Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:01

OzodMikrofon: Маҳаллада ишчи гуруҳ раисини ўзгартиришнинг йўли борми?


Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридан боғланган тингловчи Ўзбекистонда май-июнь ойида бўладиган маҳаллий сайловларга тайёргарлик жараёнидан норозилигини билдирди. Унинг арзича, маҳалла оқсоқоллигига раислик учун номзодлар аҳоли билан маслаҳатсиз танланган, уларни танлаган ишчи гуруҳининг раиси эса йиллардан бери ўзгармай қолаётган айни шахсдир.

Исмини ошкор қилишни истамаган тингловчининг OzodMikrofonга арз қилишича, маҳалла фаоллари бир неча йиллардан бери маҳалла фуқаролар йиғини раислигига ўзлари танлаган номзодни кўрсатадилар, аммо ишчи гуруҳининг йиллардан буён ўзгармай келаётган раҳбари бу номзодни қабул қилмайди.

- Ишчи гуруҳдагилар бирлашиб, битта жиноий гуруҳ бўлиб олган, гўёки. Бир-бирини қўллайди ва шу гуруҳга ёқмаган номзодларни қабул қилмайди. Депутатни ҳам шу ишчи гуруҳ танлаган, бизнинг хабаримиз ҳам йўқ. Бу йил ҳам номзодларни танлаб, жўнатворишган, хабаримиз йўқ. Бу ҳолатни ўзгартирса бўладими, йўли борми? - дея мурожаат қилди исмини ошкор қилмаётган тингловчи.

Унинг иддаосича, маҳаллада унинг каби норози яна бир неча киши бор ва улар юридик ёрдам истамоқда. Озодлик номи ошкор қилинмаётган бу маҳалладаги фаоллар билан суҳбатлашиб, келгусида бу мурожаатни кенгроқ ўрганиш ҳаракатида. Янгиликларни кузатиб боринг!

Қуйида эса тингловчи билан суҳбатни эшитишингиз мумкин:

OzodMikrofon: Маҳаллада ишчи гуруҳ раисини ўзгартиришнинг йўли борми?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:12 0:00
Бевосита линк

Бу йил май ва июнь ойларида бўладиган маҳаллий сайловларда маҳалла фуқаролар йиғинига 9 минг 764 оқсоқол ва уларнинг 99 мингдан ортиқ маслаҳатчисини сайлаш режалаштирилган.

Бу йил оқсоқоликка сайланаётган номзодларни ёшартириш тавсия қилинган. Тошкент шаҳридаги маҳалла йиғинларидан олинган маълумотга кўра, бу йил номзодларнинг 35 ёшдан 55 ёшгача, баъзи маҳаллаларда 57 ёшгача бўлиши ҳамда имкон қадар олий маълумотли эркак киши бўлиши сўралмоқда.

​Ўзбекистонда маҳалла фуқаролар йиғинлари шаҳар, посёлка, қишлоқ ва овуллардаги маҳаллаларда тузилган. Бу йиғинларга раислик қиладиган шахслар ва уларнинг ёрдамчилари 2 ярим йиллик муддатга маҳалла аҳли сайлови билан сайланади.

Маҳалла оқсоқоллигига номзодлар Ўзбекистон фуқаролари бўлиши лозим. Номзод олий маълумотли бўлиши ва мамлакат ҳудудида беш йилдан кам бўлмаган муддатда доимий яшаган бўлиши лозим. Бундан ташқари, ташкилотчилик қобилиятини намойиш қилган бўлиши ва муқаддам давлат ёки нодавлат идорадаларда ишлаб, тажриба орттирган бўлиши керак. Шунингдек, маҳалла аҳли бу номзодни яхши таниши ва ҳурмат қилиши лозим.

Сайланадиган оқсоқоллар номзодини эса амалдаги маҳалла оқсоқоли кўрсатади, туман ва шаҳар ҳокимликлари кўрсатилган номзодларни саралаб, тасдиқлаб беради. Бир оқсоқол кетма-кет чекланмаган муддатга қайта сайланаши мумкин.

---------------------------------------------------------------------------------------------------
Муҳим эслатма: OzodMikrofon рукни остида берилаëтган фикр-мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

XS
SM
MD
LG