Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:39

Ўзбекистонликлар Қозоғистонга бориб пахта термоқда


Ўзбекистонда теримчиларга бериладиган ҳақ жуда кам бўлгани боис, Қозоғистонга чегарадош вилоятларда яшайдиган аҳоли қўшни давлатга ўтиб пахта термоқда. Қозоғистонда ишлаётган ватандошларнинг айтишларича, у ерда ҳар килограмм терилган пахтага Ўзбекистондагига нисбатан қарийб икки баравар кўп ҳақ тўланяпти ва ёлланма ишчилар учун қулай шароит яратилган.

Ҳанифа Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманида яшайди. У ҳар йили кузда қўшни Қозоғистонга пахта тергани боради.

Бу йил ҳам Ҳанифа Жанубий Қозоғистон вилоятининг Мактаарал туманидаги фермерлардан бирининг даласида пахта теряпти.

У ва яна тўрт аёлнинг Қозоғистонга келганига уч ҳафта бўлган.

Ҳанифа Озодлик билан суҳбатда овозини ёзиб олишимизни истамади.

Унинг айтишича, меҳнатига тўланадиган ҳақнинг икки баравар кўплиги боис у пахта тергани келган:

“Бу ерда ҳар килограмм терган пахтамизга 25 қозоқ тангасидан пул беряпти. Бу бизнинг 450 ўзбек сўмига тўғри келади. Ўзбекистонда эса ҳар килограмм пахтага 250 сўмдан беради. Лекин шуни ҳам вақтида ва тўлиқ ололмаймиз. Бунинг устига ҳар ўн килодан бир кило скидка қилади. Бу ерда эса скидка ҳам қилишмайди. Ҳар кунлик пахтамизга нақд пул оламиз. Бир кунда 120-150 килогача пахта терамиз”, деди Ҳанифа.

Теримчига кўра, фермер улар учун барча шароитни яратиб берган:

“Бу ерда ишчи кучи кам, шунинг учун ҳам бизни кетиб қолмасин деб, фермерлар шароит яратиб берган. Эрталаб, чой, нон, сариёғ, шакар беради. Тушликда ва кечқурун иссиқ овқат. Ётар жойимиз ҳам яхши. Буларнинг ҳаммаси фермер ҳисобидан”, деди Ҳанифа.

Жиззах вилоятининг “Дўстлик” туманида тракторчилик қилаётган Ҳайдаржон ҳам уларнинг маҳалласидан қарийб ўн нафар одам Қозоғистонга пахта тергани кетганини айтди:

“Қозоғистонда қариндошларимиз бор. Улардан бири фермер, пахта етиштиради. Одам олиб келинглар, деди. Хотиним ва қўни-қўшнилар бир гуруҳ бўлиб кетишди. Телефонлашиб турибман, ҳар куни юз килодан ортиқ пахта теришяпти экан”, деди Ҳайдаржон.

Жиззах вилоятининг Мирзачўл тумани ҳокимиятида ишлайдиган Озодлик манбаси ўзбекистонликларнинг Қозоғистонга ўтиб пахта тераётганини инкор қилмади:

“Бу бор нарса. Лекин аввалги йилларга нисбатан камайган. Чунки илгари Мирзачўл тумани билан Мактаарал тумани ўртасида чегара ўтказув пости бор эди. Ўша пайтда минглаб ўзбекистонликлар Қозоғистонга ўтиб пахта теришарди. Етти-саккиз йил бурун бу постни ёпишди. Лекин одамлар энди Чиноздаги постдан ўтиб, 250-300 километр ортиқча йўл босиб, пахта тергани кетишяпти. Лекин айни пайтда қанча одам кетгани аниқ эмас”, деди ҳокимлик мулозими.

Жанубий Қозоғистон вилоятининг Мактаарал туманидаги фермерлардан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, унинг пахтасини асосан ўзбекистонлик теримчилар тераётганини айтди:

“Менинг даламга ҳар йили Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманидан йигирмага яқин одам пахта тергани келади. Қўшни фермерларимизда Фарғона, Наманган вилоятларидан келган теримчилар ҳам бор. Ўзимизнинг маҳаллий аҳолига килосига 30 тангадан берсанг ҳам термайди. Ўзбекистонликлар эса зўр, 20-25 тангаданга ҳам тераверишади”, деди фермер.

Ўзбекистонда бу йил ҳар килограмм терилган пахта учун 250-260 сўмдан ҳақ бериляпти. Агар теримчи бир кунда ғайрат қилиб 100 килограмм пахта терса, 25 минг сўм бўлади. Бу қора бозор курсида 4 АҚШ долларига тенг. Теримчининг овқати ўзининг ҳисобидан бўлади.

Айни пайтда, Қозоғистонда 100 килограмм терилган пахтага 7,5 АҚШ доллари миқдорида пул тўланяпти. Теримчиларнинг уч маҳал овқати ва ётар жойи ҳам иш берувчи ҳисобидан бўлмоқда.

Ўзбекистондаги нақд пул тақчиллиги, терим ҳақининг ўз вақтида берилмаслиги, терилган пахта вазнидан чегириб қолиниши ҳам ватандошларни иш ҳақи кўпроқ ва нақд пул берадиган Қозоғистон томон боришга ундамоқда.

XS
SM
MD
LG