Линклар

Қашқадарë Ички ишлар бошқармаси собиқ бошлиғи ҳайдовчиси¸ 28 яшар Баҳодир Ҳамроев пора эвазига милицияга ишга жойлаш билан шуғулланиб келганликда гумонланиб ўтган ҳафта ҳибсга олинди.

Ҳамроев ишлаган Қашқадарë ИИБдаги Озодлик манбасининг айтишича¸ фирибгарлик ва пора олди-бердисида айбланган милиция ходими МХХ тарафидан ҳибсга олинган:

- Ўзи ИИБда ҳайдовчи бўлса ҳам, ҳужжатини кўрсатиб одамларни милицияга ишга киритаман деб воситачилик қилиб келган. Шу йил Ички ишлар бошқармасига янги бошлиқ тайинланганидан кейин бу одам ишдан бўшатилди. Янги раҳбар подполковник Дилшод Турсунбоев ички текширув ўтказиб, бу одамни ўз xоҳишига кўра ишдан кетказди. Лекин у ишдан кетганидан кейин ҳам 11 та одамни ишга киритаман, деб пора олган. Пора берганлардан бири иши битавермаганидан кейин унинг устидан ëзиб берибди. СНБ қўлига кишан солиб опкетди. Ҳозир вилоят ИИБси да Ҳамроев билан биргаликда ишлаган гуруҳ устидан текширув кетмоқда¸ дейди манба.

Бу ҳақдаги маҳаллий матбуот ҳабарида Ҳамроев айбсизлик презумциясига қарши тарзда қораланган ва унинг битта ўзигагина эътибор қаратилган.

Ўзбекистон ИИВлигига яқин Озодлик манбаси эса¸ қашқадарëлик ИИБ ҳодимининг бутун республика бўйлаб давом этаëтган ички ишлар тизимларини тозалаш рейдлари давомида қўлга олингани ва бу ҳолатда уюшган жиноятчилик аломати борлигини таъкидлади:

- Милиция раҳбарларининг ўз ҳайдовчиларини пора олишда воситачи қилиб қўйгани ягона ҳолат эмас. Яқинда Андижон ЙПХ бошлиғи ҳам ҳайдовчиси орқали пора олганликда айбланиб қўлга олинди. Ўзи бу ишларни Ички Ишлар вазирлиги ички хавфсизлик тизими ҳал қилиши керак эди. Лекин улар бу ишларни бекитиш билан банд. Шунинг учун ҳам СНБ рейдлар ўтказмоқда¸ дейди манба.

Суҳбатдошга кўра¸ Қашқадарëлик милиция ходими устидан Ўзбекистон ЖПКнинг 168-моддаси “фирибгарлик” ва 212-модда "Пора олиш-беришда воситачилик қилиш" бўйича жиноят иши очилиб¸ тергов қилинмоқда.

Озодлик шу кунларда МХХ тергов изоляторида қолаëтган Ҳамроевнинг яқинлари билан ҳам боғланди. Исми айтилмаслиги шарти билан гапирган Ҳамроев қариндошларидан бирига кўра¸ маҳбусни жиноятга ундаган ИИБ ходимлари барча айбни Ҳамроев зиммасига юклаб¸ ўзлари қутулиб қолиш пайига тушган:

" Ҳамроевни амнистияга тушириб қутқариб оламиз¸ барча айбни ўз зиммасига олсин¸ деб босим қилиб ëтишибди ИИБдагилар. Лекин Ҳамроев порани бошлиққа олиб бориб берган¸ холос¸ дейди манба.

Озодлик манбаларига кўра¸ кейинги бир ой ичида ўнга яқин милиционернинг порахўрликда айбланиб қўлга олиниши¸ Наманган ва Андижон ИИБларидаги рейдлар муваққат президент Шавкат Мирзиëевнинг коррупцияга қарши кураш борасидаги баëнотлари билан боғлиқ тадбирлардир.

Қароқчи милиционерлар

Ўзбекистонда милиция ходимларининг турли хил айбловлар билан ҳибсга олиниши тез-тез кузатилади.

Жорий йилнинг 11 октябрь куни Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи Бахтиёр Раҳмонқулов ҳибсга олиниб, унинг устидан жиноят иши қўзғатилган эди.

Озодликнинг вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирида ишлайдиган манбасига кўра, Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарё вилоятига сафари пайтида қўлга олинган собиқ милиция бошлиғи мансабини суиистеъмол қилганлик ва молиявий жиноятларда айбланмоқда.

Жорий йил сентябрь ойида Наманган вилояти ИИБ Хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими ходими порахўрлик ҳамда катта миқдордаги маблағни талон-тарож этганликда айбдор деб топилиб¸ 8 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Шунинфдек¸ 16 сентябрда Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи¸ унинг ҳайдовчиси билан бирга яна олти нафар милиция ходими пора олганликда айбланиб, ҳибсга олинди.

2016 йилнинг июнь ойида Сирдарёда балоғат ёшига етмаган қизни зўрлаган милиция ходимлари қамоққа олиниб, улар устидан жиноят иши қўзғатилган эди. Март ойида эса Фарғона вилояти Бешариқ тумани Ички ишлар бўлимининг катта лейтенанти маҳаллий тадбиркорни отиб ўлдирганликда гумонланиб ҳибсга олинди.

XS
SM
MD
LG