Линклар

OzodMikrofon: Намунавий уй қураётган олтинсойликлар Тошкентдан чиқарилди


Тошкентдан Озодликка боғланган олтинсойликнинг айтишича, 23-24 июнь кунлари Тошкентда ўтадиган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммити арафасида намунавий уй қураётган меҳнат муҳожирлари пойтахтдан чиқариб юборилган. Муҳожирларга 1-июлдан кейин шаҳарга қайтиши ва кейинги ойдан бошлаб, пойтахтга вақтинча прописка очилиши ҳам айтилган.

Исмини сир сақлаган олтинсойлик тингловчига кўра, шаҳарда мардикорлар йиғиладиган Меҳнат биржалари, бозорлар ва мардикорлар ишлаётган манзилларга рейд уюштираётган ИИВ ходимлари бу масканларда пропискасиз ишлаётган вилоятликларни шаҳардан чиқариб юбормоқда.

- Сергелида намунавий уй қураётган олтинсойлик йигитларни шаҳардан чиқариб юборишди. Уларга 24 июндан кейин келинглар, депти. У йигитларнинг пропискаси йўқ эди, чунки яқинда келишган. Мен кеча Меҳнат биржасига телефон қилиб, сўрадим: "Шу болаларга прописка уриб берасизларми?" десам, "1 июлдан кейин берамиз, унгача прописка йўқ. Уйига кетишсин!" деди. Кетди у болалар. Мен эса ишлаган жойимдан кўчага чиқмаяпман, умуман қимирлаганим йўқ, ётоқ жойим ҳам шу ерда, - дейди олтинсойлик тингловчи.

Қуйида бу тингловчи билан суҳбатни эшитишингиз мумкин:

23-24 июнь кунлари Тошкентда ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити муносабати билан пойтахтда хавфсизлик чоралари май ойи бошидан кучайтирилган.

Тошкентдан пропискасиз юрган шахслар вилоятларга қайтарилаётгани, таълим муассасаларига 10 июндан таътил берилгани, куч ишлатар тузилмалар ходимлари эса казарма режимига ўтказилаётгани кузатилмоқда. Тошкент вилоятидан пойтахтга қатнаб ишлайдиганларга ҳам саммит кунлари таътил берилиши айтилмоқда.

---------------------------------------------------------------------------------------------------
Муҳим эслатма: OzodMikrofon рукни остида берилаëтган фикр-мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

XS
SM
MD
LG