Линклар

Ўзбекистонда мажбурий меҳнат учун масъулият фермер зиммасига юкланди


Пахта-2015. Самарқанд давлат университети талабалари пахта теришга олиб кетилмоқда

Пахта-2015. Самарқанд давлат университети талабалари пахта теришга олиб кетилмоқда

Ўзбекистонда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат учун масъулият тўлалигича фермер хўжаликлари раҳбарлари зиммасига юкланди. Бундай масъулият фермер хўжаликлари билан давлат тайёрлов идоралари ўртасида тузиладиган контрактация шартномасига киритилаётган ўзгартишда назарда тутилган. Фермерларнинг айтишларича, бундан буён ҳукумат ўзи жўнатган ҳашарчиларни Халқаро меҳнат ташкилоти вакиллари аниқлаган ҳолда ҳам, бунга ёлғиз жавобгар фермернинг ўзи бўлиб қолади.

Жорий йилнинг июлидан бошлаб Ўзбекистондаги фермер хўжаликларининг тайёрлов идоралари билан янги контрактация шартномаси тузиш тадбири бошланди.

​Озодликка келиб тушган контрактация шартномасига "қўшимча келишув" нусхасида пахта хом ашёси ва уруғлик пахта харид қилиш бўйича контрактация шартномасининг 2.2 бандига қуйидаги тузатиш киритилганини кўриш мумкин:

“Пахта йиғим-терим ишларига теримчиларни жалб қилишда Ўзбекистон Республикаси қонунлари, халқаро шартномалари, шу жумладан Халқаро меҳнат ташкилотининг “Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисида”ги ва “Зўрлаб ишлатиш ёки мажбурий меҳнат тўғрисида”ги конвенциялари” талабларига қатъий риоя қилиш"

Исми сир қолишини сўраган жиззахлик фермерлардан бирининг айтишича, уларга контрактация шартномасига киритилган бу “қўшимча келишув”ни имзолаш мажбур қилиб қўйилган:

“Шартномага бу қўшимча келишувни ҳаммамиз имзолашга мажбурмиз. Энди қаранг, фермернинг даласида ўқувчи ёки мажбуран олиб чиқилган ҳашарчи ушланиб қолса, энди бунга давлат жавоб бермайди. Ахир ўша коллеж ўқувчиларини ҳам, ҳатто Тошкентдан юбориладиган минглаб ҳашарчиларни ҳам ҳукуматнинг ўзи мажбуран жўнатяптику. Агар бирорта халқаро ташкилотдан текширувчи келиб қолса ҳам, “мана бизнинг фермер билан шартномамиз бор, мажбуран ҳеч кимга пахта тергизма деб айтганмиз, биз бу ерда непричем”, деб туроврадида. Охир оқибат калтак яна фермернинг бошида синади”, деди фермер.

Ўзбекистондаги мажбурий меҳнатни мунтазам мониторинг қилиб келаётган Берлиндаги Ўзбекистон-Германия форуми раҳбари Умида Ниёзованинг айтишича, бу “қўшимча келишув” орқали ҳукумат ўзига янги ҳимоя ясамоқда:

“Бу ҳужжатдан келиб чиқадики, давлат пахта терими давомида мажбурий меҳнат учун жавобгарликни фермерларнинг зиммасига юклайди. Яъни, фермернинг ўзи, кимнидир ўз ерида пахта теришга мажбур қилган бўлиб чиқиши мумкин. Аслида эса, бош вазир Мирзиёев ва барча вилоятлар, туманллар ҳокимлари давлат муассасалари ходимларини, студентларни далага чиқишга мажбурлаб келишини биламиз. Ахир фермернинг университетларни ёпишга ва талабаларни ўз даласидаги пахтани териб олиш учун ҳайдашга ҳеч қандай ваколати йўқку? Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги тизимидаги реал холат билан таниш бўлганлар пахта даласидаги мажбурий меҳнатга фермерларни жавобгар қилиш қандай абсурд эканини яхши билишади. Ҳақиқатан ҳам, фермерлар бепул ишчи кучига муттасил муҳтож, уларга субсидиялар керак, аксинча улар банкрот бўлишади. Бироқ бу масалани, фермерларни бошка одамлар ресурси ва меҳнати эвазига эмас, балки қишлоқ хўжалик тизимини ислоҳ қилиш ҳисобидан ечиш керак. Мажбурий мехнат муаммоси албатта факат ҳукуматга тааллуқли”, деди Умида Ниёзова.

Ўзбекистондаги мажбурий меҳнат схемаси. Ўзбекистон-Германия форуми сайтидан олинди.

Ўзбекистондаги мажбурий меҳнат схемаси. Ўзбекистон-Германия форуми сайтидан олинди.

Ўзбекистон ҳукуматининг мажбурий меҳнатга чек қўйиш ҳақида олган мажбуриятларига қарамай бюджет ташкилотлари ишчиларининг дала меҳнатига жалб этилиши ҳар йили кузатилади.

Ҳуқуқ фаоллари Ўзбекистонда ҳукуматнинг арзон пахта етиштириш истаги давлат идора-ташкилотларининг ходимларини мажбурий меҳнатга олиб чиқарилаётганининг асосий омили эканини айтишади.

Ҳозирга қадар жаҳон бўйлаб 130дан ортиқ ширкат Ўзбекистондаги мажбурий меҳнат маҳсули деб кўриладиган ўзбек пахтасини сотиб олишдан воз кечган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG