Линклар

Пентагон Қундуз шифохонаси бомбардимон қилинганига оид ҳисоботни очиқлади


Ўтган йилнинг кузида Афғонистоннинг Қундуз шаҳрида бўлган ва "янглишиб" шаҳардаги шифохона бомбардимон қилинган жангларда иштирок этган АҚШ ҳарбийлари воқеа жойидаги "алғов-далғов ҳамда саросима" ҳақида сўзлаб беришди.

Пентагон 9 май куни эълон қилган ҳисоботда ёзилишича, афғонистонлик ҳамкасбларига маслаҳатчи сифатида ёрдам бериш учун юборилган АҚШ ҳарбийлари душман ҳужуми ортидан жангда иштирок этишга мажбур бўлганини айтишган.

Ўтган йилнинг сентябрь ойида толиблар қисқа муддат Қундузни эгаллаб олган эди. АҚШнинг “Яшил берет” махсус амалиёт қўшинлари ўшанда Афғонистон кучлари гангиб қолгани, шунинг учун уларга ёрдам беришга мажбур бўлгани ҳақида гувоҳлик беришган.

700 саҳифадан иборат ҳисоботда ёзилишича, исми ошкор қилинмаган ҳарбий “У ерда ҳеч биримиз ҳеч қачон кўрмаган тайёргарлик ҳамда координацияга дуч келдик”, деган:

“У ерда турли мамлакатлардан келган хорижликлар иштирок этгани ҳақида бир неча ҳисобот эълон қилинди. Улар ҳозирга келиб тасдиқланган. Шаҳарни қайта олишга уринар эканмиз, биз тарафга минглаб ўқ отилди. Қандай қилиб ҳеч ким ўлмагани, ҳатто, жароҳат олмагани мўъжизадир”, деган америкалик ҳарбий.

Аскар яна Афғонистондаги АҚШ кучларида стратегия йўқлигини танқид қилиб, бу ҳол хаосга олиб келганини айтган.

Яна бир хорижий махсус кучлар жангчиси бошлиқларидан Афғонистон кучларига қанчалик даражада ёрдам бериш кераклиги ҳақида қайта-қайта сўрагани, аммо жавоб ололмаганини айтган.

“Қанчалик даражада ёрдам беришимиз керак?” деган саволга “Қанчалик даражада ёрдам беришни истайсизлар?” деб жавоб бериш яхши эмас”, деган аскар. У АҚШ ҳарбийларида стратегия бўлмагани, бунинг оқибати уруш муҳитида ҳар доим ачинарли бўлишини қўшимча қилган.

Ўтган йилнинг 3 октябрида “Чегара билмас шифокорлар” ташкилотининг Қундуз шаҳрида жойлашган шифохонаси бомбардимон қилинган, натижада 42 тиббий ходим ҳамда бемор ҳалок бўлган эди.

Гувоҳлик берган АҚШ ҳарбийларининг бирортаси бундай бўлишига урушда қатнашиш қоидаларини билмаслик сабаб бўлганини айтмаган.

Пентагон аввалроқ эълон қилган билдирувда қатор хатолар ортидан шиддатли жангларда иштирок этаётган Lockheed AC-130 ҳарбий самолёти экипажи шифохонани адашиб, толиблар қўлидаги бино деб билгани ва уни бомбардимон қилгани айтилган эди.

Пентагон бу ҳодиса ортидан 16 аскар ва расмийни жазолади. Аммо шифохона атайин бомбардимон қилинмагани учун бу ҳужумни уруш жинояти сирасига қўшмаган.

XS
SM
MD
LG