Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:11

Панелнийда 22 кун ётган йигит: Тошкентни пуллик қилиб қўйинг!


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Тошкентнинг халқ орасида "Панелний" деб танилган ҳибсхонаси - шаҳар ИИБга қарашли вақтинчалик сақлаш марказида 22 кун ётган Даврон пойтахтни вилоятликлар учун расман пуллик қилиб қўйиш керак, деган хулосага келгани айтди. Тошкентда вақтинчалик яшашга рухсатномаси бўла туриб, паспорти ёнида бўлмагани учун зах босган ҳибсхонага ташланган 21 яшар абитуриент "Ўзбекистон фуқароларини ўз юртида хўрлаётган милиционерларнинг асосий дарди жарима йиғиш", демоқда.

Тошкент шаҳридаги олий ўқув юртларидан бирига ўқишга кириш учун пойтахтга келган сурхондарёлик 21 яшар Даврон сўнгги икки-уч ой ичида 3 бор ИИВ ходимлари томонидан тўхтатилгани ва 1 миллион сўмдан ортиқ жарима тўлаганини айтмоқда:

- Вақтинчалик пропискаси бўлмаганларга, 400 минг сўм жарима солаяпти. Яқинда 350 минг сўм пулим бор эди, шуни бериб чиқдим. Шаҳарга вақтинчалик пропискага қўйишмаяпти, десангизам фарқи йўқ. Мен ўзи шу муаммони деб "Панелний"да 22 кун ётиб ҳам чиққанман, - дейди Даврон.

У Озодликка мурожаат қилишдан мақсади - халқ орасида "Панелний" деб аталадиган ҳибсхона - Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасига қарашли вақтинчалик сақлаш марказида гувоҳ бўлгани ҳолатни сўзлаб бериш эканини айтди.

Унинг ҳикоя қилишича, паспорти ёнида бўлмагани учун бу марказда 22 кун сақланганини Ўзбекистонда туғилиб ўсганлар учун мислсиз ҳақсизлик, деб билишини айтмоқда:

- Ёнимда нотариус орқали паспортимдан бир нусха бор, йўқотмай, деб нусхасини олиб юрардим. Меҳнат биржасидан 6 ой Тошкентда ишлаш ва яшаш ҳаққини берадиган рухсатнома ҳам бор. Кўрсатдим: "Паспорт квартирамда", дедим. Инобатга олмади, тўғри "Панелний"га олиб бориб, бир ойга арест қилиб қўйди. Эртаси куни паспортимни ҳам олиб келишди, барибир чиқармади. Ўзбекистонда туғилиб-ўсган одам - ёнингида паспортинг йўқ, деган сабаб билан 30 кунга ҳибс қилиниши - уят-ку! - дейди Даврон.

Ўзбекистонда шу пайтгача мавжуд тартибга кўра, вилоятлардан ишлаш мақсадида Тошкентга келганлар меҳнат биржаларида қайддан ўтиши ва улардан шаҳарда қолиш-ишлаш учун рухсатнома олиши лозим. Бу рухсатнома ИИВ томонидан вақтинчалик қайд ўрнида қабул қилиниши айтилган, аммо аксар ҳолларда вилоятдан борганларни кўча-куйда овлаб юрадиган милиционерларнинг бу ҳужжатни тан олмаслигидан шикоят кўп бўлади.

Ана шундай шикоятчилардан бири бўлган Давроннинг ҳикоя қилишича, шу тариқа у 22 кун даҳшатли шароит ҳукм сурган ҳибсхонада сақланган:

- Бу "Панелний" деган жойлари жуда расво жой экан. Ташқарида қор ёғаяпти, биз ичкарида 8 кишилик камерада бетон супа устида ташлаб қўйилган тахтада, юпун кийимимиз билан ётдик. Совуқ, шамоллайсиз, камерада эса туалет йўқ. Уч марта махсус олиб чиқишади. Бир йигит шамоллаб, иситмалаб қолди - дори ҳам беришмади. Бир кунда эрталаб бир буханка нон, тушликка овқат беради - тамом. Хуллас, ҳеч айбингиз йўқ ҳолингизда - худди бир жиноят қилиб қўйган одамдек азоб чекасиз, - дея хотирлайди Даврон.

Унинг айтишича, ҳибсдан чиқаркан ИИБ ходимлари ундан тилхат ёздириб олишган:

- "Менинг ИИВ ходимларидан ҳеч қандай давоим йўқ", деган тилхат ёздириб олишди. Қоп-қоронғу камерадан ташқарига чиқсам, оппоқ қор эди, эсимда. Кўзларим тиниб, кўрмай қолди, амакимни қучоқлаб, йиғлаб ҳам юбордим. Ўз юртингда шунчалик хўрлансанг - бу нима бўлади? Бунақа юртда буюк келажак бўладими?! Мен бундан норозиман. Жарима йиғиш учун милиционерлар шу юртнинг фуқароларини олиб бориб, "Панелний"га тиқяпти. Ундан кўра, Тошкентни вилоятликлар учун расман пуллик қилиб қўйишсин, ойига 20-30 минг сўмлик патент қилиб қўйишсин! Тўлайлик-да, хотиржам юрайлик, - дейди Даврон.

Қуйида Даврон билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Панелнийда 22 кун ётган йигит ҳикояси: Тошкентни пуллик қилиб қўйинг!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:08 0:00
Бевосита линк

Мустақил инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов "Панелний" аслида жазо изолятори эмас, балки маъмурий тартиббузарлик содир этган ёки бирор жиноятда гумон қилинган шахслар учун ажратилган вақтинчалик сақлаш маркази эканини алоҳида таъкидлайди.

Тошкентнинг Яшнаобод туманида жойлашган бу марказда бир неча бор бўлган ҳуқуқ фаоли ҳеч бир жиноятда гумон қилинмаган маъмурий тартиббузарларга нисбатан, гўёки, жинояти исботланган маҳкумларга бўладиган муносабат кузатилишини алоҳида қайд этди:

- Ушланган шахслар бу ерга боргандан кейин, суриштиришади. Агар бирор жиноятда гумон қилиш учун асос топишса, кейин уни бу марказдан СИЗОга олиб кетишади ва тергов қилишади. Яъни, қонун бўйича бу тергов изолятори эмас, балки вақтинча сақлаш маркази, - деб таъкидлайди ҳуқуқ фаоли.

Тошкент шаҳрида 23-24 июнь кунлари ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитига тайёргарлик доирасида шу йилнинг май ойидан паспорт режими жорий этилган эди.

Шундан сўнг пойтахт аҳли ва вилоятдан борганлар, айниқса, ишлаш учун борганлардан милиция рейди кучайгани, ёнида паспорти ва Тошкентда вақтинчалик қайди бўлмаганлар қўлга олиниб, "Панелний"га олиб борилаётганидан шикоятлар кўпайди.

Ушланганлар бу марказда текширилиб, 400 минг сўмдан жаримага тортилиши, аксар ҳолларда эса ҳам жаримага тортилиб, ҳам 15 суткага ҳибс қилингани кузатилди.

XS
SM
MD
LG