Линклар

Тошкент шаҳридан Озодликка боғланган бир тингловчи оиласидан икки киши - отаси ва укаси диний мотивлардаги айбловлар билан ҳибсда сақланаётгани, укасига нисбатан қийноқлар қўлланаётганини даъво қилди. Айтишича, отаси 10 йил қидирувда бўлган ва хаста ҳолида уйга келган чоғда қўлга олинган. Укаси эса квартира бозорида қўлга олинганидан буён Тоштурмада сақланмоқда.

OzodMikrofonга боғланган тошкентлик отаси - 17 июнь куни 1958 йилда туғилган Абдукарим Рашидов хаста ҳолида ИИВ ходимлари томонидан уйидан олиб кетилганидан бери тақдири номаълум қолаётганидан арз қилди.

Исмини сир сақлаган тингловчининг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, отаси юрак хуружидан сўнг чап қўли ишламаган ва нафас қисиш касаллигидан ҳам азият чекиб, тўшакда ётган еридан олиб кетилган.

Тингловчи отасининг диний-сиёсий мотивлар билан 10 йилдан бери қидирувда бўлган отаси қочиб юргани, оғир хаста бўлгани боис бироз муқаддам уйига қайтганини айтмоқда:

"17 июнь куни асрга яқин уйга келсам, ҳовли тўла милиционер. Отамни эса хаста ҳолида олиб чиқишаётган экан. Акамга: "Нега қидирувдаги одамни уйингда сақлаяпсан?" деб дўқ қилишган эди, отам: "Агар, мени милицияга берсанг, оқ қиламан, деганим учун ўғлим сизларга хабар қилмади", деди. Шундай олиб кетишганидан бери бирор хабар йўқ. Хаста ҳолида қаерда, қай аҳволда сақлашяпти, қийноққа солишаяптими - хабаримиз йўқ. Бу қонунга зид-ку?!" дейди тошкентлик тингловчи.

Унинг айтишича, отаси 2000 йилларда Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 159 (конституцион тузумга тажовуз) ва 244-моддалари (тақиқланган диний ташкилот тузиш, аъзолик қилиш ва адабиётларни тарқатиш) асосида "Ҳизбут Таҳрир" диний жамоасига аъзоликда айбланиб, 11 йилга озодликдан маҳкум қилинган ва аминистия акти қўлланиб, 2004 йилда озодликка чиқарилган:

"Қамоқдан чиққандан кейин отам ижарага машина олиб, киракашлик қилиб юрди. Лекин, орадан бир йил ўтиб, уни яна ҳибсга олмоқчи бўлишди. Қариндошимизнинг тўққиз ёшли боласини қўрқитиб, менга Қуръондан дарс берган, деб ёздириб олишган. Ўшанда дадам қочиб кетган ва шу бўйича 10 йилдан бери келмаётган эди. Яна 159, 244-модда билан қидирувга беришган эди. Шу асосда олиб кетишди мана", деб иддао қилди тошкентлик тингловчи.

Айни пайтда Тоштурмада сақланаётган укаси - 1989 йилда туғилган Аҳмад Рашидов ҳам отасига қўйилган айбловлар билан айбланаётганини айтган бу тингловчи укасига нисбатан қийноқлар қўлланилаётганини иддао қилди.

Даъво қилишича, укаси шу йилнинг 20 январида Тошкентдаги квартира бозоридан олиб кетилган ва айнан қайси жиноятлари учун унга диний-сиёсий мотивлардаги айблов қўйилгани ҳақида оиласига тўлиқ маълумот берилмаган.

"Укам намоз ўқирди, аммо фақат уйда ўқирди, масжидга қатнамасди. Квартира бозорда ишларди. 20 январда олиб кетишган. Кейин билсак, яна 10 кишини ушлашган ва уларни битта гуруҳ, деб жиноят иши очишган. 17 июнь куни Тоштурмага кўргани келиним бориб келди. 1 соат кечикиб чиқибди учрашувга. Мазаси қочиб қолганмиш, дори-пори бериб, ўзига келтириб олиб чиқишибди. Келиним қараса, қўллари кўкариб кетганмиш. “Мени қийноққа солишяпти, аҳволим оғир, ҳамма ёққа хабар беринглар”, депти укам”, деб даъво қилди тингловчи.

Унга кўра, укаси аъзо, деб кўрилган 11 кишилик жиноий гуруҳ устидан суд 28 июнга белгиланган.

"Биз бу айбловлар ноҳақ қўйилган, деб биламиз. Улар "Ҳизбут Таҳрир"га аъзо эмас. Отам ҳам, укам ҳам. Лекин, шунақа айбловлар қўйишган. Бизни қўрқитгани уларга қийноқ қўлланилаётгани - укамни уришяпти, қийнашяпти, юраги ёмон бўлиб қолган, хотини ўз кўзи билан кўрди аҳволи оғирлигини. Отам эса уйдан олиб кетишаётганида оғир аҳволда касал эди. Илтимос, бизга ёрдам беринглар!" деди тошкентлик тингловчи.

У ўз мурожаатини инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи маҳаллий ҳамда халқаро ташкилотларга етказишни сўради.

Номи тилга олинган икки шахс - тошкентлик 58 яшар Абдукарим Рашидов ҳамда унинг 27 яшар ўғли Аҳмад Рашидовга қўйилаётган айблов ва жиноят терговига оид расмий маълумотлар Озодликка маълум эмас.

Яқинлари икковлоннинг тақдирига оид маълумотларни тўлиқ очиқлашини сўраб, Тошкент ИИБга мурожаат қилгани ва унинг жавобини кутаётганини айтмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар томонидан йиллар давомида мамлакатда диндорлар қатлами устидан кесин назорат, таъқиб ва тазйиқларга асосланган сиёсати учун танқид қилиб келинади.

Озодликка бўлаётган аксар мурожаатларда диндор оилалар яқинлари эътиқоди учун таъқибга учрагани, улар ноҳақ равишда турли тақиқланган диний-экстремист, радикал ва террорчи гуруҳларга аъзоликда айбланаётганини иддао қилиб келадилар.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар, жумладан Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи кузатувларига кўра, айни пайтда мамлакатда диний-сиёсий важлар билан айбланиб, қамалган маҳбуслар сони камида 10 мингга яқиндир. Бу ташкилот ҳам айбланувчилар қўйилган айблар аксар ҳолларда асоссиз экани, судловлар эса адолатсиз бўлишини таъкидлаб келади.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари эса мамлакатда тақиқланган диний ташкилот ва оқимлар - "Ҳизбут Таҳрир", "Жиҳодчилар", "Ваҳҳобийлар", "Салафийлар" каби оқимлар таҳдиди сақланиб қолаётган ва мунтазам равишда бу оқимларга эргашган фуқаролар аниқланиб, уларнинг яқинлари орасида тарғибот ишлари олиб борилаётганини даъво қилиб келади.

XS
SM
MD
LG