб турибман. Менга ёрдам беришларини сўраб вилоят прокуратурасига, Халқ таълими вазирлигига, Соғлиқни сақлаш вазирлигига, Ўзбекистон Бош прокуратурасига, Президент номига ёзган мактубларим вилоятга қайтарилмоқда.

Вилоятдагилар эса мансабдор шахсларнинг гапини қилади. Март ойидан буён ёзаётган хатларимни менинг иштирокимсиз айбдор шахслар фойдасига ҳал қилишмоқда. Ҳар нафасда адолат, демократия деб бонг уришади. Шуми адолати?! Шуми демократияси?!

Мактабга соғлом бўлиб борган бола ногирон бўлиб қайтди. Сиздан илтимос, дардимни халқаро радиоларда айтмоқчиман. Токи бу муаммони ҳамма эшитсин.

XS
SM
MD
LG