Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:01

БМТ: Фаллужани бир ойда 84 минг одам тарк этди


БМТ Ироқнинг Фаллужа шаҳрини минглаб одам тарк этаётгани, ташкилот ишчилари уларга етарлича ёрдам кўрсата олмаётганини билдирди. Ўтган ҳафтада шаҳарнинг аксар қисми ҳукумат кучлари томонидан “Исломий давлат” жангариларидан озод қилган эди.

БМТнинг қочқинлар иши бўйича олий комиссарлигининг (UNHCR) Ироқдаги вакили Бруно Геддо халқаро ёрдам ташкилотлари “тобора кескинлашиб бораётган вазиятда етарлича чора кўра олмаётганини” айтди.

БМТ ҳисоб-китобича, 17 апрель куни Ироқ ҳукумати Фаллужанинг аксар қисмини қўлга киритганидан бери тинчимаётган жанглар 10 минг оилани ўз уйини тарк этишга мажбур қилган.

Геддо кейинги кунларда қочқинларнинг иккинчи тўлқинини кутиш мумкинлигини, сабаби Фаллужанинг уруш тўхтамаётган қисмларида минглаб одам борлигини қўшимча қилди.

БМТ тарқатган маълумотларга кўра, май ойида Фаллужани “Исломий давлат”дан тортиб олиш амалиёти бошланганидан бери шаҳарни ва унинг яқинидаги ҳудудларни 84 мингдан ошиқ оддий фуқаро тарк этди.

Ироқ ҳарбийсининг билдиришича, Фажуллани озод этиш учун шиддатли жанглар давом этмоқда.

Бригада генерали Ҳайдар ал-Обейдий дам олиш кунлари “Исломий давлат” жангарилари Ироқ ҳукумати кучларига қарши ракеталар билан ҳужум қилгани, худкуш ҳужумларини уюштиргани ва снайперлардан фойдаланганини айтди.

Генерал “шиддатли тўқнашувларга қарамасдан, Ироқ кучлари олға силжиётганини” қўшимча қилди.

Ироқ бош вазири Ҳайдар ал Абодий 17 июнь куни Ироқ кучлари шаҳарнинг йирик қисмларини қўлга киритганидан кейин ҳукумат кучлари ғалабага эришганини таъкидлади.

Анбар вилоятида фаолият юритаётган Норвегиянинг қочқинлар бўйича кенгаши Ироқ ҳукумати ва ёрдам ташкилотларига тегишли қочқинлар лагерларига одам сиғмаётгани боис минглаб одам бошпанасиз қолганини билдирди.

Кенгаш матбуот котиби Карл Скембри минглаб одам “чодирсиз, бошпанасиз қолиб, кўчада тунаганини” айтди.

Скембри Анбар вилоятидаги вазият ўта оғир эканлигини қўшимча қилди.

Исломий давлат жангарилари 2014 йилнинг ёзида Ироқ шимолида ва ғарбида йирик ҳудудларни эгаллаб олганидан бери 3,5 миллиондан ошиқ ироқлик ўз уйини тарк этишга мажбур бўлди.

XS
SM
MD
LG