Линклар

Смартфонлар учун мўлжалланган Pokemon Go ўйини айрим фойдаланувчилар бошига бало бўлмоқда. Хабарларга кўра, ўйинга берилиб кетган баъзи фойдаланувчилар автомобиль авариясига учраган, ўғриларга дучор бўлан. Ҳатто икки ўйинчи жар учидан қулаган.

Аммо Россиянинг “Биринчи канал”и учун бу ҳолатларнинг ўзи етарли бўлмади. Телеканал ҳақиқатан содир бўлган айрим ҳодисалар ҳақида хабар қилди, аммо ўйин ҳақидаги лавҳа давомида АҚШнинг Окленд шаҳрида бўлиб ўтган, мавзуга умуман алоқаси бўлмаган намойиш видеосини ҳам кўрсатди.

Хабар видеосида беш қаторли магистралга тўпланаётган одамларни кўриш мумкин. Видеода яна йўлдаги автомобиллар тўпланган одамларни четлаб ўтишга ёки тўхташга мажбур бўлаётгани акс этган.

“Биринчи канал” мухбири “Бу видеода Pokemon овига чиққанлар серқатнов йўлга ўзларини ташлаётганини, машиналар эса зўрға тўхтаётганини кўриш мумкин”, дея таъкидлайди.

Ёлғон хабарни рус журналисти Алексей Ковалёв кўриб қолган. Ковалёв етакчилигидаги “Лапшеснималочная” лойиҳаси пропаганда ёки ёлғон хабарларни фош қилиш билан шуғулланади.

Ковалёв эфирга узатилган видео аслида Окланд шаҳрида полиция ходимлари томонидан икки қора танли кишининг ўлдирилишига қарши 8 июль куни уюштирилган намойишдан олинганини аниқлади.

““Биринчи канал” ҳатто Pokemonлар ҳақидаги хабар бераётганда ҳам ёлғон гапирмай туролмайди”, деб ёзди Ковалёв.

Pokemon Go ўйинини ўйнаш учун фойдаланувчилар ўз мобил мосламалари ёрдамида ҳақиқий ҳаётда мавжуд бўлган жойларда виртуал жонзодларни “овлайдилар”. Ўйин ҳали Россияда расман эълон қилингани йўқ. Бунга қарамасдан, ўйин мамлакатда катта шов-шувга сабаб бўлмоқда. Россиялик айрим консерватив расмийлар ҳамда хавфсизлик хизмати ходимлари ўйинга шубҳа билан қарамоқда.

Ультрамиллатчилар ҳамда хавфсизлик хизматининг собиқ ходимлари ўйин ортида АҚШ Марказий разведка бошқармаси турганини, ўйин ёрдамида америкаликлар жосуслик қилаётганини иддао қилишди.

Уларга кўра, Pokemon ўйинини ўйнаганлар ўз смартфонлари камерасини Россия ҳудудидаги муҳим жойларга қаратадилар. Америкаликлар эса ўйинчилардан олинган маълумотни сақлаб оладилар.

Санкт-Петербургда жойлашган ташкилот ўйин “шайтонни эслатишини” айтди. 20 июль куни эса Коммунистик партия депутати Федерал хавфсизлик хизматини ҳамда Коммуникация вазирлигини ўйинга тўсиқ қўйишга чақирди.

XS
SM
MD
LG