Линклар

Тожикистонда одатда ёзнинг иссиқ кунларида, айниқса, рўза кунларида тўй қилинмайди. Аксар тожикистонлик кузда, Россиядаги муҳожирлар пул ишлаб қайтган ойларда тўй ўтказади.

Лекин айни кунларда жуда кўп жуфтлик оила қурмоқда, сабаби 1 июлдан бошлаб яқин қариндошларнинг оила қуришини тақиқловчи қонун кучга киради.

Тожикистоннинг фуқаролик ҳолати актларини қайд қилиш бўлими ходимлари кейинги ойларда уларга келиб тушаётган арзларнинг сони кўпайганини билдиришди. Уларнинг айтишича, бунинг сабаби тожикистонликларнинг қариндошлар ўртасидаги никоҳни ман этувчи қонун кучга киришидан аввал оила қуриб олишни истаётганидир.

Қариндошларнинг оила қуришини тақиқловчи қонун январь ойида қабул олинди. Бу қонун лойиҳаси ака-ука ва опа-сингилларнинг қуда бўлиши кенг тарқалган Тожикистонда қизғин муҳокамага сабаб бўлди.

Мазкур одатни ман қилиш тарафдорлари ота-онаси яқин қариндош бўлган болаларда туғма нуқсонлар ва ирсий касалликлар кўпроқ учрашини айтиб келади. Унга қаршилар эса мазкур боғлиқликни тасдиқловчи кўпроқ далил кераклигини таъкидлайди.

Тожикистонда Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, мамлакатда 25 300 нафар ногирон бола қайд этилган. Уларнинг 30-35 фоизи бир-бири билан яқин қариндош бўлган ота-оналарнинг фарзандларидир.

Давлат матбуоти ҳамда ҳукумат расмийлари яқин қариндошларнинг оила қуриши келтириб чиқарадиган таҳдидлар ҳақида аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориб келади.

Расмий маълумотларга кўра, 2016 йилнинг биринчи чорагида қардиндош бўлган камида 60 жуфтлик оила қурган. Солиштириш учун аввалги йилларда бу ҳол неча марта кузатилгани бўйича маълумот йўқ.

Аммо расмийлар аслида бу кўрсаткич анча юқори эканлигига ишонади.

Тожикча фамилия танлашнинг, масалан, фарзандга отасининг исмини фамилия ўлароқ беришнинг кенг тарқалаётгани фуқаролар ўртасидаги қариндош алоқаларини аниқлашни янада мушкуллаштирмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG