Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:29

OzodMikrofon: Маҳалла раисини сайлашга ҳоким рухсат бермаяпти


Сирдарё вилояти Ширин шаҳридаги "Фарҳод" маҳалласидан боғланган тингловчи фуқаролар йиғини раислиги учун сайловга ҳоким рухсат бермаяпти, деб норози бўлди. Унинг даъво қилишича, маҳалла аҳли раисликка ўзи танлаган номзодларни кўрсатган, аммо улар 60 ёшдан ошган, деган сабаб билан ҳокимият тасдиғидан ўтмаётир. Ҳокимият ўзи тавсия қилган номзодлар эса маҳалла аҳлига маъқул бўлмаётгани айтилмоқда.

Исмини айтмаслик шарти билан Ширин шаҳридан боғланган тингловчига кўра, жами 1400дан ортиқ хонадонда қарийб 6 минг киши истиқомат қиладиган "Фарҳод" маҳалласига раислик учун сайлов икки марта қолдирилган:

- Икки марта лойиқ номзод йўқ, деган сабаб билан ҳокимият сайловни қолдирди. Ҳозир энди қачон бўлиши номаълум. Мен бугун ҳам телефон қилдим, маҳалла қўмитасига. Ноаниқ, дейишди. Биз кўрсатган номзодлар кекса эмиш, номзодлар 45-55 ёш оралиғида бўлиши керак эмиш. Аслида ҳокимият кўрсатган иккита номзод ҳам 60 ёшдан катта, биттаси муқаддам судланган шахс - биз қаршилик қиляпмиз, - дейди тингловчи.

Қуйида бу тингловчи билан суҳбатни эшитишингиз мумкин:

OzodMikrofon: Маҳалла раисини сайлашга ҳоким рухсат бермаяпти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:16 0:00
Бевосита линк

---------------------------------------------------------------------------------------------------
Муҳим эслатма: OzodMikrofon рукни остида берилаëтган фикр-мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

---------------------------------------------------------------------------------------------------
Бу йил жами маҳалла фуқаролар йиғинларига 9 минг 764 раис ва уларнинг 99 мингдан ортиқ маслаҳатчиси сайланмоқда.

Ҳозир Ўзбекистон бўйлаб май ойига белгиланган маҳалла фуқаролар йиғини раислари сайлови қарийб якунланмоқда. Олдинда маҳалла раислари маслаҳатчилари сайлови бор. Мавжуд тартибга кўра, янги сайланган раислар ўзига маслаҳатчиларни сайлаб-саралаб олади.

Озодликка турли вилоятлардан боғланаётган муштарийлар ўз маҳалласида ўтаётган сайловдан хабар бермоқда, айрим муштарийлар номзодлар танланиши ва сайланишидан норози бўлмоқда, яна айримлари бу йил аёл номзодлар қарийб сайланмаётганини айтмоқдалар.

Ўзбекистонда маҳалла фуқаролар йиғинлари шаҳар, посёлка, қишлоқ ва овуллардаги маҳаллаларда тузилган. Бу йиғинларга раислик қиладиган шахслар ва уларнинг ёрдамчилари 2 ярим йиллик муддатга маҳалла аҳли сайлови билан сайланади.

Маҳалла оқсоқоллигига номзодлар Ўзбекистон фуқаролари бўлиши лозим. Номзод олий маълумотли бўлиши ва мамлакат ҳудудида беш йилдан кам бўлмаган муддатда доимий яшаган бўлиши лозим. Бундан ташқари, ташкилотчилик қобилиятини намойиш қилган бўлиши ва муқаддам давлат ёки нодавлат идорадаларда ишлаб, тажриба орттирган бўлиши керак. Шунингдек, маҳалла аҳли бу номзодни яхши таниши ва ҳурмат қилиши лозим.

Сайланадиган оқсоқоллар номзодини эса амалдаги маҳалла оқсоқоли кўрсатади, туман ва шаҳар ҳокимликлари кўрсатилган номзодларни саралаб, тасдиқлаб беради. Бир оқсоқол кетма-кет чекланмаган муддатга қайта сайланаши мумкин.​

XS
SM
MD
LG