Линклар

logo-print

OzodMikrofon: Намозгоҳ музей бўлсин, Андижонга ортиқча масжид керакмас!


Таъмирланаётган Жоме мажмуасидаги намозгоҳ

Таъмирланаётган Жоме мажмуасидаги намозгоҳ

Андижонда таъмири бошланган Жоме меъморий мажмуасини бориб кўрган шаҳарлик пенсионер Қодиржон ака 2 асрлик обида яхши сақланганини айтмоқда. Узоқ йиллар давомида эшиклари ёпиқ қолган намозгоҳга кирган тингловчи бу маскан тарихий обидага айлантирилиши лозим, унинг яна намозгоҳ қилиб тикланмаётгани шаҳарликлар учун яхши, деган хулосасини тилга олди.

OzodMikrofon эшиттиришига сўзлаган пенсионер Қодиржон ака шаҳарликлар учун тарихий қиммати катта бўлган бу обиданинг теграсида яна 2 та катта масжид борлигини ўз хулосасига асос қилиб келтирди:

- Биз тарихдан кўрдик, ҳар қадамда бир масжид бўлса, намозхонлар жамоати бўлиниб кетар экан, ўртада тафовут, ихтилофга ўхшаган нарсалар чиқаркан. Жамоатнинг бирлигини сақлаш учун одамлар катта-катта масжидларга бориб, бирга намоз ўқигани яхши. Бундан ташқари, музейлар ҳам керак халққа. Намозгоҳ яна бир обидага айлантирилса, халқ кирса-кўрса, жуда чиройли жой, - дейди Қодиржон ака.

Қуйида Қодиржон ака билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Андижонда 19-асрда қурилган ва собиқ совет даврида бир бор, Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг яна бир бор таъмирланган намозгоҳ шу кунларда яна таъмирланмоқда.

Озодликка маълум бўлишича, таъмир ишлари бораётган ҳудудга қўйилган макетда бу масканнинг келгусида кўргазмалар залига айлантирилиши айтилган.

Аммо, бу обиданинг шаҳарликлар хотирасидаги яна бир унутилмас даври 1985-95 йиллар оралиғидаги даврдир. Собиқ совет замонида Марказқўм бўйруғи билан озиқ-овқат омбори, тикувчилик фабрикаси, хўжалик моллари бозорига айлантирилган мажмуа 1980 йилларнинг охирида андижонлик таниқли имом Абдували Мирзаев бошчилигида совет ҳокимиятидан тортиб олинган ва яна намозгоҳга айлантирилган эди.

​1994 йиллардан кейин Фарғона водийси, хусусан, Андижондаги дин пешволари "ваҳҳобийлик" оқимига аъзоликда айбланиб, ҳибсга олина бошлагач, Абували Мирзаевнинг ўзи Тошкент аэропортида ғойиб бўлган ва мажмуа ёпиб қўйилган.

Шундан сўнг, мажмуанинг мадраса қисми Адабиёт ва санъат музейига айлантирилган, намозгоҳ қисми эса яна халқ хўжалиги моллари бозорига айлантирилган.

Қодиржон аканинг айтишича, шу кунларда намозгоҳ олдидаги саҳнда ҳали ҳам бозор-ўчар бўлмоқда. Савдогарлар меъморий обиданинг зинапояларидан раста ўрнида фойдаланиб, уй ҳайвонлари, уй-рўзғор буюмларини сотмоқда.

---------------------------------------------------------------------------------------------------
Муҳим эслатма: OzodMikrofon рукни остида берилаëтган фикр-мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

XS
SM
MD
LG