Олтинсойлик фермер расмийлар сансалорлиги туфайли ерини ололмай овора. Тошкент вилоятида чиябўрилар одамларнинг мол-қўйини еб кетмоқда. Профессор адабиёт дарслигини ёзишда таниш-билишчиликка йўл қўйилаётганини танқид қилди.
________________________________________________________________
Сурхондарёда судья ўзи чиқарган қарорни... ўзи бекор қилди
Сурхондарё вилояти Олтинсой туманидаги “Ҳайрондара умиди” фермер хўжалиги раҳбари Ғуломжон Қаҳҳоров суд ва ҳокимлик сансалорлиги туфайли қонунан ўзига тегишли ерни ололмай юрибди (“Жамият”, 21 апрель). Гап шундаки, Олтинсой тумани ҳокими 2016 йил 27 июлда фермер хўжалигига 4,5 гектар ер ажратиш ҳақида қарор чиқарган. Фермернинг бош оғриғи ушбу қарор қабул қилинганидан кейин бошланган. Фуқаро Р.Камолов қудаси – Олтинсой туман фермерлар кенгаши раиси Аҳмад Мажидовни ишга солиб, маҳкама жараёнида ҳоким қарорини бекор қилишга эришган. Энг қизиғи, суд битта иш юзасидан турлича қарорлар чиқарган. Масалан, фуқаролик ишлари бўйича Бойсун туманлараро суди судьяси О.Бердиев 2016 йил ноябрда ўзи чиқарган ҳал қилув қарорини ўзи бекор қилади. Хабар қилинишича, фермернинг саргардонлиги ҳамон давом этмоқда.
Тошкент вилоятида чиябўрилар кескин кўпайиб кетди
Тошкентнинг вилоятининг Оҳангарон, Ангрен, Қибрай, Бўстонлиқ, Зангиота, Паркент ва Чиноз туманларида бўри ва чиябўрилар кескин кўпайиб кетди ва тунлари маҳаллалар ораламоқда. Бу ҳақда “Даракчи” нашри хабар беради. “Маҳалламизда чиябўрилар пайдо бўлган, кечаси кимнингдир мол ёки қўйини еб кетяпти. Туни билан увиллаб чиқади, одамлар бемалол юришга ҳам қўрқиб қолган” дейди Зангиота туманида яшовчи Гулнора Амиржонова. Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Р.Файзиев бўри ва чиябўрилар кескин кўпайиб кетганини тан олган ҳолда, Тошкент вилояти овчилар бирлашмасига йиртқичларни отишга рухсат берилганини маълум қилган. Қайд этилишича, фуқаролар бўри ва чиябўриларни йўқ қилиш бўйича вилоят овчилар бирлашмасига мурожаат қилиши мумкин.
Профессор Наим Каримов адабиёт дарслиги бўйича таниш-билишчилик таълим сифатига салбий таъсир кўрсатаётганидан баҳс этди
Адабиёт дарсликларига муаллифлари ўз таниш-билишларини киритмоқда, бу ҳол эса дарсликларнинг йил сайин ўзгартириб, қайта нашр этилишига сабаб бўлмоқда (“XXI аср”, 2017 йил 16-сон). “Камида тўрт-беш йил ҳалол хизмат қиладиган барқарор дарсликлар ҳамон яратилмаяпти. Бу ҳол шундай давом этса, айтинг-чи, ўқувчиларда китобга муҳаббат туйғуси қандай пайдо бўлади?” деган профессор Наим Каримов. Олим китобхонлик муаммосига ҳам эътибор қаратиб, ёш авлод китобхондан узоқлашиб бораётгани хавотирли эканини айтган. “Дунё тугул, биргина одамзодни ўзгартиришга ҳам адабиётнинг кучи етмаяпти. Жамиятнинг ҳаётий жараёнга таъсир ўтказувчи бошқа институтлари ўз вазифаларини ҳалол бажарсагина адабиёт, адабий тарбия самара бериши мумкин”, деган Н.Каримов.