Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:00

Муҳожир Россияда ишлаш учун ярим йилда 330 миллион доллар тўлади


Марказий осиëлик мигрантлар Москвадаги ФМС бўлимида.
Марказий осиëлик мигрантлар Москвадаги ФМС бўлимида.

Россиядаги меҳнат муҳожирлари 2016 йилнинг биринчи ярмида ишга рухсатнома олиш учун 330 миллион доллар тўлаган. Бу эса¸ ўтган йилнинг айни даврига нисбатан икки баравар кўпдир.

2016 йил бошидан буён Россия Федерациясида ишга рухсатнома – патент расмийлаштирган хорижлик ишчилар турли идораларга 21 миллиард рубль ( тақрибан 330 миллион АҚШ доллари-таҳр.) миқдорида пул тўлаган.

Бу ҳақда журналистларга хабар қилган Россия Ички ишлар вазирлигининг Миграция масалалари бўйича бошқармаси бошлиғи Ольга Кириллова тушумнинг ўтган йилги кўрсаткичларга нисбатан икки баробар ўсишини “патентлаш механизмининг тўлиқ ишга тушгани” билан изоҳлади.

- Миграцияни маъмурийдан хўжалик бошқарув усулларига ўтказиш ўзини тўлиқ оқлади. Россияда қонунан меҳнат қилиш истагида бўлган хориж ватандошлари учун ишга жойлашиш жараёни тезлашди ва осонлашди. 2016 йилнинг бошидан Федерация субъектлари бюджетларига тахминан 21 миллиард рубль тушди. Ўтган йили бу кўрсаткич икки баробар кам эди, деди Ольга Кириллова.

Кириллова ФМС тугатилиб, унинг ваколатлари Ички ишлар вазирлигига топширилгани миграция идоралари ишига деярли таъсир кўрсатмагани, улар ўз вазифаларини тўлиқ бажариб келаётганини таъкидлаб ўтди.

Ольга Кириллова миграция бошқармаси ходимлари йил бошидан буён 10 миллион хорижлик ва Россия ватандошини миграция қайдига олгани, 13 миллион бошқа маълумотнома тақдим этиш ишларини бажаргани, 3 миллион ички паспорт расмийлаштирганини қайд этиб ўтди.

Бошқарма янги раҳбари полиция таркибидаги Миграция идорасини қайта тузиш ишлари ўз якунига етганини ҳам қўшимча қилди. Бу ўзгаришлар натижасида Миграция бошқармаси ходимлари штати 30 фоизга қисқартирилиб, ҳозирда улар сони 27 минг кишига етган.

Айни пайтда, Россиянинг айрим марказий минтақаларида ишчи мигрантлар сонини камайтиришга қаратилган тадбирлар жорий этилмоқда.

Новосибирск вилоятида патент асосида меҳнат қилаётган қатор соҳа мутахассисларига ишлаш тақиқлангани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.

Новосибирск губернатори Владимир Городецкий имзолаган ҳужжатга кўра, минтақада жамоатчилик транспорти, болалар муассасалари, бухгалтерия, ер ости бойликларини қазиш, молия, ўрмончилик, балиқчилик, таксичилик ва яна бир қанча бошқа соҳаларда меҳнат муҳожирларини ёллаш қонун томонидан ман этилди.

XS
SM
MD
LG