Линклар

Андижон вилоятининг Балиқчи туманида ички ишлар бошқармасига қарашли автомобилдан биометрик паспортлар ва бир қанча махфий ҳужжатлар ўғирланган. Озодликнинг бир биридан мустақил икки манбасининг хабар беришича, Балиқчи туманидаги барча ички ишлар ходимлари, шунингдек, Тошкентдан келган изқуварлар йўқотилган ҳужжатларни қидиришга сафарбар этилган.

Балиқчи тумани ҳокимлигида ишлайдиган Озодлик манбасининг милиционер танишининг гапига таяниб айтишича, 5-ноябрь куни тушдан кейин туман ички ишлар бўлими олдида турган Дамас автомобилидан жуда кўп биометрик паспорт ва махфий ҳужжатлар ўғирланган:

“Милиция ходимининг айтишича, воқеа шанба куни соат тўртларда содир бўлган. Номаълум шахс Балиқчи тумани ички ишлар биноси рўпарасида турган Дамас автомобилининг орқа эшик ва ойналарини очиб, бир қанча паспорт ва ИИБга тегишли махфий ҳужжатларни ўғирлаб кетган. Дамас машинасининг эгаси вилоят туманларига доимий ҳужжатларни тарқатувчи курьер вазифасини бажарувчи милиция ходими бўлган. У ички ишлар бўлимига кирган пайтда шу воқеа содир бўлган”, деди манба.

Унинг айтишича, ўғирлик содир этилгани аниқлангач, зудлик билан бутун милиция ходимлари оёққа турғазилган:

“Йўқолган паспортларнинг бир қисми Балиқчи тумани Чинобод шаҳарчасидан оқиб ўтадиган Андижон каналининг қирғоғидан топилган. Қолган ҳужжатларни ва ўғрини қидириш давом этяпти. Тошкентдан ҳам махсус қидирувчилар келган”, деди манба.

Манбага кўра, милиция ходимлари ҳозир асосан икки хил тахмин асосида ўғрини қидиришмоқда:

"Биринчиси, оддий ўғрилик. Яъни коробкада бўлган ҳужжатларни ўғри бирор қимматбаҳо нарса деб гумон қилиб, ўғирлаган бўлиши мумкин. Иккинчиси, эса биометрик паспорт олиш муаммосига дуч келган шахс шу йўл билан милиция ходимларидан қасос олмоқчи бўлган бўлиши мумкин. Ҳозир қамоқдан чиққан ва милициянинг доимий рўйхатида утрган шахслар ҳам сўроқ қилинмоқда", деди ҳокимлик мулозими.

Балиқчи туманида истиқомат қиладиган, давлат идораларидан бирида ишлайдиган бошқа манба ҳам шундай воқеа бўлганини тасдиқлади:

“Мана беш кундан буён ҳамма жойни мелиса босган. Айтишларича, ўғри Дамас мошинасида бўлган экан. Якшанба кунидан бошлаб йўл ҳаракати инспекторлари барча Дамасларни тўхтатиб, эгаларини сўроқ қилишни бошлади. Бир неча Дамас ҳайдовчиларини ички ишлар бўлимига олиб бориб тергов қиляпти. Шунинг учун ҳозир кўчаларда Дамас кўринмайди. Ҳайдовчилар мошиналарини ҳайдаб чиқишга қўрқишяпти. Шу сабаб, йўлкиралар ҳам қимматлаб кетди. Чунки туман аҳолиси учун Дамаслар асосий транспорт воситаси эди. Мана бугун ҳам текшириш кучли давом этяпти. “Москвич" машиналарини тўхтатиб текширшяпти. Айтишларича, ўша Дамаснинг ортида “Москвич”ни кўришган экан”, дейди манба.

Балиқчи тумани ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда шундай воқеа бўлганини инкор қилмади, аммо бу ҳақда маълумот беришдан бош тортди:

“Мен билмайман, вилоят ички ишлар бошқармасидан сўранг”, деди ички ишлар бўлими мулозими.

Андижон вилояти ички ишлар бошқармасининг навбатчи инспектори эса саволимизга жавоб бермай гўшакни илиб қўйди.

Ўзбекистонда ички ишлар идоралари ҳужжатларининг йўқолиши жуда кам кузатиладиган ҳолатлардан бири саналади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG