Линклар

Москва полицияси миграция масалалари бўйича бош бошқармаси ишлаш рухсатномаси (патент) пулини ўз вақтида тўламаган 3 мингдан ортиқ муҳожир патенти бекор қилинганини билдирди. Ушбу шахслар полиция идорасига кўра Россия ҳудудини тарк этишлари лозим.

“То шу пайтгача Москвада патент тўловини бермаган 1600 дан ортиқ чет эллик ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қидирилмоқда”- деб ёзилган Москва полиция идораси расмий сайтида.

Москва миграция бошқармаси ҳисоб-китоби бўйича шу кунларда ишлаш рухсатномаси пулини тўламаган 3 мингдан ортиқ муҳожир аниқланган.

Бошқарма патент пулини ўз вақтида тўламаган муҳожирлар телефонларига СМС хабар юбориш билан огоҳлантирган.

Москва вилоятида ишлаётган қурувчи Тоштемир, ўткан йил ёзига қадар патент олиб ишлаган. Бироқ ишсиз қолгандан кейин ишлаш рухсатномаси олмасдан ишлашга мажбур бўлганини айтади.

"Мени телефонимга қарийб 3 ой давомида “патент тўловини топширинг” деган СМС миграция идорасидан келиб турди. Ишсиз қолганимдан кейин патент пулини беролмадим. Россия чегара ҳудудидан чиқиб, қайта киришга тўғри келди. Агар тайин иш бўлса, патент олиб ишлаш мумкин. Ҳозир иш кам, иш бўлса ҳам маош етарли эмас. Ҳамма нарса қиммат, бу ердаги харажатларни кўтармайди. Мен билган олдин патент олиб ишлаган кўпчилик марказий осиёликлар, ҳозир патент олмай қўйишди. Чунки патент нархи баланд", деди Тоштемир.

Москвада ишлаш рухсатномаси нархи ойига 4200 рублни ташкил этади. Олдинроқ Москва ҳукумати 2017 йилда мигрантлар учун патент нархи ўзгармаслигини билдирди.

Бундан икки ҳафта олдин Россиядаги “Мигрант Меҳнаткашлар Касаба Уюшмаси” Ўзбекистон ва Тожикистон муҳожирлари мурожаати асосида Россия пойтахтида патент нархини камайтириш таклифи билан Москва ҳукуматига мактуб топширди. Ушбу ташкилот раҳбари Ринат Каримовнинг Озодликка айтишича, касаба уюшмаси мурожаатига Москва ҳукумати ҳозирча жавоб қайтаргани йўқ.

Ринат Каримовнинг фикрича, иш ҳаққи кам тўланадиган, хусусан Ўзбекистон ва Тожикистон ватандошлар учун ҳозирги патент нархи адолатсизликдир.

“Патент олган хорижий ватандош ишга ёлланганда, иш берувчи қонун юзасидан унинг маошидан қўшимча 13 фоиз солиқ тўловига ўтказади. Бу дегани патент асосида ишлаётган муҳожир давлатга икки маротиба солиқ тўлайди. Иш берувчи ташкилотлар томонидан муҳожирнинг патент учун ойига 4200 рубл тўлагани назарга олинмайди. Бундай вазият Россия меҳнат қоидаларига мос келмайди", деди Ринат Каримов.

Евросиё Иқтисодий Иттифоқига аъзо - Қозоғистон, Беларус, Қирғизистон, Арманистон мамлакатлари ватандошлари Россияда ишлаши учун патент расмийлаштириш талаб этилмайди. Шу қаторда улар учун яшаш жойларида рўйхатдан ўтиш ҳам керак бўлмайди.

Патент тўловини бермай, яшаб юрган муҳожир Россия қонунига мувофиқ 5 мингдан 7 минг рублгача жаримага тортилади ва депортация қилинади.

Агар чет эллик 180 кундан 270 кунгача Россия ҳудудида ноқонуний юрган бўлса, унинг 5 йил давомида Россиягага кириши тақиқланади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG